БУНЁДКОРЛИК, ОБОДЛИК ВА ФАРОВОНЛИК АЙЁМИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналаридан репортаж.

Қиш заҳридан толиққан замин баҳор насимидан энтикади. Шарқираб оққан сувлар унга яна ҳаёт бахш этади. Дарахтлар сулув келинчаклардек бошига яшил гулчамбар тақади. Қиру адирларда майсалар бўй чўзади. Мусаффо осмон узра чарақлаб чиққан қуёш кўнгилларни-да ёриштириб юборади.

Бундай фараҳбахш дамларда инсон қалби беихтиёр қувончга тўлади. Шу кунларга етганига шукрона айтиб, шоду хуррамлик қилгиси келади.

Ана шу табиий эҳтиёжнинг, эзгу хоҳиш-истакнинг ҳосиласи бўлиб юртимизга Наврўз кириб келди. Шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда карнай-сурнай садолари янграмоқда. Кўчаларни тўлдириб бораётган одамларнинг юз-кўзларида шодумонлик. Набирасини етаклаган отахонлар, кайвони онахонлар, ўйин­қароқ болакайлар, баҳордек латофатли қиз-жувонлар, оташқалб йигитлар Наврўз сайлига ошиқади…

19 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи байрамона безатилган.

Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, муҳтарам отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари ташриф буюрган.

Соат 10:30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади.

Байрам тантанасига ҳозир бўлганлар давлатимиз раҳбарини қарсаклар билан кутиб оладилар.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.

Давлатимиз раҳбари халқимизни Наврўз байрами билан муборакбод этади.

Муаззам майдон атрофида турфа ранглардаги байроқчалар ҳилпирайди. Саҳна теграсида ўрнатилган сўрилар, қўшайвонлар халқимизнинг обод ва файзли хонадонларини эслатади. Оҳиста айланаётган чархпалак бу манзилларга ободлик ва фаровонлик белгиси – обиҳаёт олиб келади. Ҳар бир юртдошимизга таниш, кўнгилга яқин бундай файзли манзара қалбларга кўтаринкилик бағишлайди.

Фусункор майдон узра борлиқ уйғониши, янги кунни мадҳ этувчи наво таралади. Саррин куй оғушида улкан мониторларда юртимиз манзаралари – ям-яшил боғлар, бепоён далалар, замонавий иншоотлар, қадимий обидалар, бунёдкор замондошларимиз қиёфаси намоён бўлади.

Майдонга Обод турмуш маҳалласи фаоллари чиқиб келади. Наврўз байрамини аҳиллик ва ҳамжиҳатликда, маҳаллани янада обод ва кўркам этган ҳолда кутиб олиш борасида кенгашади.

Наврўз ободлик, орасталик, меҳр-оқибат, хайру саховат айёмидир. Халқимиз бу йил ҳам Йилбошини ана шу эзгу тамойилларга мувофиқ кутиб олмоқда. Баҳорнинг даст­лабки кунларидан юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқди. Умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар-жойлари ободонлаштирилди, ариқ-зовурлар тозаланди, зиёратгоҳ, қабристон ҳамда муқаддас қадамжолар тартибга келтирилди, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди.

Байрам кунларида серғайрат ёшлар, қўли очиқ тадбиркорлар кўмакка муҳтожларга беминнат ёрдам берди. Беморларнинг ҳолидан хабар олинди. Қўни-қўшнилар бир-бирларига Наврўзнинг тансиқ таомларини илинди.

Кўпчиликнинг ҳайрати ва ҳавасини уйғотадиган, юртимиздаги барча маҳаллада қарор топган бундай ҳамжиҳатлик муҳити Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самараларидандир.

Мустақиллик йилларида маҳалла ҳаёти билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, удум ва анъаналаримиз қайта тикланиб, замон талаблари асосида бойиб бормоқда. Маҳалла идорасининг ҳуқуқ ва ваколатлари тобора кенгайтирилмоқда. Бу фуқаролик жамиятини шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликни кучайтириш, пировардида, ҳаётимизни янада обод қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.

…Саҳнага – майдонга жажжи болакайлар кириб келади, ҳар тараф шўх-шодон кулгуга тўлади. Улар ижросидаги бахтиёр болаликни, мустақил юрт фарзандларининг беғубор ва қувноқ ҳаётини тараннум этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ бағишлайди…

Халқимиз азал-азалдан фарзандлар бахту иқболини ўйлаб, эзгу орзулар билан яшайди. Наврўз кунларида фарзандларига атаб, уларнинг бахтли ва фаровон келажагини ўйлаб ниҳол экиб, боғ яратади.

Президентимиз таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Яна ўқинг:  КЎКЛАМ ҲАДЯСИ

Бу соҳада амалга оширилаётган ишлар самараси ўғил-қизларимизнинг соғлом ва баркамоллигида намоён бўлмоқда. Таълим тизимининг умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим тизимидан иборат барча бос­қичида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, чет тилларида эркин сўзлашадиган, жисмонан чиниққан, эътиқоди мустаҳкам авлод вояга етмоқда.

Бу Франциядаги “Инссад” халқаро бизнес мактаби томонидан Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган “Инновацияларнинг глобал индекси” маърузасида ҳам ўз ифодасини топди. Инновацион ривожланиш комплекс тарз­да таҳлил қилинган ушбу маърузада Ўзбекистон 141 мамлакат орасида инсон капиталини ривожлантириш даражаси бўйича 35-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси бўйича эса 2-ўринни эгаллади.

Ёшларимиз энг нуфузли танловларда, Олимпиада ва жаҳон чемпионатларида ҳеч кимдан кам эмаслигини исботламоқда. 2012 йилда футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида пойтахтимизда қуриб битказилган “Бунёдкор” спорт комплекси мамлакатимиз спорти ҳаётида, қолаверса, Ўзбекистон тарихидаги катта воқеа бўлди. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФА томонидан Ўзбекистон футбол федерациясининг “Fair Play” (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирлангани Президентимиз ­­­Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи бўлди.

Тинч-осойишта элда хурсандчилик, тўй-томоша бўлади, ҳаловатли халққа байрамлар ярашади. Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасида осмонимиз мусаффо, тинчлик-барқарорлигимиз мустаҳкам, турли миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил ҳаёт кечирмоқда.

Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кўтарилади, дейди халқимиз. Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликларни, таназзулни кўриб, ушбу нақл ҳикматини янада чуқурроқ англаймиз. Шундай тинч, осуда, фаровон юртда яшаётганимизга шукроналар айтамиз.

Тинчлик барқарор юртда қут-барака, ривожланиш бўлади. Буни глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётган бугунги шароитда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор суръатларда ривожланаётганида ҳам кўриш мумкин. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасида 2012 йилда Ўзбекистон аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтиришни таъминлади, дунё бозоридаги ўз позициясини мустаҳкамлади. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга ўсди. Аҳоли даромадлари миқдори 17,5 фоизга кўпайди.

Янги иш жойлари ташкил этиш, айниқса, ёшларни ва хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилаётган эътибор натижасида аҳоли турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Ўтган йилда ушбу мақсадга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳисобидан қарийб бир миллион янги иш ўрни ташкил этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бундан буён ҳам энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади. Хусусан, жорий йилда 970 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу оилалар фаровонлигини, маҳаллалар обод­лигини, ёшларнинг ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ушбу сектор жамиятимиздаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг муҳим омилига, юртимизни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирадиган кучга айланиб бормоқда. Соҳа вакиллари халқимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги, иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига муносиб ҳисса қўшаётир.

Бу жиҳатлар 2012 йил 14 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги хал­қаро конференцияда хорижлик ишбилармонлар, етакчи экспертлар томонидан ҳам эътироф этилди.

Янгиланиш – нафақат табиатга, балки жамият ҳаётига ҳам хос жараён. Наврўз арафасида янги уй-жойлар, корхоналар, тиббиёт ва ўқув муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилади. Бу иншоотлар Ватанимиз чиройига чирой қўшиш билан бирга, юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.

Яна ўқинг:  ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ ТАБРИК СЎЗИ

Наврўздан Наврўзгача мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётида улкан ишлар амалга оширилди. Йирик ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди.

Самарқанд вилоятида Германиянинг “МАН” компанияси билан ҳамкорликда юк автомобили ишлаб чиқариладиган янги комплексни бунёд этишнинг иккинчи босқичи якунланди. Сурғил кони базасида дунё мезонлари бўйича ҳам ноёб бўлган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши бошланди. Қашқадарё вилоятида Жанубий Африканинг “Сасол” компанияси ва Малайзиянинг “Петронас” корпорацияси билан ҳамкорликда синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳани амалга оширишга киришилди.

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилганидан буён бу ерда 12 та корхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2012 йилда улар томонидан қарийб 80 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳудудида қиймати 186 миллион долларлик 8 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2012 йилда Ўзбекистонда барча қишлоқ хўжалиги экинлари – ғалла, пахта, сабзавот, полиз экинлари ва узумдан юқори ҳосил олинди. 7 миллион 500 минг тонна ғалла, 3 миллион 460 минг тоннадан ортиқ пахта, 2 миллион тоннадан зиёд картошка ва 9 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ҳамда полиз маҳсулотлари етиштирилди.

Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларининг ривожлантирилаётгани, фермерлик ҳаракатига кенг имкониятлар берилаётгани бундай юксак натижаларни қўлга киритишда муҳим омил бўлмоқда.

Хизматларнинг юқори технологияларга асосланган ва бозор иқтисодиётига хос турлари жадал ривожланмоқда. Жумладан, 2012 йилда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 24,5 фоизга, компьютер дастурлаш хизматлари 18 фоизга, технологик асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш 17 фоизга, молия-банк хизматлари 17,6 фоизга ўсди.

– Ўзбекистонда баҳор байрами – Нав­рўзни тўртинчи марта кутиб олаётганимдан мамнунман, – дейди Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Дэ Ван. – Ҳар йили ушбу айёмда тайёрланадиган сумалакни бажонидил тановвул қиламан. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон ҳар томонлама жадал ривожланмоқда. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб, ўзаро товар айир­бошлаш ҳажми тобора ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Наврўз айёми билан чин қалбимдан муборакбод этаман, тинчлик, бахт-саодат тилайман!

– Наврўз – ўзига хос ноёб, ажойиб байрам, – дейди Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Франсуа Готье. – Бу байрам барчага қувонч улашади, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Биз ҳам бу шодиёнада иштирок этиб, давлат ва жамоат арбоблари, хорижлик меҳмонлар, ҳамкасбларимиз билан дийдор кўришамиз, байрам дастурини катта қувонч билан мириқиб томоша қиламиз. Байрам тантанасидаги кўтаринки руҳ, одамлар юз-кўзидаги қувонч ва шодлик юртингиздаги тўкинлик, фаровонлик, тинч ва осуда ҳаётдан далолатдир.

Наврўз байрамини хурсандчилик, ўйин-кулги, яхши тилак ва истаклар билан кутиб олиш ва ўтказиш халқимизнинг эзгу фазилатларидандир. Бу кунларда халқ термалари, бахшилар айтишуви, ҳазил-мутойиба, қўшиқлар, лапарлар янграган. Улоқ-кўпкари, кураш, мерганлик, қўчқор ва хўроз уриштириш каби томошалар ўтказилган. Дорбозлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозлар, полвонлар ўз санъатини намойиш этган. Сумалак, ҳалим, кўксомса каби хилма-хил баҳорий таомлар пиширилган.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилаётган “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали ана шу бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этиш, санъатнинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётир.

“Art Week Style.uz – 2012” санъат ҳафталиги ҳам ўзига хос маданият ва санъат байрамига айланди. Ҳафталик доирасида ўтказилган “Олтин Гепард” иккинчи халқаро Тошкент кинофоруми, “Theatre.UZ/2012” халқаро театр фестивали, VI халқаро Тошкент фотобиенналеси каби йирик лойиҳаларда мусиқа, кино, театр, фотография, тасвирий санъат, дизайнерлик, мода, меъморлик каби кўплаб соҳа ва йўналишлардаги ютуқлар намойиш этилди.

2012 йилда Конституциямиз қабул қилинганининг 20 йиллигини нишонладик.

Яна ўқинг:  Болаларнинг бўш вақти

Обод турмуш йили арафасида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси асосида пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида бунёд этилган кўпқаватли замонавий уйлар фойдаланишга топширилди. Бу шаҳарнинг меъморий қиёфасини янгилаб, бошқа иншоотлар билан уйғунлик касб этди. Пойтахтимизни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида режали ривожлантиришга қаратилган бундай изчил ишлар самарасида Тошкент дунёдаги экологик жиҳатдан тоза ва кўркам қиёфага эга етакчи пойтахт шаҳарлар қаторидан жой олмоқда. 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида қайд этилгани бунинг далилидир.

Президентимиз Ислом Каримов таклифига биноан Обод турмуш йили, деб эълон қилинган жорий йилда мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий архитектура талаблари асосида уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиш, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш борасидаги бундай ишлар янада кенг кўлам касб этмоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ қишлоқ жойларда намунавий лойи­ҳалар асосида барпо этилаётган 10 мингта якка тартибдаги замонавий уй-жой қишлоқларимиз қиёфасини яхшилаш, одамларнинг турмуш маданиятини оширишга хизмат қилади.

Бундай юксалишлар юртдошларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда. Одамлар бугунги ҳаётидан мамнун бўлиб, келажакка катта ишонч билан яшамоқда. Каттаю кичикнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгариб, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бормоқда.

– Наврўз тантаналарини томоша қилар эканман, Юртбошимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланганига, одамларимизнинг турмуш даражаси ўсиб, дунёқараши ўзгариб бораётганига яна бир бор амин бўлдим, – дейди Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи меҳнат фахрийси Комилабиби Худойназарова. – Мисли кўрилмаган бу ютуқлар, бу ўзгаришлар мана шу тантаналар шукуҳида, юртдошларимизнинг қувончида ҳам яққол кўриниб турибди. Шундай дориломон кунларга етганимизга шукроналар айтамиз. Илоҳим, юртимиз тинч, ҳаётимиз обод, халқимиз фаровон бўлсин.

Бахтли яшашнинг омилларидан бири саломатликдир. Замонавий шифо масканларини бунёд этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, болалар спортини ривожлантириш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар халқимизнинг ана шундай бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган, юрак-қон томир касалликларига чалинган беморларга жаҳон стандартлари даражасида диагноз қўйиш ва уларни даволаш имконини берадиган Кардиожарроҳлик мажмуасининг очилиши аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди.

Жорий йилда ҳам обод турмушнинг муҳим шарти сифатида инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини замонавий даволаш воситалари, техника ва технологиялар билан таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш масалалари устувор вазифа бўлиб қолади.

…Сумалак – минг дардга даво тансиқ таом. Кўпчиликнинг меҳридан, бирдамлик ва аҳилликдан тотли бўлган неъмат. Халқимиз ҳар йили баҳорда дошқозонларда сумалак пиширади. Қўни-қўшни, маҳалла-кўйга тарқатади. Бу танларга қувват, руҳга тиниқлик бағишлайди. Ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистонимизнинг бош саҳнасида сумалак тайёрланиши ана шундай миллий қадриятларимизни, эзгу интилишларни ифодалайди. Шўх-шодон болакайлар ­“Сумалак” қўшиғини ижро этади.

Санъат усталари, эстрада юлдузлари, ёш хонандалар ўзларининг янги куй-қўшиқларини, рақсларини ижро этадилар.

Майдон узра таралган мусиқий оҳанглар, ҳофизлар хонишида Наврўз, Ватан, жамиятимиздаги бунёдкорлик муҳити, ёшлик, севги ва вафо тараннум этилади…

Миллий боғда ташкил этилган халқ ҳунармандлари кўргазмасида намойиш этилаётган маҳсулотлар бунёдкор, меҳнатсевар халқимизнинг бой маданий мероси ва юксак санъатининг ифодаси сифатида кўнгилда фахр уйғотади.

Қиру адирларда, дашту далаларда, кўча ва хиёбонларда дилларни эркалаб баҳор сабоси таралмоқда, борлиқни уйғотувчи Наврўз навоси янграмоқда.

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида Наврўз сайиллари, байрам шодиёналари давом этмоқда.

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбири

Сарвар ЎРМОНОВ,

Аъло АБДУЛЛАЕВ

(ЎзА) олган суратлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: