ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Шу кунларда каттаю кичик барча юртдошларимиз бағрини кенг очиб, баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи бўлмиш Наврўз айёмини “Хуш келибсан ўлкамизга, Наврўзи олам!” деб, шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда.

Шу мунаввар тонгда сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Наврўз айёми билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

Қадрли юртдошлар!

“Нима учун биз Наврўзни доимо соғиниб, интизорлик билан кутамиз? Нима учун бу сана барчамиз учун энг севимли, энг ардоқлайдиган байрамимизга айланиб қолган?”, деган савол берилиши табиийдир.

Бунинг сабаби, Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан холи, урф-одатларимизга ва қадриятларимизга жавоб берадиган байрам, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Нега деганда, Наврўз ўз руҳи ва ғоялари билан ҳар қайси инсон она заминнинг, табиатнинг ажралмас узвий қисми эканини, табиатнинг нақадар гўзал эканини ҳис қилиб, уни эъзозлаб, ҳамнафас бўлиб яшашга ундаши билан бизга қадр­лидир.

Ҳар қандай ғараз, гиналар ва низолардан воз кечиб, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳиллик ва бирдамлик, элатлар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик нақадар бебаҳо бойлик эканини улуғлаши, ўзининг даъватлари билан Наврўз байрами халқимизнинг қарашларига ғоят ҳамоҳангдир.

Айни ана шундай чуқур мазмун ва маънога эга бўлгани туфайли, хосият ва файз, қут-барака ва мурувват каби хусусиятларни ўзида мужассам этиши билан кун ва тун тенг келадиган шарқона Янги йилимизни – бу гўзал баҳор айёмини барчамиз орзиқиб кутамиз, эъзозлаймиз, хурсандчилик билан умуммиллий байрам сифатида ўтказамиз.

Бунинг яққол тасдиғини шу кунларда юртдошларимизнинг тобора очилиб келаётган табиатдан баҳра олиб, сумалак ва ҳалим, гўжа ва кўксомса каби баҳорий неъматлар тортилган дастурхонлар атрофида, яшил майдон ва кўкаламзорларда ўтказилаётган сайил-томошаларда, миллий кураш ва улоқ чопиш мусобақаларида кўриш ва кузатиш қийин эмас.

Айни шу бетакрор фаслда одамларимиз халқимизга мансуб бўлган, унинг одатига айланиб кетган қадриятлар – бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш, беморлар, кўнгли ярим инсонларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби эзгу фазилатларни яққол намоён этиб, ўз қувончи ва шодлигини яқинлари, дўсту ёрлари, қўни-қўшнилари билан баҳам кўришга интилади.

Яна ўқинг:  КЎКЛАМ ҲАДЯСИ

Она Ватанимизда яшайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча-барча юртдошларимиз ана шундай хурсандчилик кайфиятига берилиб, Наврўзни ўз қадрдон байрамидек қабул қилади.

Мана шундай қувончли дамларда бугун халқимизга катта ҳурмат ва эҳтиром билдириб, шу гўзал майдонда Наврўз шодиёналаримизда иштирок этаётган чет мамлакатларнинг муҳтарам элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий шерик ва ҳамкорларимизни, барча азиз меҳмонларимизни сизларнинг номингиздан, бутун халқимиз номидан қутлаб, уларга миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Азиз дўстларим, қадрдонларим!

Шу ёруғ лаҳзаларда мана шундай муҳташам ва файзли майдонда жамулжам бўлган сиз азизларга, сизларнинг сиймонгизда барча табаррук кексаларимиз, мунис опа-сингилларимизга, кўзлари ёниб турган, халқимизнинг таянчи ва суянчи бўлмиш навқирон ёшларимизга — менинг фарзандларимга ўзимнинг чуқур меҳрим, севги ва ҳурматимни изҳор этаман.

Барчангизни бағримга босиб, яна ва яна бир бор бугунги дилбар айём билан қутлаб, юрагимда, қалбимда бўлган самимий тилакларимни билдираман.

“Обод турмуш” деб ном олган йилимизнинг Наврўзи ҳаммамизга, барча-барча хонадонларга, оилаларга тинчлик-омонлик, бахту саодат, файзу барака келтирсин!

Орзу-ниятларимиз ушалсин, Ўзбекистонимиз янада обод ва фаровон бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: