Туризм: Ўзбекистон дунё нигоҳида

Бугунги кунда туризм жаҳон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Ўзбекистонда ҳам туризм саноатини модернизация қилиш, соҳани янада ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, миллий туризм маҳсулотларини кўпайтириш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, туризм тармоғини бошқаришни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтаётган “Дам олиш дунёси – 2017” V халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси фикримизнинг далилидир.

Ушбу халқаро кўргазма Ўзбекистонда баҳор-ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган ўзига хос лойиҳа бўлиб, хорижликларни мамлакатимиздаги дам олиш масканларига кенг жалб қилиш, ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизнинг чет элларга саёҳатини уюштиришда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазма маҳаллий ва хорижий туроператорларга янги мавсум олдидан ўз хизмат ва имкониятларини намойиш этиши, корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиш, таътил мавсумига оид режалар ишлаб чиқиш учун қулай имкониятлар яратади.

Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан биридир. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз бутун дунёда қадрланади. Мамлакатимизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, тарихий ва маданий туризм, тиббий, этник, спорт йўналишлари, альпинизм каби кўплаб турлари изчил ривожланмоқда. Барча ҳудудларда янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилмоқда, транспорт коммуникациялари ва хизмат кўрсатиш изчил яхшиланмоқда.

Мамлакатимизга келаётган сайёҳлар тобора кўпаймоқда. Масалан, ҳар йили Ўзбекистонга дунёнинг турли минтақаларидан 2 миллиондан ортиқ сайёҳ келмоқда. Уларнинг аксарияти Германия, Франция, Италия, Корея Республикаси, Япония, Хитой, Малайзия, Россия, Ҳиндистон фуқароларидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 530 дан ортиқ туроператор ва агентлик, 430 меҳмонхона фаолият юритмоқда. Юртимизда дунёга машҳур отеллар билан бирга кичик гуруҳларда ва оилавий саёҳат қилувчилар учун хусусий меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда. Дам олиш туризми сайёҳлик бизнесининг талаб юқори бўлган соҳаларидан биридир.

“Дам олиш дунёси”да ички ва халқаро туризм, илмий ва соғломлаштириш туризми, сайёҳлик маъмуриятлари ва миллий офислар, туризм агентликлари ва туроператорлар, меҳмонхоналар, санаторий-курорт мажмуалари, дам олиш масканлари, авиаташув, транспорт ва суғурта компаниялари, онлайн брон қилиш тизимлари каби бўлимлар ишлаб турибди.

Мамлакатимизда ички туризм ҳам тобора ривожланмоқда. Ҳар йили кўплаб ватандошларимиз юртимиз бўйлаб саёҳат қилмоқда. Вилоятларнинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, манзилли дастурлар амалга оширилмоқда. Туризм маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқиб, уларни ички ва халқаро туризм бозорларида тарғиб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқиш, соҳада реклама-ахборот фаолиятини кенг йўлга қўйиш, гидлар ва бошқа ходимларнинг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  Бугундан бошлаб барча мобил қурилмалар автоматик тарзда рўйхатга олинади

Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимизнинг барча ҳудудидан сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. Махсус экспозицияларда дастурхонга тортилган ўзбек миллий таомлари ва турли мева-сабзавотлари, ўзбек миллий либослари намойиши, миллий мусиқий меросимиз, ҳудудларнинг фольклор санъатига оид тақдимотлар тадбир қатнашчилари, айниқса, хорижлик меҳмонларга манзур бўлаётир.

Халқаро сайёҳлик форумида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенг жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр алмашилмоқда, ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хорижий сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланаётир. Хусусан, кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид ҳужжат имзоланди.

Кўргазма доирасида “Tashkent Food Festival” миллий таомлар фестивали ҳам очилди. Фестивалда иштирокчилар миллий таомларимиз, саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева-сабзавотлардан баҳраманд бўлаётир.

Бешинчи маротаба ўтказилаётган кўргазмада Бельгия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Россия, Сингапур, Таиланд, Туркманистон, Туркия, Франция, Хитой, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби мамлакатлардан 200 га яқин фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.

“Дам олиш дунёси” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг улкан туризм салоҳияти билан кенгроқ таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, уларнинг Ўзбекистон бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлашига кўмаклашишга, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади.

 

Н.НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: