Таълим ва мутахассислик

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Таълим ва мутахассислик» 16-халқаро кўргазмаси очилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнат вазирликлари, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда “Expocontact” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, жамиятда ўз ўрнини топишга яқиндан кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бардавомлиги бугунги кунда ҳам изчил таъминланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни давр руҳига монанд тарзда такомиллаштириш, ўқитиш сифатини доимий ўрганиш ва таҳлил этиш, педагог кадрларнинг касб малакасини муттасил юксалтириш бўйича эзгу ташаббуслар ёшларнинг жамиятга фаол интеграциялашувида муҳим омил бўлмоқда.

«Таълим ва мутахассислик» кўргазмасидан кўзланган асосий мақсад ёшларни Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар таълим тизимининг замонавий усуллари билан яқиндан таништириш, ўқув муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар ўзи қизиққан соҳалардаги ўқув юртларини танлашига кўмаклашиш ва янги иш ўринларини тақдим этишдир.

Кўргазма иши олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканлари, ўқув марказлари, малака ошириш институтлари, хусусий мактаб ва тил марказлари каби асосий йўналишларда ҳамда таълим муассасалари учун дастурлар, информацион технологиялар, қўлланмалар, ўқув мебели ва канцелярия жиҳозлари, спорт анжомлари каби қўшимча йўналишлар бўйича йўлга қўйилган. Бу ерда мамлакатимизнинг 35 дан ортиқ университет ва институтлари, 40 дан зиёд ўқув марказлари, Европа ва Осиё олий таълим даргоҳларидаги ўқув жараёни билан танишиш имконияти яратилди.

Беларусь давлат технология университетида ахборот технологиялари, ўрмон саноати техникаси ва технологияси, органик моддалар, кимёвий техника ва технологиялар, принттехника ва медиакоммуникациялар, муҳандислик-иқтисодиёт, ўрмон хўжалиги каби йўналишларда мутахассислар тайёрланади.

– Мамлакатларимиз олий таълим тизимидаги ўхшашлик мавжуд илмий мактабларни сақлаб қолиш ва янада бойитиш ҳамда жаҳоннинг энг илғор давлатлари таълим тизимидаги тажрибаларни ўрганишда намоён бўлади, – дейди мазкур университет проректори Александр Циганов. – Олий ўқув даргоҳимизда Тошкент кимё-технология институти билан педагоглар ва талабалар стажировкаси, илмий ишланмалар яратиш, мутахассисларнинг касб малакасини ошириш бўйича узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси, унинг таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари билан нефть ва газни қайта ишлаш, янги полимер, композитли ва наноматериаллар, биотехнологияларни яратиш бўйича ҳам узвий ҳамкорликни йўлга қўйишни кўзламоқдамиз.

Яна ўқинг:  ОАВ ходимлари спорт мусобақасида

Лондон тижорат таълим муассасасининг филиаллари Бангладеш, Малайзия, Мальта, Шри-Ланка каби мамлакатларда ҳам фаолият кўрсатиб, ушбу ўқув даргоҳида дунёнинг 130 га яқин давлатидан талабалар ўқийди. Инглиз тили бўйича саккиз, тўрт, бир йиллик академик курсларда хорижий тил мукаммал ўргатилса, бизнесни бошқариш бўйича магистрлик йўналишида халқаро молия, маркетинг, бизнес бўйича мутахассислар тайёрланади. Ушбу таълим даргоҳи директорининг ўқув масалалари бўйича ўринбосари Кристал Сантнинг фикрича, Лондон тижорат таълим муассасасида билим олаётган ўзбекистонлик ёшлар одоби, тартиб-интизоми, билимга чанқоқлиги, интилувчанлиги, кийиниш ва муомала маданияти, ўқишга масъулияти билан ажралиб туради.

– Университетимизда Жанубий Корея, Россия, Озарбайжон каби давлатлардаги педагогика йўналишидаги олий таълим даргоҳлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган, – дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети катта ўқитувчиси Саодат Пўлатова. – Юртимизда таълим соҳасига кўрсатилаётган улкан эътибор ёшларнинг ўқитувчилик касбини танлашида асосий омил бўлмоқда. Мазкур кўргазмада ёшларга университетимиз, ундаги факультет ва ихтисосликлар ҳақида батафсил маълумот бермоқдамиз.

«Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмасининг алоҳида бўлимида бандликка кўмаклашиш марказлари, корхона ва ташкилотлар ҳам бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқда.

– Кўргазмада туманимиздаги ўндан ортиқ корхона ва ташкилотдаги тўрт юздан ортиқ вакант жой ёшлар эътиборига ҳавола этилган, – дейди Юнусобод тумани бандликка кўмаклашиш маркази бош мутахассиси Дилфуза Зокирова. – Ёшлар, айниқса, битирувчиларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш билан бирга коллежлар, ҳокимликлар, иш берувчи ҳамда ота-она ва битирувчи ўртасидаги шартномаларнинг бажарилиши доимий назорат этилмоқда.

Кўргазмага келган ҳар бир йигит-қиз ўзи истаган олий ўқув юрти, қайта тайёрлов марказлари ёки ишга жойлашишга оид батафсил маълумотга эга бўлиш имкониятига эга.

– Мен ушбу кўргазма экспозицияси билан танишиб, ихтисослигим бўйича иш топдим, – дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидан келган Шокир Муҳаммаджонов. – Бу ерда барча ёшларнинг эҳтиёжи инобатга олингани эътиборга молик.

«Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмаси уч кун давом этади.

 

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: