Аҳоли саломатлиги — олий мақсадимиз

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт тизимида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Замонавий услубда бунёд этилаётган қишлоқ врачлик пунктлари, керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт бирлашмалари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, Самарқанд вилояти Ургут тумани Тиббиёт бирлашмасида ҳам эл саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида бир қанча ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Тумандаги 420 минг нафар аҳолига бирлашмага қарашли 47 та қишлоқ врачлик пунктлари, туман кўп тармоқли поликлиникаси, стоматология клиникаси, Силга қарши курашиш диспансери, 120 ўринли Умар Қурбонов номидаги шифохона, 125 ўринли “Жартепа” шифохонаси, 90 ўринли Абу Али ибн Сино номидаги шифохона ва 125 ўринли туман марказий шифохонаси малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туман даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг асосий йўналишларидан бири бўлган “Оналик ва болалик”ни ҳимоя қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Зеро, миллат саломатлиги кўп жиҳатдан оналар саломатлигига боғлиқдир. Бу борада 2012 йилда тумандаги 116 минг 778 нафар фертиль ёшидаги аёл ва қизлардан 146 минг 418 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли хилдаги экстрагенитал касалликлар аниқланган аёлларга саломатлиги борасида керакли маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан қишлоқ туманларида яшовчи ҳомиладор аёллар саломатлиги учун зарур бўлган витаминларга бой махсус комплекслар барча ҚВП ларга тарқатилди.

Аҳоли ўртасида тез тарқалувчи инфекциялардан ҳимоялаш мақсадида полиомиелит, пентавалент вакциналари билан тумандаги болалар ҳамда 2 ёшгача бўлган гўдаклар қизамиққа қарши эмланди.

Шифокорларимиз туман хотин-қизлар қўмитаси бўлими, Ички ишлар ва туман прокуратура ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ФҲДЁ, “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда омма орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар ўтказиб келишмоқда. Шунга кўра, маҳалла, коллеж, мактаб, академик лицейларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, хотин-қизлар саломатлигини яхшилаш, репродуктив саломатлик, тўғри овқатланишга доир “Ёш оила мактаби”, “Соғлом турмуш тарзи асослари”, “Оила психологияси” каби тадбирлар, чекиш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашиш бўйича давра суҳбатлари, савол-жавоблар ўтказилди.

Яна ўқинг:  Миллий тарбия мезонлари

Бўлимда ультратовуш текшируви тиббий ускунаси, гастродуоскопия (эндоскопия) аппарати, эндоскопик операция ускуналари ўрнатилган бўлиб, улардан кенг миқёсда фойдаланилмоқда.

Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида унинг филиаллари маҳаллалардаги 6 та ҚВП қошида ташкил этилди. Бу эса беморларнинг тезроқ соғайиб кетишига туртки бўлмоқда. “Саломатлик-2”, “Она ва бола, саломатлигини муҳофаза қилиш” лойиҳалари асосида туманимиз аҳолиси соғлигини сақлаш, хасталикларга эрта ташхис қўйиш ва даволаш мақсадида жами 34 млн. 368 минг сўм маблағ сарфланди. Шундан тез тиббий ёрдам бўлимига 2 млн. 284 минг, болалар бўлимига 2 млн. 309 минг сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар келтирилди ва улардан малакали мутахассислар томонидан фойдаланиш йўлга қўйилди.

Бирлашма касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларнинг саломатлигини тиклаш, маънавий ҳордиқ олишларини таъминлаш мақсадида йил давомида турли байрам тадбирларини ўтказиш, сиҳатгоҳ ва дам олиш масканларига юбориш, ходимлар фарзандларини ёзги оромгоҳларга жўнатиш каби ишлар амалга оширилди.

Тадбирларда ўзининг фидойи меҳнати билан жамоа орасида ҳурмат қозонган ходимлар, устозлар муносиб тақдирландилар. Туманда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

Тиббиёт ходими ўзгаларга саломатлик улашиш билан биргаликда ўзи соғлом, маънавий дунёқараши юксак бўлмоғи лозим. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида шифокорлар ўртасида ҳам турли спорт мусобақаларини ўтказишга катта эътибор қаратилган.

“Устоз ва шогирд” анъаналарини давом эттириш мақсадида ҳар бир тиббиёт ходимига коллеж битирувчилари бириктирилиб, соҳага энди кириб келаётган ёш мутахассисларнинг касб малакаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ёш кадрларни касбга тайёрлашнинг энг муваффақиятли йўналишларидан биридир.

Фармон АЗИЗОВ,

Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи

Фахриддин НУРМУҲАММЕДОВ,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: