Ўзбекистонда 3D ўлчамли китоблар чоп этилмоқда

Мамлакатимизда ёшларнинг китобга бўлган эътибори, мутолаа маданиятини ошириш борасида “Ўзбекистон матбуоти” миллий форуми ва кўргазмаси, унинг доирасида “Болалар адабиёти” кўргазмаси, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида “Китоб байрами” тадбирлари ва “Китоб – миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси” мавзуидаги илмий-амалий конференция, “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби” фестиваллари анъанавий ўтказилмоқда.

Ноширлик ва китоб маҳсулотларини ўқувчиларга ўз вақтида, арзон нархларда етказиб бериш мақсадида янги китоб дўконлари ташкил этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуалари ёшларнинг севимли масканига айланган. Келгусида бу каби мажмуалар ҳар бир туманда ишга тушади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 1755 матбаа корхонаси ва бўлимлари, 122 нашриёт фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан йилига 4 мингдан зиёд номдаги, умумий адади қарийб 50 миллион нусхага яқин китоб нашр этилмоқда. Ноширлик маҳсулотларининг 1 минг номдан зиёди болалар адабиётига тегишли. Ўзбек ва жаҳон адабиёти, мутафаккирлар ҳаёти ва фаолияти, аждодларимизнинг маънавий жасорати, қаҳрамонликларига бағишланган бу асарларни истаган китоб дўконидан топиш мумкин.

Яқиндан мамлакатимизда инновацион технология асосида 3D ўлчамли китоблар ҳам чоп этила бошланди. Бу лойиҳа Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Colar Technology” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бўлиб, ноширлик соҳасида янгиликдир. Бу лойиҳа дунёнинг саноқли мамлакатлари тажрибасидан ўтган.

Буюртма асосида китоб дўконларига етказиб берилаётган бу ноширлик маҳсулоти болаларни китоб дунёсига етаклашда ўзига хос хусусиятга эга. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлган 3D ўлчамли китоб харид қилингандан сўнг уяли телефонда махсус дастур юклаб олинади. Дастурдаги скретч-код фаоллаштирилиб, китобдаги расмларни эҳтиётлик билан контурлардан четга чиқмасдан бўяш лозим. Ундан сўнг тасвир устига смартфон ёки планшетни олиб борасиз. Шу ондаёқ мониторда бўялган расм ҳаракатланиб, сўзлашга тушади. Жонланган расм билан суратга тушиб, тайёр фотони электрон жўнатиш мумкин. Ҳозир бу каби китоблар “Бизнинг касбларимиз”, “Ҳайвонот оламида” ва “Севимли қаҳрамонлар” каби рукнларда тайёрланмоқда. “Ўзбек халқ эртаклари” рукни остида ҳам бу каби инновацион ноширлик маҳсулотини яратиш устида иш олиб борилаётир.

– Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби нашриёт-матбаа ҳамда китоб савдоси фаолиятини янада ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Илҳом Зойиров. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши  мамлакатимиз ноширлик соҳасида янги саҳифани очиб берди. Ишлаб чиқаришга янги инновацион технологияларни жалб этган ҳолда китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифатини янада оширмоқдамиз. Болалар учун тайёрланган 3D ўлчамли бўяш китоблари ана шу жараён маҳсулидир.

Нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан ёшларни китобга ошно қилиш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Мактаб адабиёти хрестоматияси” рукнида мактаб дарсликларига киритилган ўзбек ва жаҳон адибларининг 44 номдаги асарлари нашр этилди. 2016 йилдан кенг қамровли, яъни умумтаълим мактаблари билан бирга олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ва кенг китобхонлар оммаси учун “Адабиёт хрестоматияси” рукнида китоблар тайёрланиб, чоп этила бошланди. Бу китобларда ўзбек ва жаҳон адабиётининг ёрқин намояндалари қаламига мансуб сара асарлар жой олган. “Жаҳон болалар адабиёти” рукнида ҳам 10 жилдли китоблар нашрга тайёрланди. 2017 йил давомида бу рукндаги китобларнинг яна беш жилди чоп этилади.

Халқ оғзаки ижодига мансуб достонларимиз ёшларимиз маънавиятини юксалтиришда муҳим тарбия омилидир. Бу ҳақиқатни чуқур англаган нашриёт-матбаа ижодий уйининг изланувчан жамоаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти  билан ҳамкорликда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” рукнида 100 жилддан иборат китобларни нашр этиш ишларини бошлаб юборган. Ҳозиргача “Алпомиш”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Қиронхон”, “Кунтуғмиш”, “Эрали билан Шерали”, “Ширин билан Шакар” каби номлардаги жилдлар чоп этилди.

Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг асарларини нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига ҳам катта эътибор берилмоқда. Нурилла Чори, Фозил Фарҳод, Жўрабек Жаҳон, Бибиробия Саидова каби ёш, умидли ижодкорларнинг таниқли адабиётшуносларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз сўзбошиси билан нашр этилган китоблари бунга мисол. Ёш қаламкашлар асарлари “Асримиз ва наслимиз умидлари” рукни остида нашриёт маблағи ҳисобидан чоп этилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай гап бор: “…Агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор, буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди…”.

Мазкур ҳаётий ҳақиқат бугун мамлакатимизда ёшларни китобга ошно қилиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, бадиий-ғоявий қийматга эга китобларни чоп этиш ва ўқувчиларга етказиш борасида олиб борилаётган изчил ишларнинг туб моҳиятини ифодалайди.

 

Яна ўқинг:  Hunari borning – hayoti obod

Малоҳат ҲУСАНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: