Навоий – қалб эҳтиёжи

Iнсон маънавияти болаликдан берилган таълим-тарбия, ота-она насиҳатлари, миллий қадриятлар ва маънавий меросимиз ҳисобланган тарихимизнинг кўҳна дурдоналари ёрдамида шаклланади.

Камолотнинг бу асослари Сўз қудрати орқали намоён бўлади. Сўзнинг мўъжиза эканлиги эса нафақат бир миллатга, балки бутун дунё маънавияти, маданияти ривожи йўлида қилинган Яхшилик эгасининг тарих ва келажак учун абадий тирик сиймога айланганлигида ўз аксини топади. Ана шундай буюк сиймо, мутафаккир, туркий сўз жилваларидан маънолар оламини ярата олган шоир Алишер Навоийнинг ҳаёти ҳам, ижоди ҳам ҳар бир инсон учун намуна, қалбни эзгулик нури билан ёритувчи машъал кабидир.

Шоирнинг ижодий мероси ва улардан чиқариладиган ҳаётий хулосалар оиладаги, жамиятдаги ҳамда дунёдаги замон танламас ахлоқий муаммоларга ечим бўла олади, маънавий ортда қолишга, ўзликни йўқотишга йўл қўймайди. Шоирнинг ижоди мавзу жиҳатдан жуда бой, кенг кўламлидир. Айниқса, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ҳайрат ул-аброр”, “Садди Искандарий” каби асарлари фалсафий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий ва маънавий жиҳатдан мукаммалдир.

Навоийнинг ҳар бир сўзида инсон ва унинг хислатлари қадрланади, эзгулик эъзоз топади, ҳар бир фикри инсон комиллиги учун хизмат қилади. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида эзгу амал моҳияти, яхшилик ва ёмонликнинг, оқ-у қоранинг доимий кураши, иймон мустаҳкамлиги, халқпарварлик, сабр, қаноат, каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлишлик, ота-она ҳамда фарзанднинг бурч ва масъулиятлари ўзининг гўзал ифодасини топган:

Қобилга тарбият эрур ул наъвким, гуҳар,

Тушса нажосат ичра юғай кимса ани пок.

Гар ит узумига киши май бирла берса сув,

Бу тарбия била қила олғайми ани ток.

Навоий фарзанд тарбияси мавзусидаги ушбу мўъжаз шеърий қитъани насрда қандай маъно англатишини шундай изоҳлайди: “Қобилни тарбия қилмаслик зулмдир, ноқобилни тарбия қилишлик эса ҳайф. Қобилга тарбия қилишни зое қилма, ноқобилга эса тарбиянгни”.

Дарҳақиқат, инсоннинг бошқаларга яхшилик улашиши оиладан – ўз фарзандини муносиб тарбиялашдан бошланади. Бу эса, аввало, ота-онанинг фарзандга, кейин атрофдагиларга, жамиятга қилаётган яхшилигининг дебочасидир. Халқимизда “Бола бошдан” деган ҳикматга таяниб, уни қандай тарбия қилиш лозимлигини англаймиз. Чунки, фарзанднинг фазилату иллатлари, хислату нуқсонлари фақат ўзига ва ота-онасига аёндир. Агар ушбу мисраларни кенгроқ мушоҳада қилсак, қобил ва ноқобил фарзанднинг тарбиясига эътибор бериш фақат ота-онанинг эмас, балки атрофдагилар – қўни қўшни, маҳалла, таълим-тарбия жонкуярларининг зиммасидаги масъулиятлардан бири эканлигини англаймиз. Шу ўринда мутафаккирнинг келажак авлод учун оиладан бошлаб тўғри маънавий муҳитни яратиш, ёшларнинг ҳар томонлама етуклиги йўлида барчани бирдек сафарбарликка ундаши Навоийнинг нафақат чин инсоний фазилатларини намоён этади, балки миллат олдидаги бурчини қанчалик юксак даражада бажарганлигини исботлайди.

Яна ўқинг:  Қоғоздан ишланган велосипед

Инсонни маънавий камолотга даъват этувчи туйғулар – ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталик, бунёдкорлик, ватанпарварлик, ҳалоллик сингари эзгу ғояларни куйлаган шоир асарларининг аҳамияти ҳали яна неча-неча асарлар инсон камолоти ва бахт-саодати йўлида хизмат қилаверади.

Бу эса унинг нафақат шоир сифатида, балки давлат ва жамоат арбоби сифатида юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ибратли ва эътирофга лойиқ ишлар қилган бўлиб, у инсонни улуғлайди, ёшларни комил шахс бўлиб вояга етишга ундайди. Айни пайтда ҳар бир киши эзгу ном қолдириши, умрини яхшиликлар қилиш билан безаши муҳимлигини уқтиради.

Шоирнинг қайси бир асарини олмайлик, хоҳ у ғазал ё достон бўлсин, уларнинг бари биз ёшларни мудом яхшилик, эзгулик, бунёдкорлик, ватанпарварликка чорлайди.

Улуғ шоир:

Одами эрсанг, демагил одами,

Оники йўқ халқ ғамидин ғами, –

деб ёзади. Ўзининг ҳаёти учун ҳам, ижоди учун ҳам бу даъватни шиор сифатида қабул қилди. Давримизнинг бугунги шиорларидан бири эса “Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун!” деб номланган. Чинакам инсон учун кишиликни улуғлаш, унинг бахтли бўлиши лозимлигини эътироф этиш ҳали оз. Бу бахт учун курашмоқ ҳам зарур. Навоий бу йўлда ҳам буюк жасорат кўрсатди. Инсонпарварликни ҳар қандай муқаддас нарсадан муқаддасроқ билди. Уни ислом оламининг энг муқаддас, мўътабар даргоҳи Каъбани обод қилиш билан тенг тутди. Шоир ёзади:

Чинакам инсон учун кишиликни улуғлаш, унинг бахтли бўлиши лозимлигини эътироф этиш ҳали оз. Бу бахт учун курашмоқ ҳам зарур. Навоий бу йўлда ҳам буюк жасорат кўрсатди. Инсонпарварликни ҳар қандай муқаддас нарсадан муқаддасроқ билди. Уни ислом оламининг энг муқаддас, мўьтабар даргоҳи Каъбани обод қилиш билан тенг тутди. Шоир ёзади:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин

шод айлагай,

Онча борки, Каъба вайрон бўлса,

обод айлагай.

Бир кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш, шод этиш шу қадар улуғ ишки, бу вайрон бўлган Каъбани обод қилган даражададир. Одамнинг кўнгли Каъбага қиёсланаяпти. Кўнгил синиқлиги Каъба вайронлигига ўхшатилаяпти. Меҳр-мурувватнинг бундай тимсоли, ўйлайманки, ҳар қандай кишини ларзага солади. У элнинг нафини ҳамиша ўзлигидан устун қўйди. Уни ҳамиша энг юксак мезон деб билди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади

Амин бўламизки, Алишер Навоий номининг боқийлиги, сиймосининг абадийлиги, аввало, буюк бобокалонимизнинг ҳақиқий инсон, бетакрор одамийлик соҳиби эканлигидан далолатдир. Қалбида иймони бут, ниятида яхшилик, сийратида халқпарварлик балқиб турган бу азиз зотнинг қиёси ва назири йўқ меросини асраб-авайламоқ, уни чуқур ўрганмоқ ва ёшларга ўргатмоқ нафақат она Ватан олдидаги масъулиятли бурчимиз, балки яхшиликка яхшилик билан қайтарган жавобимиз бўлади.

 

Муносиб жавоб

Навоий ўзининг энг яқин шогирдлари қуршовида қандайдир йиғиндан қайтиб келаётган пайт Ҳусайн Бойқаро саройининг ғаламис аъёнларидан бирига рўпара келибди. Навоий ҳамроҳларидан ажралиб чиқиб, унга таъзим қилибди. Шогирдларидан бири ажабланиб:

– Ахир, бу одам сизнинг душманингиз эдику, ҳазратим? – деб сўрабди.

– Тўғри, бироқ мана шундай душманларим бўлмаганида эди, мен сизлардек дўстларни тополмаган бўлардим, – дебди доно устоз.

 

Алишер Навоий ҳикматлари

Ўз вужудингга тафаккур айлагил,

Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил.

* * *

Нафъинга гар халққа бешак дурур,

Билки, бу нафъ ўзунгга кўпрак дурур.

* * *

Бордур инсон зотида онча шараф, –

Ким ямон ахлоқин этса бартараф.

* * *

Кўп демак бирла бўлмағил нодон,

Кўп емак бирла бўлмағил ҳайвон.

* * *

Илмни ким воситайи жоҳ этар,

Ўзинию халқни гумроҳ этар.

* * *

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Билки, нишона анга иймон эрур.

* * *

Бефойда сўзни кўп айтма ва

фойдалиғ сўзни эшитурдин қайтма.

 

Саодат БОЙМИРЗАЕВА,

филология фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: