Қайга учаяпсиз, оққушлар?!

Рашид ака (исми ўзгартирилган) ҳафта ораламай Тошкентга келади. “МАN” русумли шинамгина автобуси оққўрғонликларнинг яхши кунлари, тўй-ю шодиёнасига хизмат қилади.

– Тўйдан бошингиз чиқмасин, ака, – дейман ҳар гал, – халқнинг хизматида бўлиш савобли…

– Насибамизни элнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб топамиз, – дейди кулиб Рашид ака, – тўйчилик – элчилик, куёвга гувоҳ етишмаса, куёвжўраям бўлиб кетаверамиз…

– Эй, бу нима деганингиз, ўзбекнинг оға-иниси, уруғ-аймоғи кўп?! – Таажубланаман…

– Укам, шундай тўйлар бўладики, куёвнинг ёлғиз ўзи келади. Чет эллик куёвтўранинг қариндош-уруғи билан келиши “қопламаса” керак-да… – мийиғида илжаяди. – Қизларимизга жанубий кореялик йигитлардан харидор кўпайган. Пулни тўлайди, қизни оққушдай ясантириб тўй қилиб беради, кейин икки ёш ярим орол томон учиб кетади.

Ана холос, халқимизда “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма”, деган нақл бор. Асрлар силсиласида тобланган ҳикматларимизни ҳам ҳатлаб “бахт” сафарига отланган қизларнинг “жасорати”га қойил!

 

Қалини қиммат қизлар

Аслида бу мавзуда қалам “қайрашимга” интернет нашрлардан бирида ёритилган ахборот сабаб бўлди. Хабарда хусусан, шундай келтирилади:

“… Жанубий Корея Халқаро оила ассоциацияси маълумотларига кўра кореялик бўйдоқлар мамлакатда ҳар қадамда учрайдиган тўй агентликлари хизматидан кенг фойдаланади. Агентликлар мўмайгина пул эвазига асосан Ўзбекистон, Хитой, Филиппин, Камбожа, Вьетнам каби мамлакатлардан келин топиш билан шуғулланади. Тўй агентликлари ўртача нархларини эълон қилар экан, ушбу маблағлар ҳужжат ишлари ва тўй харажатларини ҳам ўз ичига олади. Унга кўра жанубий кореялик бўйдоқлар Ўзбекистондан уйланиш учун тўй агентликларига ўртача 23 минг 750 АҚШ доллари тўлашларига тўғри келади.

Шунингдек, корейслар учун Хитойдан уйланиш 12,7 минг, Вьетнам, Камбожа, Филиппин, ва Мўғулистондан уйланиш 14 минг, Лоас, Непал ва Таиланддан уйланиш 18 минг долларга тушади.

Жанубий Корея Миллий Статистика қўмитаси маълумотларига кўра мамлакатда чет эллик аёллар билан турмуш қуриб, сўнг тез орада ажрашиш ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда”.

Ушбу ахборотда Сиз, азиз ўқувчини ўзига жалб қилган жиҳат ўзбек қизларининг баҳоси баланд эканидир. Ораста-ю оқила, гўзал қизларимиз, аслида бебаҳо! Оталарнинг ори, ака-укаларнинг номуси, хонадонларимизнинг фариштаси, файзини қандай қийматда баҳолаш мумкин?

Барчамиз бахт тарафдоримиз. Аммо бир ажнабий хонадонининг остонасида хўрланаётган ёки бошини эгиб ота маконга қайтиб келган опа-сингилларимиз тақдири ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак?!

 

Остонадаги “овчи”лар

Ушбу мавзу юзасидан Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Абдунозимова билан телефон орқали боғландик. Туман хотин-қизлари етакчиси ҳудудда бу каби никоҳлар йилдан йилга камайиб бораётгани, чет элга турмушга чиқиб кетаётган қизлар билан (хабар топганида) суҳбатлар ўтказаётгани, аҳоли орасида бу борада тушунтириш ишлари олиб бораётгани ҳақида қисқача сўзлаб берди.

Яна ўқинг:  Болалари соғлом юртнинг эртаси нурли

Бу борадаги маълумотларни таҳририятга расмий тарзда беришини сўраб факсограмма юбордик. Бир ҳафтадан ошиқроқ сўровларимиздан сўнггина телефон орқали яна бир-икки маълумотга эга бўлдик. Оққўрғон туманидан 2015 йилда 14 нафар, 2016 йилда ўн нафар қиз чет элликларга турмушга чиққан. 2017 йилнинг шу даврига қадар уч нафари ажрашган. Икки нафарига никоҳ расмийлаштирилган, данғиллама тўй берилиб, элга овоза қилингану чет эллик “бўйдоқ”ларнинг танлов борасида фикри ўзгариб, никоҳ асоссиз бузилган.

Бу биргина туман миқёсидаги маълумотлар, холос.

Хўш, бу никоҳларга сабаб бўлаётган, қизларнинг қўйнини “пуч ёнғоққа тўлдириб” “бахт”га йўллаётганлар кимлар? Улар ниманинг эвазига бу ишга “бош-қош” бўлмоқда? Улар ҳам қайси бир қишлоқда, маҳаллада балки ён қўшнимиз бўлиб яшаётгандир.

Хорижий тўй агентликлари қай йўл билан юртимиз оилалари остонасига кириб келмоқда? Афсуски, саволлар очиқ қолаяпти. Бизга шуниси аён: “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”.

Наманган вилояти Хотин-қизлар қўмитаси билан боғландик. Котибият мудираси Умида Мамажонова бизга ушбу мавзуни ёритишда яқиндан кўмак беришга анчагина чоғланди. Уч-тўрт кунлик уринишларимиз зое кетмади. Чуст тумани ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба Бозорованинг телефон рақамларини берди:

– Опа саволларингизга жавоб топиб беради, узоқ йиллардан бери ишлайди. Қолаверса, Чуст тумани намунали ҳудуд, – дейди мудира илтифот билан.

Ажабланасан, ёритилаётган мавзуга туманни намунали эканининг нима алоқаси бор. Чуст аёллари етакчисидан эшитганимиз эса қуйидаги сўз бўлди: “Тадбирдаман, тадбирда…”.

 

Муҳаббатми, манфаат?

Мавзуни кенгроқ ўрганиш мақсадида Республика Оила илмий-амалий маркази катта илмий ходими, педагогика фанлари номзоди Рисолат Шамсиева билан мулоқотда бўлдик:

Ўзига муносиб турмуш ўртоқни танлаш ҳар бир аёлнинг шахсий ҳуқуқидир. Аммо баъзи юртдош хотин-қизларимизнинг миллати, дини, турмуш тарзи, оила тутуми ўзгача бўлган чет эллик фуқароларга турмушга чиқиши, аниқ айта оламанки, муҳаббат устида қурилган никоҳ эмас. Тўкин ҳаёт, фаровон турмуш орзусида аёлларимиз, қизларимиз бу йўлни танламоқда.

Яқинда одми кийинган андижонлик ёш жувонга рўбарў келдим. Турмушдан ажраган, ҳаётдаги қийинчиликлар юзида акс этиб турган бу аёл йўл харажатлари учун қарз кўтариб, пойтахтга чет элга турмушга узатадиган тўй агентлигини излаб келибди. Эмишки, у истиқомат қиладиган ҳудуддан бир неча қизлар Жанубий Корея фуқаросига турмушга чиқиб бахтли ҳаёт кечираётган экан. Унинг мақсади ортидаги оиласининг иқтисодини шу йўл орқали яхшилашга эришишдир. Аёлнинг кичик жуссаси ва кўнглидаги юкнинг залворини биз билмаймиз. Турмушидаги қийинчиликларни бу йўл билан бартараф этиши нотўғри эканини унга тушунтириш лозим.

Аёнки, чет эллик билан турмуш қуриб кетаётганларнинг камчилиги никоҳини сақлаб қолаяпти. Кўпчилиги ажрашиб ўз юртига қайтиб келмоқда. Оқибатда, муаммо муаммони келтириб чиқармоқда.

Оила илмий-амалий маркази ҳозирда юртимиздаги оилаларнинг маънавий, педагогик-психологик, тиббий, демографик ва иқтисодий ҳолатларини яқиндан ўрганиб келмоқда. Оилаларнинг демографик ҳолатларини ўрганишда хотин-қизларнинг меҳнат миграциясига катта эътибор қаратилмоқда. Аммо юртимиз хотин-қизларининг чет эл фуқаролари билан турмуш қуриб мамлакатдан чиқиб кетиши, ажримларни статистика ва илмий нуқтаи назардан ўрганиш бўйича изланишлар олиб борилмаяпти.

Юқоридаги ахборотда Жанубий Корея Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра мамлакатда чет эллик аёллар билан турмуш қуриб, сўнг тез орада ажрашиш ҳолатлари йилдан йилга ошиб бораётгани айтилган. Шундай бўлса-да, корейс йигитлари чет эллик қизларга уйланиш аҳдидан қайтганмас. Хўш, улар учун оқила оила бекаси керакми ёки минглаб гектар шолипоялар, гармдори далалари учун “қўли касов, сочи супурги” дастёр?

Яна ўқинг:  Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолияти муҳокама қилинди

Оиласи бузилиб юртга қайтган аёлларнинг кўпчилиги оғир меҳнат шароитларидан ҳамда ёмон муносабатлардан азият чеккани аниқланган. Аммо тўкис ҳаёт кечираётганлари ҳам йўқ эмас, афсуски, улар камчиликни ташкил қилади.

 

Кези келганда…

Хўш, миллий анъаналаримизнинг муҳим бўғинларидан бири бўлган совчиликни фаолият турига айлантирган тўй агентликлари юртимизда ҳам мавжудми?

Бу борада интернет тармоғига мурожаат қиламиз. Қидирув зое кетмади… “SOVCHI ELIT” никоҳ агентлиги.

Пойтахтда жойлашган мазкур вакиллик идорасида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишдик. Никоҳ агентлиги фақат юртимиз фуқаролари учун хизмат кўрсатар экан. “SOVCHI ELIT” никоҳ вакиллиги директори, филология фанлари номзоди Бахтия Шамсиеванинг мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Аввало келинни ва куёвни ижтимоий келиб чиқиши, оилавий мавқеи, моддий шароити, ёшларнинг дунёқараши ва ҳаётдаги қизиқишлари ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг қизларнинг уйига куёв томонидан совчилар олдин қизнинг онасига кўнғироқ қилиб, ўзини таништириб кейин борадилар.

Фаолиятимиз давомида 400 нафарга яқин ёшларнинг оила қуришига сабабчи бўлдик. Шулардан 4 нафари ўзларига боғлиқ сабаблар билан ажрашган. Бу юз фоиз кўрсаткичга нисбатан бир фоизни ташкил этади. Биз топадиган куёв ёки келинлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, уларнинг аксарияти ўқиш ёки ишлаш мақсадида турли давлатларда истиқомат қилишади. Чет мамлакат фуқароларига келин топиш жуда мушкул, масъулиятли вазифа. Хорижий маданият, урф-одатлар ва бошқа омилларни ҳисобга олиш зарур. Шу сабабли биз бу йўналишда фаолият юритмаймиз.

Мурожаат қилаётган хотин-қизларнинг маълум қисмини 30-40 ёшлилар ёки турмушидан ажраганлар ташкил қилади.

Мурожаат қилувчилар билан аввало, яккама-якка суҳбат олиб борамиз, савол-жавоб ўтказилади. Бу орқали улар билан ишлай олиш ёки ишлай олмаслигимизни аниқлаймиз. Яна бир жиҳати ёшларни оиласидаги ёши улуғлардан бехабар бир-бири билан таништирмаймиз.

Четдан қараганда ишимиз бизнес фаолиятга йўналтирилгандек кўринади, аслида мақсадимиз маблағ топиш эмас. Ёшларни оиладек муқаддас ошёнга бирлаштириш азалдан ёши улуғларимизнинг вазифаси бўлиб келган, бу ишга беминнат савоб сифатида қаралган. Ташкилот фаолият юритиши учун эса, албатта, замин – маблағ зарурати бор. Ушбуларни инобатга олиб, қизлар учун бир йил давомида 200 минг сўм, йигитлар учун 3 ой давомида 300 минг сўм миқдорида маблағ белгилаганмиз. Баъзан камхарж оила фарзандлари бўлган қизларимиз томонидан тўлов амалга оширилмайди.

Чет эл сафарларида кўп юрганим сабаб бизнинг давлатда ҳам бу каби ташкилотга эҳтиёж борлигини тушунганман. Ахир замон шиддат билан ривожланмоқда, халқимизнинг турмуш даражаси йилдан йилга ошаяпти, бир сўз билан айтганда, одамлар шошиб яшамоқда. Уларнинг ҳаёти давомийлигини таъминлашга, оила қуришига сабаб бўлиш, ҳаётнинг оқу қорасини кўрган фуқаронинг, кўксида юрак уриб турган инсонларнинг бурчидир.

Халқимиз фарзандларининг ҳаётини, келажагини, бахтини ўзининг орзусидан, саодатидан устун қўяди. Шу боис уларни оқ ювиб, оқ тарайди, тарбият этади. Айниқса, қиз болани кўзи қорачиғидек асраб-авайлайди. Унга бировнинг хасми сифатида қараб улғайтиради. Яхши хонадон бекаси бўлишини ният қилади. Остона ҳатлаб кетаётган қизини “борган жойингда тошдек қот”, деб дуо қилади.

Яна ўқинг:  Энди, юрагинг омон уради

Ота-она аввало, бўйи етган қизига совчиларни маҳалласидан, яқин атрофидан кутар экан. Бу умид замирида не ўйлар мужассамлигида йиллар, асрлар хулосаси мавжуд.

Балоғат остонасидаги қизлар – учишга шайланган оққушлардир. Борар манзилларингиз нурга, бахтга тўлсин! Парвозингиз ота-онангизнинг ойдин орзуларига, жонажон Ватанимиз манфаатига эш бўлсин, Оққушлар!

Бироқ унутмаган маъқул: “Илдизидан ажраса, чинор ҳам қулайди”.

 

Фахриддин ҲАЙИТОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: