Хорижда кимлар даволанади?

Германиялик шифокорлар юртимиз бўйлаб бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илғор хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалиётларига кенг ўрин берилиб, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган тиббий кўриклар фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, немис шифокорлари туғма юрак нуқсони бор, ногирон бемор болалар саломатлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатмоқда. Айни пайтда 35 нафар бемор бола Германия клиникаларида соғломлаштирилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Куни кеча германиялик шифокорларнинг бир гуруҳи юртимизга ташриф буюрди. Уларнинг биринчи манзили Наманган ва Фарғона вилоятилари бўлди. Кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларида ташкил этилган тиббий кўрик давомида хорижлик мутахассислар алоҳида тиббий ёрдамга муҳтож болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Унга кўра, туғма ногирон ва бемор болалар тезкор даволаш учун саралаб олинди. Ҳаракат таянч тизимининг туғма ирсий касалликлари, жароҳат асоратлари, овқат ҳазм қилиш тизимида туғма нуқсони бор ва бошқа хасталиклар бўйича жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари алоҳида кўрикка жалб қилинди.

– Бемор болалар орасида урологик касалликларга чалинганлари ҳам бор, – дейди Фарғона вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази врач-урологи Сулаймон Исоқжонов. – Ўтган йили пешоб йўли тизимида нуқсони бўлган 530 нафар болани жарроҳлик йўли билан даволашга эришдик. Вилоятимизда бу соҳада катта салоҳиятга эга мутахассис шифокорлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг муолажалари билан касаллик асоратидан бир умрга халос бўлган болалар кўп. Бугун германиялик ҳамкасбларимиз билан бу борада тажриба алмашдик.

Шундан сўнг Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди.Тиббий-ижтимоий марказда туғма нуқсонли, куйиш ва жароҳат асоратларидан азият чекаётган болалар тиббий текширувдан ўтказилди, мутахассислар томонидан тавсиялар берилди. Уларнинг айримлари Германия клиникаларида даволанадиган бўлди.

Яна ўқинг:  Шифохонадаги навбатнинг “навбати” ўтмадимикан?

Тошкент шаҳридаги 4-сонли SОS болалар махсус интернати тарбияланувчиси Шохруҳ Нурматов 11 ёшда. У юз қисмида оғир куйиш асоратидан азият чекади.

– Кўрикка икки нафар тарбияланувчимизни олиб келдик, – дейди Тошкент шаҳар 4-сонли SОS болалар махсус интернати хамшираси Матлуба Ҳайдарова. – Шохруҳ Нурматовга Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида даволанишга тавсия берилди. Скаблиани Гарбянга Германияда даволашга йўлланма берилди. Бунинг учун шифокорлардан миннатдормиз.

– Ўзбекистон аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доимий эътибор қаратиб, бу борада салмоқли ютуқларга эришаётган давлатлардан биридир, – дейди Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти директори ўринбосари Кевин Дахлбрук. – Шу боис, узоқ истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик биз учун ҳам мақсадга мувофиқ. Келгусида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Мазкур хайрия акцияси мамлакатимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий-тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишларнинг яна бир ифодаси бўлди.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: