Орзулар қанотида

Бу оламнинг таъриф-тавсифи ижодкорликда янада аниқ намоён бўлади. Бастакор яратган куйида, қўшиқчи ижросида, ёзувчи асарида, олим янгилигида унинг кучу қудратини ҳис этади. Мусаввирликда у бутунлай фалсафий кўриниш касб этиб, бу туйғу рангларга кўчиб жилоланаверади…

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти дастгоҳ ва китоб графикаси факультетининг тўртинчи курсида таҳсил олаётган ёш рассомлар Мадина Юсупова, Юнус Фармонов, Шаҳноза Қосимова, Дилафрўз Исоқова, Камола Рўзиева, Динара Умарова, Зулфия Назирова, Севара Ўткирова, Раъно Маметова чизган картиналарда орзулар тасвири шунчалик маромига етганини кўриб, унинг чексиз, чегарасиз эканига ишонмоқдан ўзга илож қолмайди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ёш истеъдод эгалари муаллифлигида ташкил этилган “Орзулар қанотида” кўргазмасига келган иштирокчиларнинг кўнглидан шундай ўй кечади.

Халқаро маданият карвон саройи директори Ф.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар юксак самара бераётганини таъкидлади.

Институтда талабаларга санъатнинг энг ноёб турларидан сабоқ берилади. Графиканинг офорт, литография, линогравюра, шинкале каби усуллари шулар жумласидан. Таниқли мўйқалам соҳиби Наримон Шарипов бу йўналишда ижод қилиб, талабаларга унинг сири ва техникасини ўргатиб келмоқда. Мазкур кўргазмада иштирок этаётган ёш ижодкорлар устози ўргатган бу мураккаб санъат турини пухта ўзлаштириб келаётир.

– Экспозициядаги “Навоий ғазалларига иллюстрациялар”, “Бобур рубоийлари туркумидан”, “Дилором”, “Лабиринт эгаси”, “Ақл ўйинлари”, “Чорбоғ чиғоноқлари”, “Тошлардан яралган табиат”, “Лирика” каби суратларда профессионал ижодкорликни кўргандай бўласиз, – дейди рангтасвирчи рассом А.Калонов. – Уларнинг қайсидир жиҳати маромига етмаган бўлиши мумкин, лекин бу талабалар ижод маҳсулидир. Шу маънода ёшларнинг изланиши, ўз ишига астойдил меҳр қўйгани ва орзу-истакларини санъатсеварларга улашгани қувонарлидир.

Кўргазмага қўйилган Д.Исоқованинг “Ҳижрон”, “Куз оқшоми”, К.Рўзиеванинг “Ёз”, “Ўйин”, Р.Маметованинг “Сув париси”, “Юрак ҳолати”, Ю.Фармоновнинг “Иллюстрация”, “Этюд”, М.Юсупованинг “Завод”, Ш.Қосимованинг “Тошкент”, “Фарғоналик келин”, С.Ўткированинг “Натюрморт”, З.Назированинг “Япон достонига иллюстрация”, Д.Умарованинг “Садди Искандарий” каби асарларини мухлислар катта қизиқиш билан томоша қилаётир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Kelajakni qaysi alifboda quramiz?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: