Иноғомнинг инъоми

Қўшнимизнинг Иноғом деган набираси бор. Ҳали икки ёшдан ошиб ошмаган болакай ҳамманинг эътиборини тортади.  Унинг тили  “Ассалому алайкум” деб чиққан. Эрталаблари ҳовлилари олдидаги боғчага чиқиб гул, тикан, кучук, мушук ва осмонда учиб кетаётган қушларга ҳам салом беради. Агар кўча-кўйда бирор киши кўринса, олтин топиб олган одамдай кўзларини узмасдан кутиб туради-да, оғзини тўлдириб “Ассалому алайкум” дейди. Боланинг бундай ширин тилини эшитган йўловчилар чарчоқни унутиб, “Ваалайкум ассалом, барака топ, йигитча” деб хурсанд  бўлиб ўтиб кетишади.

        Ишдан ҳориб қайтаётганимда ойиси билан хархаша қилаётган Иноғомга кўзим тушиб қадамимни тезлаштирдим.

        Ойиси овозини кўтарди:

— Юр, энди уйга кирамиз…

— Йўқ, йўқ, шошманг!-Иноғом жойидан жилмасди.

        Мен етиб келишим билан жўшиб турган болакайнинг кўзида йиғи аралаш табассум пайдо бўлди:

— Ассалому алайкум.

— Ваалайкум ассалом!- дедим-да, Иноғомнинг қизарган юзидан ўпиб, қайта-қайта осмонга отдим. Ойиси ҳам жилмайиб:

— Ана, муродингга етдинг, энди тўйиб ухлайсан, деди ва ўғлини етаклаб икки одим ҳам нарига юрмасдан яна Иноғом оёқ тираб олди. Мен ва Иноғомнинг онаси икковимиз кўчанинг бошига қараб кўзимиз маҳалламизнинг энг ёши улуғ қариясига тушди.

        Бу гал онаси Иноғомнинг қўлидан тортқиласа болакайнинг ёнини олишга шай ҳолда лаб жуфтлаб турардим. Негадир у индамади.

        Кўп ўтмай тўқсон бобо ҳассасини тақиллатиб ёнимизга етиб келди.

       Мен, Иноғом ва унинг онаси  бир пайтнинг ўзида   жўровоз бўлиб салом бердик:

— Ассалому алайкум-м-м!

— Ваалайкум ассалом сенга, Иноғом! Сизларга ҳам Ваалайкум ассалом! Биринчи бўлиб мени кўрган ана шу болакай бўлди. Омин, муродинг ет, болам! Иноғомнинг энг буюк инъомидан бошим осмонга етди.

      Бир-биримиз билан ҳол-аҳвол сўрашгач, кайфиятимз чоғ бўлиб уй-уйга тарқалдик. Ишдан қайтаётгандаги ҳорғинлигим буткул унут бўлган эди.

 

 

Туронбека Шарофутдинова

Яна ўқинг:  Boyligim sensan-ku, sensan borlig`im

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: