Силнинг давоси бор

Бугунги кунда сил хасталиги дунё миқёсида ижтимоий хавфли касалликлар сафида туради. Мамлакатимизда бу дардга чалинган беморларга бепул ташхис қўйилиб, беғараз стационар хизматлари кўрсатилади.

Сил қўзғатувчиси 1882 йилда Роберт Кох томонидан аниқланган. Унинг микобактерияси ҳаёт фаолияти давомида турли ферментлар фаоллиги билан узвий боғлиқ бўлади. Дорилар микобактерияларга уларнинг ферментатив фаоллигини сусайтириш орқали таъсир этади. Инфекция таъсири организмга қандай йўл билан тушиши, унинг миқдори, вирулентлиги ҳамда организмнинг сезгирлиги, индивидуал қаршилик кўрсата олиш хусусиятлари билан белгиланади. Юқори вирулентли микобактериялар сезгир организмда кўпаяди ва касаллик ўчоқларининг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Сил – юқумли касалликлардан бўлиб, уни микобактериялар юзага келтиради. Касаллик тананинг барча аъзоларини, айниқса, ўпкани шикастлайди. Бемордан соғлом одамга ҳаво-томчи йўллари орқали юқади. Хаста одам гаплашганда, йўталганда, аксирганда, идиш-товоқлари соғлом одам билан бирга бўлганда бу инфекция юқори даражада хавфли бўлади.

Микобактериялар ҳавода узоқ вақт сақланиши мумкин. Айниқса, кам шамоллатиладиган хоналарда, қуёш нури тушмайдиган нам жойларда микобактериялар узоқ муддат яшайди.

Хасталик асосан иммунитети паст инсонларда кузатилади. Касалланиш белгилари икки ҳафтадан ортиқ давом этадиган йўтал, кўп балғам ажратиш, бироз иситманинг кўтарилиши билан кузатилади. Шунингдек, тунда кўп ва совуқ терлаш, ҳолсизланиш, иштаҳанинг сусайиши, вазн йўқотиш, кўкрак қафасида оғриқ, қон туфлаш каби белгилар билан намоён бўлади.

 Таъкидлаш жоизки, кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик одам иммунитетининг пасайишига олиб келади ва сил билан касалланиш эҳтимолини янада оширади.

Сил касаллиги бедаво эмас. Беморлар касаллик белгилари намоён бўлган вақтданоқ кечиктирмай тезда мутахассис шифокорларга мурожаат этишлари ва тўлиқ даволаниш курсини ўтишлари уни даволашнинг асосий шартларидан биридир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ушбу хасталикка қарши самарали чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда 2015 йил ЮСАИДнинг касалликка қарши курашиш бўйича дастури иш бошлади. Ҳозирги кунда ушбу дастурнинг асосий вазифаси хасталикка лаборатория шароитида тезкор ва сифатли ташхис қўйишни таъминлаш, силга қарши курашиш хизматларини халқаро стандартларга мос равишда олиб бориш, шу бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар ва ташкилий салоҳиятини кучайтириш, хасталикка қарши кураш дастурини соҳанинг бошқа сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро алоқаларни кучайтиришдан иборат.

Яна ўқинг:  Уйқу нима?

Дастур орқали жойларда бирламчи тиббий-санитария хизматлари, жамоат ташкилотлари ва аҳоли ўртасида алоқа ўрнатиш орқали силга ташхис қўйиш ва даволаш имконини янада яхшиланишига эришилади.

Ушбу дастур юртимизнинг узоқ туман ва вилоятлари, шунингдек, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва Навоий вилоятларида кенг тарғибот ишларини олиб боришга қаратилган. Бунинг натижаси ўлароқ, аҳоли ўртасида олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-профилактика ишлари натижасида юртимизда касалланиш миқдори бугунги кунда сезиларли даражада камайгани қайд этилмоқда.

 

Холмурод САТТОРОВ,

Қашқадарё вилояти сил касалликлари диспансери биринчи тоифали фтизиатри

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: