Болалигим гулёмғири

Ортимга қарайман. Йиллар мактубларга айланиб, гоҳ паст, гоҳ баланд зинапоялар кўринишини беради. Умр номаларига қўлимни узатаман-у, улар бир-бирига занжирдек боғланади, бармоқларимни ҳам теккизолмайман. Кириш даричасини тақиллатаман: секин ва аста. Ғирчиллаган овоз эшитилиб, кимдир кўриниш беради: мен уни дарров танийман – қадрдоним баланд бўйли Болалик эди бу!

Ундан дала райҳонларию, ялпизлар ифорини туяман. Сойни тўлдириб оқадиган селнинг шовқини туйқус эшитилгандек бўлади. Ногаҳон қўлларим билан қулоқларимни беркитаман. Шунда гулли – чит кўйлакли болаликнинг бағрига сингиб кетаман. Ҳамма нарса мўъжизага айланади. Фасллар алмашса, айвонимиз тарновидан сув ичадиган қушлар ҳам ўзгаради. Бўғотдаги мусичаларнинг “ку-ку”лаши, қўшни ҳовлидан эшитиладиган какку овози қадрдон бўлиб кетган. Сандал ўрнатилган ромли айвонимиз пештоқидаги қалдирғоч уясига минг йил бўлгандир. Бувимнинг эски уйига ўхшаб у ҳам ҳеч бузилмайди. Қалдирғочлар ҳам бувимдек уйини алмаштиргиси келмайди. Ҳар йили сумалак бошлаганимизда бувим айвоннинг эшикларини катта очади.

– Етказганига шукур, болам, етказганига, – дейди бувим. – Жониворлар чарчаб келган, ҳориғи чиқсин.

– У одамми, чарчайдиган, – дейман. Бувим кулиб қарайди-да, қўлларини дуога очади.

Қалдирғочлар худди шуни кутиб тургандек, уясига учиб киради. Бироз ўтгач уларнинг “чуғур-чуғури” эшитилади.

– Ана кўрдингми, – дейди бувим, – уйининг исини олди.

– Нимага ҳар йили бизникига келади улар?..

– Бунинг хосияти кўп. Катта бўлганинг сайин тушуниб оласан, – бувим симёғочларга учиб қўнаётган қушларга термулганча индамай қолади. Мен қалдирғочни одам ушласа қўли қалтироқ бўлиб қолишини кўп эшитган бўлсам ҳам, ақиқдек патлари жиловланаётган қушни секингина силагим келади. Аммо бунга бувим ҳеч қачон рухсат бермайди. Бирдан катта бўлишни, ҳаёт пиллапояларидан югуриб кўзлаган манзилимга етишни орзу қиламан…

Энди эса акси. Ҳар куни болалигимни соғинаман. Унинг тиниқ рангларига қўл тутиб айланаман. Кейин у билан беркинмачоқ ўйнаб, йўқотиб қўяман. Қадрдон дўстим мен билан хайрлашмайди, мен ҳам! Изласам тупроқли кўчаларда рангларнинг нурланаётганини кўраман-у, номлолмайман. Ҳа, болалик дунё айвонидаги энг шаффоф нур бўёғи эди!

***

Ортимга қарайман. Йиллар муҳри тушган номаларга қўлимни узатсам, хотиралар бўйи билан кўриниш беради. Уларга тикилиб соғинч хуморидан чиқмоқчи бўламан. Шунда ҳамма нарса ўйинчоққа айланиб қолади. Болалик совғасиз, ўйинчоқсиз болаликми… Бўлмаганда “қўлбола” қўғирчоқлар қўлингдан тутади. Бир-биримиз билан ширинлик, сўнг музқаймоқ, кейин ўйинчоғу қўғирчоқ, китоб-дафтар алишиб катта бўлишни орзулагандик. Энди эса кўзойнагимиз бир-биримизга тўғри келганда ёш боладан-да қувондик. Ўйинчоғимизни олдириб, топганимизда дунёни ўзимизники қилгандик. Боримизни маҳкам тутиб, юпун камзулчаларимиз қатларини энг ишончли макон айлагандик.

Яна ўқинг:  Шаҳарлик келин

Энди билсам, болаликнинг ўйинчоқ тутган қўллари зоҳиран бир кичик жусса кўринса-да, ботинида эзгулик дарёси оқар, ҳар сония унда гулга айланар экан. Шунданми, балким болалик ҳам, болаликнинг тийрак нигоҳлари ҳам соғинчингдаги қиёфадан-да соғинчлироқ туюлаверади. Қўмсаганинг сайин самимийликнинг бағрига сингиб кетасан. Болаликдан узоқлашганинг сайин у янаям қадрдонингга айланиб боради.

Уни бағримга босиб, елкасига бошимни қўйгим келади. Кўнглим тўлади: кеча билан бугуннинг учрашуви бир қадам. Шу қадамда қанча сабоқ, топиш, йўқотиш, хато ва хулосалар. Уларни тарозининг паллаларига қўймоқчи бўламан. Ўрганиш илмида ҳамиша камомад чиқаверади, чиқаверади. Гавҳар ўй билан туздим деганинг режаларингнинг қайсидир қатимида чигал кетганини билмай қоласан. Уни тузатмоқчи бўласан, аммо умр елдек совурилиб, байрам кўйлагингга сиёҳ сачратиб ўтади.

Энди нима қилиш керак? Шунда Болалик ўзининг патқаламини кўйлакдаги сиёҳга ботиради-да, еру кўкка расм чизади: кўнглингдан ўтгандаёқ сени йўқлаб кириб келадиган онангдек азиз, қиёссиз, содда ва улуғ гўшалар… Сен улар оралаб яна қадам оласан. Дунёнинг ғубори ювилади.

***

Ортимга қарайман. Зинапоялар қатларидан мактубларнинг шитирлаб очилаётгани эшитилади. Қарасам, таниш дастхат. Менга йўлланган, мен билган аммо етиб келмаган битик эди. Ҳар доим кутганим, кутиб-кутиб унутганимда ўтган нарсаларни тўрт букланган қоғозда қўлимга тутди. Кўнглим бузилди: кўнглимдан нимадир кўчди. Томоғимга тиқилган нарса тиззаларимдаги мадоримни ҳам бир силкитиб олди. Мен энди ўзимда куч топиб, уни очишга чоғландим. Не кўз билан қарайки, букланган қоғоз ҳарир мато билан ўралган эди. Топган кучим зумда товонимдан ҳам пастга думалади. Ўша кунларнинг хотираси тиниқ суратнинг йиртиқ бўлакларини елимлаб менга тутди. Кимсасиз боғ ҳовлига кўчганимиз, отам билан хонтахта тагидан “ажи – ажи” ўйнаганларимиз кечагидек ёдимда. Кейин отамни эслатадиган ҳам ўша ягона ўйин бўлиб қолди.

Бир куни кечқурин дўхтир келди. Отам қорнини чангаллаганча уйдан чиқди. Биз тўрт ўғил эшик ортида кўзларимизни ишқаб жим турардик. “Онангни хафа қилманглар, хўпми?! Айтганидан чиқманглар”. Бу васиятлигини кейин билдик. Кичкинагина онам янаям кичрайиб кетаётганга ўхшарди. Онажоним кийим тикар, тўқир, ошхонадан чиқмас, дам олиб ўтирганини ҳеч қачон кўрмасдик. Бир куни узоқ маҳаллалик бир киши “яктак тиктираман, яхши пул тўлайман” деб келди. Эшикдан киргандаёқ ёқтирмадик. Ўлчов олишга қўлига метр ушлаган онам индамай қолди.

Яна ўқинг:  Ёрқинойнинг ойдин йўли

– Онам кишиларга ҳеч нарса тикмайди, – катта акам ҳалиги эркакни ҳовлидан итариб чиқарди. Унинг беўхшов тиржайиб туришини кўрган онам тахта эшик “ғийқ” этиб ёпилиши билан йиғлаб юборди. Шу куни кечқурин сув сўраб уйғонсам, онам шам ёруғида нималарнидир ёзиб ўтирибди. Хат ёзаяптими, деб ўйладим. Кейин деярли ҳар куни шундай ҳолатда кўрдим. Энди сув сўрамасдим, кўрпадан секин бошимни чиқариб онамни кузатардим. Меҳрибоним дафтарни ёпиб, устига қўлларини, кейин бошини қўйиб узоқ пайт шундай ўтирарди. Ёзганларини ҳеч кимга жўнатмасди.

– Сизга конверт обкелайми? – дедим бир куни.

– Кераги йўқ, болам, – деди. Майли дегандаям бир тийин пулим йўқ эди. Онамнинг ҳар куни нима ёзаётганига қизиқардим. Ҳарф танимаганим алам қиларди. Тезроқ биринчи синфга чиқишни кутардим. Акаларим иккинчи, тўртинчида ўқир, мактабдан келарди-ю, сомон-пичан йиғишга чиқарди. “Ҳарна рўзғорга” дерди онам. Аммо акаларимнинг қўлидан пул олаётганда индамай йиғларди. Бизни хатомиз учун калтаклашини, уришини кутардик. Лекин онам ҳеч қачон ундай қилмасди. Айниқса, бир куни айни қиш эди. Онам ишдан қайтгунча уйни иситиб қўймоқчи бўлдик. Хона бурчагига уюлган бор ўтинни печга тиқибмиз. Ўтхонадан сачраган чўғ сал наридаги михга илинган, онам асраб авайлаб киядиган ягона халатига тушганини билмай қолибмиз. Қарасак халат тутаяпти, нима қилишни билмаймиз. Акам даҳлиздан челакдаги сувни олди-ю, сепди. Бутун уй – шолча-ю кўрпачалар, девор нам тортди, печь зумда илимилиқ бўлди. Биргина исийдиган хонамиз шу эди. Кеч тушиб, итларнинг акиллагани эшитилди. Ҳовлининг тахта эшиги тарақлади. Оёқ товуши эшитилди. Айвонга чиқдик. Онамнинг ранги оқариб кетган эди. Рўзғор халтаси қўлидан тушди. Картошка, пиёзлар қорнинг устига думалаб кетди. Иккитагина зинапоядан зўрға кўтарилгандек туюлди. Хонага кирди-ю, ўтириб қолди. Ранги униқиб кетган пальтосини, кейин кўйлагининг тугмаларини ечди. Рўмолини бошидан олди. Тиззаларини қучди, кейин ҳиқиллаган овози эшитилди. Анча пайтдан кейин онам бошини кўтарди-да, “бирор нарса еб, қуруқ ерга жой тўшанглар”, деди. Ўша куни бизнинг уйдаги болалик ҳам қўшилиб ёнган эди, назаримда. Бир кечада ҳаммамиз улғайиб қолгандик.

Кимдир болалигини эсласа, унга қайтгиси келади. Мен эса болалигимнинг бутун ёзида ясаган гувалаларим билан ортга қайтадиган йўлларни ёпиб ташлайман. Фақат онам ёпган иссиқ нон билан оқ қандни чойга ботириб еганларим эсдалик дафтаримдаги бир тола нур бўлиб қолган, холос.

Яна ўқинг:  – Мен албатта жаҳон чемпиони бўламан, –

Йиллар ўтди. Ўқимишли, ҳунарли бўлдик. Уй-жой қилдик. Энг кичигимизни уйлантирганимизга ҳафта ўтмай онам оғирлашиб қолди. – Худога шукур, оёқдан қолсам ҳам сизларни оёққа қўйдим, – деди онам. – Ака-укалар жам, бир-бирингни кунингга яраб, ҳол сўраб шу ҳовлига йиғилиб турсаларинг руҳим ором топади…

Ўша сўзлар қулоғимнинг остида жаранглагандай бўлди. Мактубни очишдан воз кечдим. Елкам оша ортимга қарадим: болалигимдаги ҳовлимиз кўринди. Сўрида ўтирган онамнинг кўзларидаги табассумдан вужудим титраб кетди. Йўлга отландим. Ёмғир ёғарди, болалигимдаги гулёмғир. Осмонга оқ ипак парда тортилган. Гуллар онамнинг кулгусидек матога илиниб, илиниб қоларди.

“Тақ” этган овоз эшитилди. Тахта эшигимиз дарвозасидан бугунимгача тушган йўл кўринди. Унда яшашнинг сир-синоатлари эртакка ўхшарди. Эртак менинг болалигимга, онамга айланиб қоларди. Кейин улар менга қўлини тутди… қулоғимга шивирлади. Йўлимда давом этишга куч йиғдим… Олис ва яқин манзил манзаралари ўзига чорларди.

***

Ортимга қарайман. Мактубларнинг шитирлаб очилаётгани эшитилади…

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: