Халқимиз меҳру садоқати ифодаси

Инсон хотираси – муқаддас. Бу туйғу бизга яқинларимизни ёд этиш, кимларнинг авлоди эканимизни билиш ва уларга муносиб бўлишни ўргатади, ўзлигимизни англашга ёрдам беради.

Шу маънода Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг буюк тарихимиз, улуғ аждодларимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати ҳам халқимизга ўзлигини англаш, бой тарих ва маданиятимиз билан фахрланиш имкониятини берди. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларимизнинг маънавий меросини ўрганмай муқаддас динимиз моҳиятини англаш мумкинми? Ёки Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий сингари қомусий олимларнинг илмий қарашларисиз ўрта асрлар илм-фани, маданиятини тасаввур қилиб бўладими? Буюк давлатчилигимиз тарихи, шаҳарсозлик анъаналари ва улуғвор бунёдкорликлар ҳақида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди ҳаёти, фаолияти билан танишмай туриб фикр билдириш мумкинми?

Албатта, йўқ. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши билан тикланган тарих ҳақиқатлари, халқимизнинг бебаҳо маънавий бойликларидир.

Йигирманчи аср охирида дунё харитасида Ўзбекистон деган мустақил давлат пайдо бўлгани ва йигирма беш йиллик қисқа муддатда қаддини тик тутиб, жаҳон билан бўйлашганини бугунги авлод яхши билади. Бу йўлда қандай машаққатлар бошдан кечирилгани, не-не синовлардан ўтишга тўғри келгани ҳам халқимизга аён. Лекин бугун катта ҳаёт сари қадам қўяётган ёшлар, келгуси авлод давлатимизнинг пойдевори қандай асосларда қўйилгани, мустақилликни асраш, мустаҳкамлаш йўлида Буюк Йўлбошчимиз раҳнамолигида қандай улуғвор ишлар амалга оширилганини билиши, бунинг қадрига етиши учун улар бу тарихдан яхши хабардор бўлиши лозим.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори шу нуқтаи назардан бугунги кунимиз ва келажагимиз учун ғоят аҳамиятли тарихий воқеадир.

Мазкур фармонга биноан Буюк Юртбошимиз туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида у кишига ҳайкал ўрнатилиши ва музей ташкил этилиши Ислом Каримов номини абадийлаштириш, Ватанимиз ва халқимизга бахшида ҳаёти, жўшқин фаолияти ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишга хизмат қилади.

Биринчи Президентимиз 2016 йил 3 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида дафн этилди. Шу кундан буён Ҳазрати Хизр мажмуасидан юртдошларимиз, хорижлик меҳмонлар қадами узилгани йўқ. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, хорижий давлатлардан кишилар келиб, азиз Юртбошимиз хотирасига ўз ҳурмат-эҳтиромларини билдирмоқда. Кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ушбу масканни зиёрат қилиб, Ислом Каримовнинг жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган буюк сиёсатчи бўлганини таъкидламоқда. Умуман, бугун Самарқандга келаётган ҳар бир инсон зиёратни ушбу маскандан бошламоқда.

Яна ўқинг:  Чет тилларини билиш миллий тест тизимида баҳоланади

Яқинда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан келган бир йигит “Рухсат берсангиз, ўзим тиловат қилсам”, деди ва кўзда ёш билан оят ўқиди. Тиловатдан сўнг, афғон халқи Ислом Каримовнинг вафотини ўз мусибати, деб билгани ва бу ерни зиёрат қилишни улар ўзлари учун катта шараф, деб билишини айтди.

Куни кеча Тожикистоннинг узоқ тоғли қишлоғидан келган меҳмон 94 ёшли онаси номидан ҳам бу муқаддас масканни зиёрат қилиш нияти борлиги, бу волидасининг ўтинчи эканини айтди.

Ушбу ҳудудда улуғ Йўлбошчимизга давлатимиз ва халқимизнинг чексиз меҳри, садоқати ифодаси сифатида ёдгорлик мажмуаси барпо этилиши бутун юртдошларимизни, айниқса, Самарқанд аҳлини бағоят мамнун этди.

 

Маҳмудхон МУХТОРОВ,

Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр ёдгорлик мажмуаси раҳбари.

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: