Муз устида учиш ёхуд “қушдай енгил бўлиш” завқи

Қиш кунлари болалар музда сирпанишга, чанғи учишга қизиқади. Бунда фаол ҳаракатланган болалар икки юзлари қизариб, завқу шавққа тўлиб-тошадилар.

Айниқса, мухлислар томонидан “муздаги балет”, дея эътироф этиладиган фигурали учишнинг ўзига хос оҳанрабоси бор. Мутахассислар қишки спорт турларига кирувчи фигурали учиш спортини шунчаки эрмак деб билмай, уни болаларнинг чиниқиши, саломатлиги мустаҳкамланишида алоҳида ўрни борлигини таъкидлашади.

 

Савринисо ҲАКИМОВА, педиатр:

Барча қишки спорт турлари қатори фигурали учишнинг чиниқтирувчи аҳамияти жуда юқори. Одатда табиий муз иншоотида паст ҳарорат сақланади. Бу эса фаол ҳаракатланаётган болаларнинг танасидаги моддалар алмашинувини яхшилайди. Паст ҳароратга тана кўникиб, чиниқади. Қишки спорт турлари билан мунтазам машқ қилган болаларнинг иммунитети мустаҳкам бўлиши, уларда грипп ва ЎРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекция)лар кам кузатилган. Муздек соф табиий ҳаво қон айланишини яхшилаб, уларнинг кайфиятини кўтаради. Турли сакраш, айланиш ҳаракатларини бажариш асносида болаларнинг вестибюляр аппарати – мувозанатни сақлаш қобилияти ривожланади. Гимнастик элементларни ўзлаштириш жараёнида тананинг эгилувчанлиги ошади. Машғулотлар коньки тиғида тананинг мувозанатини сақлаш учун қадди-қоматини текис тутишга одатлантиради. Бу эса умуртқа поғонасининг бир қатор муаммолари – сколиоз ва яссиоёқликнинг олдини олади.

Сурункали касалликлар(юрак, буйрак, нафас олиш тизими, меъда-ичак ва асаб тизимидаги баъзи бир хасталиклари) бўлган болалар шифокор кўрсатмасидан сўнггина машғулотларга боришлари зарур. Фигурали учиш жароҳат олиш хавфи юқори бўлган спорт турлари қаторига киргани учун фақат мураббий бошчилигида машқ қилиш тавсия этилади. Машғулот ўтаётган болаларга витамин ва минералларга бой бўлган овқатлар ейиш, қиш-баҳор ойларида эса қўшимча равишда таблетка кўринишидаги препаратларни қабул қилиш тавсия этилади. Табиий муз саройида ҳарорат паст бўлгани учун фақат мутлақ соғлом болалар машғулотга олиб борилиши керак.

 

Эллита АВАНЕСЯН, мураббий:

Фигурали учиш спортида конькида учиш, акробатика, гимнастика спорт турлари қаторида рақс ва мусиқа санъати уйғунлашгандир. Бу спорт тури болаларни жисмонан баққуват қилиш баробарида санъатга ошно қилади, уларни маънан тарбиялайди. Секцияга баъзан нимжон, тез-тез касал бўладиган болалар келгач, кўп вақт ўтмай, улар саломатлиги тикланиб, спортда юқори натижалар ҳам кўрсатишади. Шогирдларимизнинг бетоб бўлганлиги ёки уйқуси бузилиб, иштаҳасизлигидан шикоят қилганини билмайман. Улар ўз тенгдошларига нисбатан анча тетик, бақувват, энг муҳими, ҳаётда фақат мақсад сари интилишни биладилар. Ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини фақат орзулари рўёбига бағишлаш зарурлигини улар шу ёшдан чуқур англаб етишади. Барча спорт турларида бўлганидек, шогирдларимиз машқлар жараёнида катта ҳаётга тайёрланиб, йиқилиб тушганида қайтадан ўрнидан тура олишга куч топа биладиган инсон бўлиб вояга етадилар.

Яна ўқинг:  Гўдакнинг меъда-ичак тизими бузилса...

 

Юлдуз ОРТИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: