Инсоннинг кўп ақлий меҳнат қилиши унинг хотирасини мустаҳкамлайди
Америкалик кибернетик, нейрофизиолог, психиатр – Грей Уолтер ўзининг “Тирик мия” китобида хотирага шундай таъриф беради: “Хотира доимий ёниб турадиган шамдир”. Бошқача айтиладиган бўлса: “Хотира – бу инсон туғилган пайтидан бошлаб бутун умр давом этадиган жараён”.
Агар одам фаол бўлса ва кўп ўқиса, тафаккур қилса, олдидаги вазифаларни ижодий ҳал қилса, унинг хотираси нур каби ёришиб, миясининг барча соҳаларини ёритади ва барча керакли малумотлар миясига мустаҳкам ўрнашиб қолади. Агар акси бўлса, одам данагасалик қилса, ўқимаса, миясини тафаккурга ундмаса, унинг хотираси сўнади. “Бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетди” ибораси айнан шундай одамлар ҳақидадир.
Хотира – бу эслаб қолиш, эсда сақлаш, кейинчалик ёдга олиш ва аввал идрок этилган, бошдан ўтказилган ёки бажарилган нарса ва ҳодисаларни таниб олиш билан боғлиқ ўтмишдаги тажрибаларни акс эттиради. Хотира руҳий ҳолатнинг асосий ва мураккаб қисмини ташкил этади. Маълумки, одам туғилган соатидан то сўнгги нафасигача доимо ташқи муҳитнинг таъсирида бўлади. Кузатишлардан олинган, ўқилган ва эшитилган маълумотлар ёки киши шоҳид булган ҳар хил ҳодисалар одамнинг онгида маълумот сифатида сақланиб қолади. Шу сақланиб қолган маълумотларнинг ҳаммаси хотира деб аталади.
Хотира шартли равишда уч қисмга булинади:
- Эслаб қолиш (фиксация).
- Уларни узоқ муддат ичида сақлаш (ретенция) қобилияти.
- Қайтадан эслаш, ёдга олиш (репродукция).
Хотиранинг таассуротларни ёдлаб олиш, сақлаб қолиш ва уларни зарур вақтида қайтадан тиклаш жараёнларининг хусусиятлари вақтга боғлик, яъни маълум бир тартибда вақтга нисбатан кетма-кетлик билан ва мантиқ қоидаларига амал этилган ҳолда кечади. Хотиранинг яна бир бошқа сифати шундан иборатки, инсон хаёти учун зарур бўлмаган маълумотлар қисқа муддат ичида (баъзан тез кунда, баъзан секин-аста) эсдан чиқарилади. Аммо бу маълумотлар хотирадан ўчмаган ҳолда кишилар онгининг тубида сақланиб туради. Хотирага боғлиқ бўлган ҳамма хусусиятлар болалар туғилиб, нутқи ривож топганидан бошлаб то ўсмирлик (12 14 ёшлар) даврига яхши ривожланиб боради. Сўнгра унга нисбатан секинроқ бўлса ҳам, унинг ривожи 22-25 ёшларгача давом этади. Одам бу ёшда ҳар томонлама камол топади. 45-50 ёшдан бошлаб хотира руҳий соғлом кишиларда ҳам аста-секин пасаяди.
Шахснинг ёлғиз ўзига хос хусусиятлари, унинг тарбияси ва бошқа омилларга қараб хотирани кўрув, эшитув, ҳаракат ёки аралаш турларга ажратиш мумкин. Кейинги пайтларда хотирани қисқа муддатли ва узоқ муддатли турлари устида ҳам мулоҳазалар юритилаяпти. Ундан ташқари, хотирани тақлид килиш (механик) ва мантиқий (логик) туркумларга ҳам бўладилар. Механик (тақлид) тури кўпрок ёш болалик даврига тўғри келиши керак. Чунки сўз ва гапнинг мазмунини тушунмасдан туриб болалар тақлид этиш қобилиятига асосланиб хотирани ривожлантиришлари мумкин. Бундай аломатлар туғма ақли норасолиги бўлган беморларда ҳам узоқ вақтгача кузатилиши мумкин. Маълумотларни ўзлаштириш ва умуман хотиранинг сифатлари уларнинг қизиқарли бўлишига боғлиқ, мустаҳкамлиги эса машққа ва қайтадан эслаб туришга боғлиқ. Хотиранинг сифати одамнинг тарбия топаётган муҳитига, оиланинг маданияти-савиясига, одамларнинг кайфиятига, касбига, соғлигига ва бошқа омилларга ҳам боғлиқдир.
Манба: neyro.uz