Бола тарбиясини кимга ишонмоқ керак?

Аксарият ота-оналар фарзанди 2-3 ёшга етгач, кичкинтойни энага ёхуд МТМга бериш ҳақида бош қотиради. Шундай экан, ўз-ўзидан савол туғилади. Хўш, фарзанд камолини ишониб топшириш учун якка бир шахс афзалми ёки МТМ?

Она – бола ҳаётида энг асосий рол ўйновчи инсон ҳисобланади. Фарзанд туғилганидан то 3 ёшгача бўлган муддат оралиғида она билан кичкинтой ўртасидаги яқинлик ўзига хос тарзда кечади. Болакайнинг феъл-атвори 1 ойлигидан бошлаб шакллана боради, 2-3 ёшида эса характер юқори суръатларда ривожланади.

Боланинг шаклланишида катталар, унинг юриш-туриши, маданияти жуда катта таъсир этади. Албатта, кўпчилик ота-оналарда фарзанд тарбияси ва унинг ривожланишида турли саволлар ва қарашлар мавжуд. Педагог ва руҳшунослар ҳам бу борада ягона хулосага кела олишмаган.

Биринчи галда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги асосий роли уни ҳар томонлама ривожлантира оладиган (интеллектуал, жисмоний, руҳий, ижодий ва маданий) муҳит яратиб беришдан иборат. Бу вақт, билим, сабр-тоқат талаб қиладиган жараёндир. Агар бу борада муаммолар туғилса, мутахассис билан маслаҳатлашиш тавсия этилади. Биз қуйида МТМ ва энага тарбияси борасида тавсиялар бериб ўтамиз. Хулоса эса ўзингиздан.

Бола тарбиясида МТМнинг ўрни

Биз фарзандимизни шахс сифатида шаклланиб, жамиятга чуқур сингиб кетишини хоҳлаймиз. Ушбу хусусиятнинг юзага келишида МТМнинг ўрнини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Бу масканда камол топаётган бола тартиб-интизомга, меҳнатга, каттага нисбатан ҳурмат, кичикка эса иззат, бировларга ёрдам қўлини чўзишга ўрганади. МТМда кичкинтойлар учун махсус ўйинлар мавжуд. Улар орқали бола жамиятда юз берадиган ҳолатларга олдиндан тайёргарлик кўриб боради. Бундай болалар мактабда ҳам қийналмайди.

Ҳозирда мактабгача бўлган тайёргарлик боланинг ақлий ривожланишида ўзига хос ўринга эга. Ўқув тартиби, мактабда қўйиладиган талаблар, унда ечиладиган тест саволларига тайёрланишда ҳам МТМнинг ўрни ўзгача.

 

Ушбу масканда тарбия топаётган болада ундаги ўзига хос қобилиятларнинг намоён бўлиши бироз қийин кечади. Буни бартараф этиш учун кичкинтой уйга келгач, катталар у билан алоҳида шуғулланиши лозим. Бу орқали муаммони ҳал этиш мумкин.

 

Бола тарбиясида энаганинг ўрни

Қадимдан юқори табақа вакиллари замонанинг энг зиёли вакилига ўз фарзанди тарбиясини ишониб топширган. Бундай фарзандлар етук шахс бўлиб камол топгани ҳақида кўп бора эшитганмиз. Энага бола ҳаётида нафақат педагог ва тарбиячи, балки биринчи галда дўст ва устоздир. Унинг ҳар томонлама билимга эга, боланинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолатдан бохабар, кичкинтой руҳиятини яхши тушунадиган, у билан тез тил топишиб кетадиган, дўстлаша оладиган, унинг қизиқишлари билан қизиқадиган, истеъдодини ривожлантира оладиган шахс бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Профессионал энага болани қачон тақдирлаш ёки мақташ кераклигини жуда яхши билади. У одатда ота-она томонидан зиммасига қўйилган шарт ва талаблар томон ҳаракат қилади. Дейлик улар томонидан мактаб ёшидаги болани мактабга тайёрлаш кераклиги топширилса, у шунга мувофиқ ҳаракат қилади. Энага кичкинтой билан турли ўйинлар ўйнаб, уни ўқишга бўлган муҳаббатини оширади. Бу жараёнда бола уни ўзига дўст деб билади, дўст билан ўйнаш эса ҳеч қачон зерикарли бўлмаган.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМДА ТУРНИКЕТ ТИЗИМИ

Аммо энага билан улғаяётган болаларнинг ўзига хос хусусиятлари намоён бўлиши билан бир қаторда унда одамовилик ҳолати юзага келади. Чунки, унга бутун эътибор қаратилади. Натижада кичкинтойда бироз худбинлик ҳолати кузатилади.

Яқинда бир болакай дарсга киришни хоҳламаслигини айтиб, онаси билан тортишиб қолди. Она фарзандини уйга олиб кетишга мажбур бўлди. Аниқланишича, у энага қўлида катта бўлган, шу сабаб ўқувчини болаларга киришиб кетиши жуда қийин кечмоқда.

 

“Данагидан мағзи ширин”

Кўпчилик ота-оналар фарзанди билан шуғулланиш учун уларга вақт етишмаслигини айтишади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ота-она билан ўсаётган ҳамда бобо-бувиси билан улғаяётган бола ўртасида катта фарқ мавжуд. Одатда катталар билан ўсаётган кичкинтойнинг фикрлаши, дунё қараши ота-она билан ривожланаётган боладан анча илгарилаб кетади. Хўш, бунинг сабаби нимада?

Халқимизда “данагидан мағзи ширин” деган ажойиб мақол бор. Чиндан ҳам бобо-бувиларимиз невараларини ўз фарзандларидан ҳам ортиқроқ яхши кўришини айтишади. Уларнинг кўп йиллик бола тарбияси борасида тўплаган ҳаётий тажрибалари ва доноликлари уларнинг тарбиясида муҳим ўринга эга. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнига яқинлаштирадиган, уларга нисбатан меҳр уйғотадиган ҳам айнан кексалар саналади. Кичкинтойга бувижони ёки бобоси сингари қайғурадиган, улар билан суҳбатлашадиган инсонларни топиш мушкул. Худди ота-она сингари улар ҳам кичкинтой ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга шахслар саналади.

 

Психолог

Матлуба ТАГАЕВАнинг

фикрлари асосида

Тамара ШАРИПОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: