Ферузбек ҳунармандчилик маҳсулотларини интернет орқали сотишни йўлга қўйди
Бухоролик таниқли зардўзлар хонадонида улғаяётган 8 ёшли Ферузбекнинг шўхликларини кўрган Моира опа кенжатойини бир ҳунарнинг этагидан тутиш вақти келганини англади.
Попопчилик йўналишида анчагина қўли келиб, бир нечта шогирдлар етиштиришга улгурган қизи Манзурахонга укаси Ферузбекда шу касбга қизиқиш уйғотиб, унга ўз ҳунарининг сир-асрорларини ўргатиш лозимлигини уқтирди.
Болакай ўйинқароқ бўлса-да, онаси-ю опасининг сўзидан чиқмади. Аниқроғи, оиладаги тарбиявий муҳит болакайда бу ҳунарга катта қизиқиш уйғота олди. Мактабдан қайтган Ферузбек опасининг устахонасига йўл олиб, у ерда попопчиликнинг илк сабоқларини қунт билан ўргана бошлади.
У рангин ипларни қўлга олиб тикишга уринганида ота-онасига атрофдагиларнинг “Йигитга улоқ чопиш, кандакорлик, ёғоч йўниш ярашади. Ҳеч замонда ўғил бола ҳам игна билан ип ушлаганми?!”, – деган эътирозлари бўлди. Аммо қатъиятли, бир сўзли она ўғлининг қалбида патдўзлик ҳунарини ўрганишга бўлган иштиёқни асло сўндирмади. Унга рағбат билдириб, ҳамиша янгиликка интилишга ундади.
Бухоро санъат коллежини тамомлаган Ферузбек 15 ёшидан мустақил ҳунарманд сифатида иш бошлади. Бир нечта тикув ускуналарини жамлаб, соз ҳолга келтирди. Аввалига яратмоқчи бўлган маҳсулотларининг қадимий андозаларини топиб, унга замонавий руҳ беришга уринди. Сайқал бермоқчи бўлган нақшларнинг ранглар уйғунлигига, ўзига хослигига жиддий эътибор қаратди. Бетакрор юртимизнинг ҳар бир воҳасига хос бўлган ажиб нақшлар ва чизиқларнинг турфа коллекциясини жамлаб, уларнинг келиб чиқиш тарихи, матоларга қўлланишидаги ўзига хос услублари борасидаги орттирган билими кейинчалик унга шахсий коллекциясининг яратилишида муҳим дастуриламал бўлди. Даставвал, тўқсон ёшдан ошган бобоси Нор ота томонидан тайёрланган ипак ипларга табиий ранглар ёрдамида сайқал бериб, турли хил сўзаналар, жойнамозлар, елпиғичлар тайёрлашни бошлади. Вақт ўтиши билан ёш ҳунарманд фаолиятини янги босқичга кўтариш лозимлигини англади. Замонавий ҳунармандчилик ва хориж каштачилигини кузатиб борган Ферузбек ўз маҳсулот турларини бежирим оёқ кийимлар, турли ҳажм ва кўринишдаги сумка, кармонлар, замонавий бичимдаги костьюм ва чопонлар билан бойитди.
У ўз ижод маҳсули билан кўплаб танлов ва кўргазмаларда муносиб иштирок этиб, турли йўналишларда ғолибликни қўлга киритди. Билим ва тажриба тўплади ва малака оширди. Тадбиркорлик кўникмаларини оширишга қаратилган семинар тренингларда қатнашиб, фаоллиги ва ишбилармонлиги билан юқори кўрсаткичларни қўлга киритди.
– Даставвал республика миқёсида фаолият юритаман деган хаёл бўлди, – дейди Ферузбек Жўраев. – Аммо кейинчалик ўз маҳсулотларим билан хориж кўргазмаларида иштирок этиш нияти туғилди. Бунинг учун юртимизда биз каби тадбиркор ва ҳунармандларга барча имконият ва шароитлар яратилган.
Ферузбек 2016 йил бошларида илк бор Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган ҳалқаро кўргазмада қатнашди. Натижа эса кутилганидан ҳам аъло бўлди. Бу ерда ўзбек ҳунарманд йигити томонидан яратилган бежирим қўл меҳнати маҳсулотларига кўплаб янги таклифлар тушди. Сўнг у ўша йилнинг ўзида Қозоғистон ва Қирғизистон каби бир қатор давлатларда кўргазмалар ташкил этишга муваффақ бўлди.
Ҳозирда Ферузбек интернет орқали хорижликлардан маҳсулотларига буюртмалар ва таклифлар олмоқда. Ташкил этган мўъжаз иш жойида ўн нафардан ортиқ уй бекаларини иш билан таъминлади. Келгусида у ўз фаолиятини янада кенгайтириб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш истагида. Биз Ферузбекка орзулари ушалишига тилакдошмиз.
Маърифат ТОЛИПОВА,
“Соғлом авлод” мухбири