Грант олиш учун танлов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Грант олиш учун танлов эълон қилади
Танлов мавзуси: “Обод турмуш йили” Давлат дастурини амалга оширишда ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга, бандлигини оширишга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳоли турли қатламларига манзилли ижтимоий кўмак кўрсатишга йўналтирилган бошқа ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни бажаришда ННТ ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзаро ижтимоий шерикчилигини кучайтириш.
Танловда Ўзбекистон Республикасининг нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади:
– аёллар ва ёшларни, ёш оилаларни, имконияти чекланган фуқароларни ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож бошқа қатламларини ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш;
– аёллар ва ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини, реаблитациясини, бандлигини таъминлашни янада кучайтириш, мамлакатимиз ҳудудларида ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш;
– аҳолига янги иш ўринлари яратиш ва ишга жойлашишларига ёрдам кўрсатиш;
– ҳудудларимизда, айниқса, узоқ қишлоқ ҳудудларида, оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик, касаначилик ва халқ ҳунармандчилигини, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа шаклларини ривожлантиришга янада кўмаклашиш;
– ёшларни, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш учун шароитлар яратишга ёрдам бериш;
– аёллар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, узоқ туманлар ва қишлоқ ҳудудларида уларнинг касбий таълими сифатини яхшилаш;
– жамиятимизнинг маънавий асосларини янада ривожлантиришда оиланинг роли ва аҳамиятини оширишга, жамиятимизда азалий миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни, одоб-ахлоқ тамойиллари ва соғлом турмуш тарзини янада мустаҳкамланишига кўмаклашиш;
– аҳолининг ҳуқуқий онгини шакллантириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш.
Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
1. Жамоат фонди номига грант лойиҳаси тақдим этилаётганлиги ҳақидаги кузатув хати;
2. Жамоат фондининг www.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган грант олиш учун лойиҳа ва унинг СD-дискдаги электрон варианти;
3. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
4. Низом нусхаси (ташкилот муҳри билан тасдиқланган ўзгариш ва қўшимчалар билан). Бундан ташқари, тақдим этилаётган ҳужжатларга манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсияномаси ва мазкур лойиҳанинг қўллаб-қувватлаш хати илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 15 млн. сўмгача. ННТларнинг ўз маблағларини жалб этилиши ва ижтимоий шериклик қўллаб-қувватланади.
Танловда давлат рўйхатидан ўтган нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этишлари мумкин.
Ҳужжатлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб 2013 йил 22 апрель соат 18-00 га қадар қабул қилинади.
Танлов бўйича ҳужжатлар муҳрланган конвертда (А-4 формат): 100035, Тошкент шаҳри Бунёдкор шоҳ кўчаси, 1-уйда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди номига юборилиши шарт.
Танловда иштирок этиш шартлари ва танлов ҳужжатларининг намуналари билан Жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун тел: 239-26-76, 239-26-64.