Оилага тиргак бўлган мустаҳкам устун
“SOS – Болалар маҳалласи” Ўзбекистон Миллий уюшмаси Хоразм вилоят филиали ижтимоий марказининг ёрдамида бир оиланинг тинчлиги сақлаб қолинди, ободлигининг таъминланишига кўмаклашилди.
Оила – ўзаро меҳр-муҳаббат, қалб қўри ила бунёд бўлган муқаддас даргоҳ. Оила – беназир гўша, уни ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Аммо Ватан ичра Ватан дея аталмиш бу даргоҳда фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйган, ёҳуд уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланмаётган масъулиятсиз ота-оналар йўқ дейсизми? Ҳатто оиладаги доимий жанжаллар, эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар фарзандлар руҳий ҳолатига, келажагига, оила иқтисодий аҳволига салбий таъсир ўтказишини улар бир тасаввур қилиб кўришармикан?!
Уюшманинг Урганч шаҳридаги ижтимоий марказининг беғараз кўмагида бир хонадон ободлиги таъминланди. Оила аъзолари ҳаётда ўз ўринларини топишга муяссар бўлдилар. Сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган оиланинг тўрт нафар аъзоси бор. Эр-хотин ва икки нафар фарзанд. Бироқ, оила боши бўлган эр доим уйга маст ҳолда келиб жанжал кўтарарди. Хотин эса новвойхонада ишлаб топган пулини рўзғорига ишлатади. Аммо, унинг не машаққатлар билан топган пули ундан ортиғига етмайди. Етишмовчилик сабаб оиланинг катта ўғлини давлат таъминотидаги интернатга беришган.
Ижтимоий марказ ходимларининг бу оилани дастур асосидаги тадбирларга жалб қилишлари осон бўлмади. Она билан алоҳида шуғулланишга тўғри келди. Аёл марказда амалга оширилаётган ишлар билан батафсил танишгач, бу ерга келиб турли йўналишларда сабоқ ола бошлади. Оилага марказ томонидан берилган маърифий, руҳий ва тарбиявий сабоқлар ўз натижасини кўрсатди. Катта ўғли уйининг ёнидаги мактабда таҳсил олиб, Болалар ижтимоий маркази қошида ташкил қилинган тўгаракларга қатнай бошлади. Онанинг ўзи эса муаммолар ечимини топиш, болалар таълим-тарбияси, оила даромадини қандай қилиб кўпайтириш мумкинлиги сингари мавзуларга бағишланган ота-оналар клублари машғулотларида фаол иштирок этди.
Орадан бироз вақт ўтиб, аёл эрига марказ ҳақида айтганида эри ҳам улар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан батафсил танишгиси келди ва мутахассислар билан учрашиб, суҳбатлашди. Суҳбат чоғида ота-оналарнинг қобилиятлари ўрганиб кўрилди. Эр илгари новвойлик билан шуғуллангани боис бандлик билан шуғулланувчи мутахассис ходим унга оилавий бизнесни қандай қилиб йўлга қўйиш мумкин, деган масала юзасидан маслаҳатлар берди ва йўл-йўриқлар кўрсатди.
Шундан сўнг эр ушбу соҳада фаолият олиб борувчи тадбиркор билан ҳамкорликда ишлай бошлади. Ишнинг самарадорлиги ва сифатига алоҳида аҳамият берилгани боис буюртмачилар ҳам кўпайди.
Меҳрибон она фарзандлари тарбияси билан жиддий шуғулланмоқда. Болаларда ўзларига ишонч уйғонди. Оила бошлиғи ҳам ёмон одатлардан ўзини тийди, рўзғор ташвишларига, фарзандлари тарбияси ва келажагига жиддий, масъулият билан қарай бошлади. Муҳими, бахтли яшаши, оиласи обод бўлиши учун ҳамиша изланиши, меҳнат қилиб, ўзи ва бошқаларни ҳам қувонтира олиши зарурлигини англади.
Дилбар Бекжонова