Хонадонларимиз файзи фаришталари

Кексаларни эъзозлаш уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан саналади. Турмушнинг аччиқ-чучугини тотган донишманд инсонларнинг ҳаёт тажрибасини ўрганиш, уларнинг панд-у насиҳатларига доимо амал қилиш эса оқилона ишдир.

Қувонарлиси, мамлакатимизда ёши улуғ инсонларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, катта авлод вакилларининг юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашдаги иштирокини ошириш, ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда уларнинг ҳаётий тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош Қомусимизнинг 66-моддасида ҳам ота-онани ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш фарзандлар учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган. Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда кексаларга ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки, турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида уларнинг бетимсол фидойиликлари ётибди. Қувонарлиси, кейинги 25 йил мобайнида ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73,5 ёшгача, шу жумладан, эркаклар 66 ёшдан 71 ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 70 ёшдан 75,8 ёшгача ортди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. – Хусусан, нуронийларга яратилган имкониятлар қаторида I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш белгилангани, уларнинг халқ олдидаги хизматларига берилган муносиб баҳодир.

Асрлар давомида шаклланган оила қадрияти миллатимиз учун том маънодаги маънавий мероски, уни ҳеч қандай моддият билан қиёслаб бўлмайди.

Хонадонимиз кўрки бўлган бобо ва бувижонларимиз қаноти остида фарзандларимизнинг улғайиб, камол топишида эса кўп ҳикмат мужассам. Бу ҳикматлар улуғ ёшдаги кексаларимизнинг ўзбекона тутимлари, оила аъзоларининг хулқ-атворидаги гўзал сифат ва фазилатларда намоён бўлади. Шу боис, кексаларимиз ҳаёти фаровонлиги йўлида қабул қилинаётган қонун ва фармонлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.

Президентимизнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Ўзбекистонда барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши пенсионерлар учун янада қулайлик яратди.

Яна ўқинг:  Quvonchlarim bir jahon

– Қабул қилинаётган ҳужжатларда кексаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Фан, таълим, маъданият ва спорт масалалари” қўмитаси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова. – Хусусан, энди кекса ёшдаги шахсларни тўловсиз даволаш ва соғломлаштириш, янги санатория-даволаш муассасалари қуриш ва мавжудларида кексаларнинг бепул дам олишини таъминлаш, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга асосий озиқ-овқатлар, гигиена воситалари, кийим-кечаклар бериш тизимли асосда йўлга қўйилади. Юртимиздаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш орқали бу масканларда истиқомат қилаётган ёши улуғ инсонларнинг турмуш даражаси янада яхшиланади. Бундан ташқари пенсия ёшидаги фуқароларга нафақага чиқишидан олдин моддий ёрдам бериш, уларни совға-саломлар билан тақдирлаш каби тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар ўз навбатида нуроний кексаларимизни жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрнини оширишга хизмат қилади.

 

Саҳифани Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: