ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАДА

Маълумки, азал-азалдан халқимиз бўлажак оналар ва туғилажак фарзандлар саломатлигига катта эътибор қаратиб келган. Бўлажак насл учун қайғуриш аждодларимиздан қолган эзгу амал. Зеро, бўлғуси ота-она соғлом бўлсагина улардан жисмонан ва руҳан баркамол фарзандлар дунёга келади. Соғлом авлод эса она Ватан равнақи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади. Мустақиллик йилларида ҳам она ва бола саломатлигига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” Бош бошқармаси фаолияти билан танишиш мақсадида бошқарма бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Саидмурод Исмоиловга мурожаат этдик:

— Сиз бошқараётган “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” Бош бошқармасида “Мустаҳкам оила йили”да қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўзбекистонда мустақилликнинг илк давридан бошлаб оналик ва болалик муҳофазаси, репродуктив хизматларни ташкил қилиш ва такомиллаштириш устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмокда. Мамлакатимизда соғлом ва баркамол вояга етаётган авлодни тарбиялаш учун зарур имкониятлар ҳамда шарт-шароитларни яратиш, жамият пойдевори ва келажаги бўлган мустаҳкам оилани шакллантириш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида 2012 йил 27 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан тасдиқланган “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш учун бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлиги дастурнинг V-бўлимига масъул бажарувчи этиб белгиланган.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг 5-бандида белгиланган “Болалар уйлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 2012 йил май ойида Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

— Президентимиз Фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорлари Бош бошқарма фаолиятида дастуриламал бўлаётгани сир эмас. Шу хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2008-2012 йилларга мўлжалланган “Болаликдан ногиронликни олдини олиш борасида туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш Давлат Дастури” ҳақидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида Республика скрининг марказларида 124700 нафар наслий ва туғма касалликларга чалиниш хавфи мавжуд ҳомиладорлар тиббий-генетик текширувдан ўтказилди.

“Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижросини амалга ошириш мақсадида республика бўйича “Ўздонмаҳсулот” АКнинг барча унни ишлаб чиқариш корхоналари унни фортификация қилиш ва фортификантлар билан таъминлаш бўйича махсус жиҳозлар билан таъминланган.

Яна ўқинг:  ТОРЧ инфекцияси

А витамини танқислигини профилактика қилиш мақсадида жорий йилда ўтказиладиган “Соғлом бола ҳафтаси”да республиканинг барча ҳудудларида 5 ёшгача бўлган болалар орасида А витамин саплементациясининг 18 ва 19-турини ўтказиш учун “MTI” халқаро ташкилоти томонидан 1200 флакон ҳамда ЮНИСЕФ томонидан 11123 флакон А витамини мурувват йўли билан республикага олиб келинган. Шунингдек, Корақалпоғистон Республикасида “Дегельминтизация дастурини А витаминини тарқатиш дастурига интеграциялаштириш” лойиҳаси доирасида 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида А витаминини саплементацияси билан биргаликда дегельминтизация (гижжага қарши) тадбирлари олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 ноябрдаги 260-сонли Қарорини бажариш юзасидан “Қорақалпоғистон Республикасида 6-24 ойлик болаларни овқатлантиришни яхшилаш уй шароитида фортификация қилиш” бўйича янги лойиҳа амалга оширилиши бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида ЮНИСЕФ томонидан витаминли кукунлар (спринклз) сотиб олинди ва ўрнатилган тартибда сертификациялаштирилди ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг 6 та пилот туманларида 2 ёшгача бўлган болалар тиббий (антропометрик ва лаборатор-биокимёвий) текширувлардан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ижроси юзасидан қишлоқ туманларида яшовчи ҳомиладор аёлларни таркибида фоли кислотаси бор бўлган умумий мустаҳкамловчи поливитаминларнинг махсус комплекслари билан бепул таъминлаш (ҚВП врачининг тавсиясига кўра) давом эттирилмоқда. 2012 йил 8 ойи давомида бошқарилувчи инфекцияларни олдини олиш мақсадида БЦЖ, полиомиелит, В вирусли гепатит ва пентавалент вакциналар билан 99,7-99,1 фоизгача болалар ҳамда 2 ёшгача бўлган гўдаклар 99,2 фоиз қизамиққа қарши эмланди. Республика бўйича 8-10 ёшли болаларни вирусли гепатит Вга қарши миллий эмлаш кунлари ўтказилди. Республиканинг 8 вилоятида 2 босқичда полиомиелитга қарши миллий эмлаш амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил август ойидаги Қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомга асосан 2012 йилнинг 1-2 чорагида Низом асосида ҳам жойларда никоҳ ёшидаги фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

— Ҳозирда соҳага доир муассасаларни моддий-техник базасини мустаҳкамлашда қайси халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган?

— Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНФПА, ПРООН, GIZ (Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти) ва бошқалар билан яқиндан халқаро ҳамкорлик алоқаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми жамғармаси”, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди, “Сен ёлғиз эмассан” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Республика болаларни ижтимоий мослаштириш маркази ва бошқаларнинг фаол иштирокида амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  ШИФОБАХШ НЕЪМАТЛАР

Чақалоқларни жонлантириш учун замонавий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда замонавий тиббиёт асосида янги технологияларни жорий этиш дастурлари бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. ОТБ банки иштирокида “Аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш” ҳамда Европа Иттифоқи ва ЮНИСЕФ иштирокидаги “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш” лойиҳалари доирасида республикамизнинг барча минтақаларида педиатрлар, неонатологлар ва акушер-гинекологлар, шунингдек патронаж ҳамшираларини ўқитиш бўйича минтақавий ўқув марказлари ташкил этилди. ФОПСИ (ИТҚФ), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ХТВ ва “ТетраПак” компанияси билан ҳамкорликда республикамизнинг еттита ҳудудида “Мактабда сут” лойиҳасининг 2-босқичининг амалга ошириш доирасида вилоят ва шаҳар Халқ таълими бошқармалари, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва ота-оналар иштирокида ўқитувчилар учун семинарлар ўтказилди.

Республика даволаш-профилактика муассасаларини, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи барча даражадаги муассасалар ва даволаш-профилактика муассасаларининг бўлинмалари учун йил бошидан Ҳиндистон ҳукумати ҳамда Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан тиббий жиҳозлар олинди.

Республика бўйича янги типдаги 69 та оилавий поликлиника ташкил этиш мақсадида зарур асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди ва “Саломатлик-3” дастури лойиҳасига тақдим этилди.

— Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан мана бир неча йилдан буён болани она сути билан эмизиб боқиш кенг тарғиб этилмоқда. Ўзбекистон Республикасида ҳам “Болага дўстона муносабатда бўлган шифохона”лар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида республика бўйича бу борада қанча тренерлар тайёрланди?

— Чақалоқни она сути билан эмизиш болани ҳар томонлама ривожланишида муҳим омил саналади. “Болага дўстона муносабатда бўлган шифохона” ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамкорлигида 2008 йилдан бери амалга оширилиб келинмокда. “Болага дўстона муносабатда бўлган шифохона”нинг асосий мақсади — болани кўкрак сути билан эмизиш бўйича 10 тамойилнинг барчасини жорий қилиш орқали болани она сути билан эмизишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Бугунги кунда 5 мингдан зиёд тиббиёт масканлари ва туғруқ мажмуаларининг мутахассислари тренер сифатида тайёрланди.

— Маълумки, экстрагенитал хасталиклари мавжуд, туғиш мумкин бўлмаган аёлларда БИВ (бачадон ичи воситаси) ёки гормонал контрацепция воситаларини қўллашнинг иложи бўлмаса, уларда стерилизация усули амалга оширилади. Ҳозирда мамлакатимизда фертил ёшидаги экстрагенитал касалликлари мавжуд, туғишга монеълиги бор аёлларнинг қанчасида бу жарроҳлик усули амалга оширилди?

Яна ўқинг:  ДОРИ ВОСИТАЛАРИНИНГ НОЖЎЯ ТАЪСИРИ

— Ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси (найлар окклюзияси) доимий усул ҳисобланади. Аёллар ушбу усулни онгли ва ихтиёрий равишда танлаши лозим. Ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси қуйидаги ҳолатларда тавсия этилади:

— Доимий контрацепция усулидан фойдаланишни истаган туғиш ёшидаги аёлларда (одатда 30-35 ёшдан катта бўлганларда), саломатлиги учун ҳомиладорлик катта хавф солганда, етарлича фарзандлари бор, деб ишонч ҳосил қилган аёлларда қўлланади. Ихтиёрий жарроҳлик контрацепциясининг афзалликлари: самараси юқори бўлиб (1 йил давомида қўлловчи 100 нафар аёлдан 0,2-0,4 тасида ҳомиладорлик бўлиш эҳтимоли бор.) Доимий усул, дарҳол таъсир қилади ва салбий таъсири йўқ.

2012 йилнинг январ-август ойларида ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси усулини қўллашни 103265 нафар аёл танлаган. Ушбу амалиёт аёл ва унинг турмуш ўртоғининг ихтиёрий жарроҳлик амалиётини ўтказиш бўйича ёзма розилигидан сўнг малакали тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулчеҳра ШИРИНОВА

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: