Қўшни қўшнига ойна

Эрталаб ишга сал шошиб чиқдим. Кўчамиз бошига етганда қўл телефоним уйда қолганини билиб, ортга қайтдим. Биздан уч-тўрт уй беридаги қўшнимиз янги иморат қуряпти. Дарвозаси олдига тўкилган машина-машина ғишт ёйилиб, кўчанинг анча жойини эгаллаб олгани боис, айнан ўша уй девори яқинидан ўтишга мажбур бўлдим.

15– 20 чоғли қурувчилар тинмай ишлашяпти. Уларга қўшнимиз Замирахоннинг келини ошпаз. Шу ердан ўтаётиб, усталардан бирининг ошпаз келинга айтаётган луқмаси қулоғимга чалинди. Бу бепарда сўзлардан дилим оғриди. “Шунчалик ҳам бемаънилик бўладими!” беихтиёр овозимни кўтариб шундай дедим-у ўтиб кетдим. Телефонимни олиб ортимга қайтаётганимда ҳам дилим ёришмаганди. Буни қарангки, гапимни қурувчилар эшитган экан. Келаётганимни кўришди, шекилли менга эшиттириб, бири иккинчисидан сўради: бемаъни гап айтибмизми?

Бу сўзлар менга тегишли эканини сезиб, “таққа” тўхтадим. Қурилиш атрофи бўз девор билан ўралгани боис, усталарнинг юзлари аниқ кўринмасди.

– Ҳа, шундай дедим. Аслида бемаънилик эмас, беҳаёлик десам тўғрироқ бўлар эди. Ўзини ўзбек санаган иймонли, виждонли эркак ҳеч қачон бошида эри бор аёлга бундай бешарм гапларни айтмаслиги керак. Балки сизнинг бу луқмангизга келин индамагандир. Ҳали у билан ҳам гаплашаман. Лекин биз индаймиз. Чунки, маҳаллада ҳамма бир-бирига жигар, бир-бирига жавобгар. Маҳалладошлар бир-бирига бегона эмас. Ўша келиннинг ўрнига ўзингизнинг рафиқангиз ёки опа – синглингизни қўйиб кўринг, қандай ҳолга тушар экансиз, – дедим жаҳлдан ўзимни босолмай.

– Узр, биздан хатолик ўтибди, кечиринг, – деди усталардан бири.

Бу гапдан сал ҳовуримдан тушдим. Лекин шунда ҳам кечқурун ишдан қайтгач, ошпаз келин билан ҳам гаплашишни дилимга тугиб қўйдим. Балки хато қилгандирман. Балки гапим келинга ҳам, қайнонасига ҳам ёқмас. Сенга нима деса-чи?! Йўқ, тўғри қилдим. Ахир ота-боболаримиз “Бир болага етти маҳалла ота-она” деб бежиз айтмаган. Қўшни қўшнига кўзгу, биз катталар “менга нима” деб кетаверсак, ёшлар андишани унутиб қўймайдими? Андиша, уят бўлмаган жойда одоб-ахлоқ бўладими? Ана, қўшни маҳалладаги кенжа келин Назирахон телефонида бегона киши билан турли ёзишмалар қилганини овсини сезса ҳам бир оғиз, “қўйинг, бундай ҳазил қилманг, оқибати ёмон бўлади”, деб айтмабди. Шунчаки ёзса ёзибди-да, у киши қаёқда-ю овсиним қаёқда, деб ўйлаган-да. Оқибатда Назира иккита боласини ташлаб, ўша киши билан кетиб қолди. Агар бу “СМС”лар вақтида тўхтатилганда ўша кўнгилсизликлар юз бермаган, иккита норасида гўдак етим қолмаган бўларди. Лоқайдлик бизнинг биринчи душманимиз. Ҳар бир маҳалладошимизнинг юриш-туриши, ахлоқ-одобига ўзимизни масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Чунки, биз ўзбекмиз. Биз бир-биримизга кўзгу, бир-биримизга жон – жигар. Тақдирига дахлдор, деб билишимиз шарт. Шунга ўхшаб, ўша ошпаз келиннинг қайнотаси қайнотам билан, дадаси дадам билан, қайнонаси мен билан, болалари болаларим билан бир ариқдан сув ичиб, бир кўрпада тепкилашиб катта бўлганмиз, ахир. Шундай экан унинг оиласи бузилса, маълум маънода мен ҳам айбдор бўламан. Дунё аҳли ҳавас билан қарайдиган маҳалладошлик қадриятларининг қадри ҳам шунда эмасми? Шу азми қарор билан машинага чиқдим. 18-19 ёшлардаги қиз сурилиб жой берар экан этагини тортишга уринди.

– Чиройли, ҳаёли қиз экансан, нега шу кўйлакни сал узунроғини кия қолмадинг? – сўрадим уятдан қизариб кетган қиздан.

– Ойим билан бутун бошли бозорни уч марта айландик. Ҳамма либослар шунақа калта. Ҳатто плаш, пальтолар ҳам, – деди у хижолатомуз. – Ойим, “майли олаверайлик. Этагига бошқа матодан улаб бераман”, деди. Лекин унга мос келадиган мато тополмадик.

Қиз ҳақ. Чиндан ҳам ҳозир бозорларимиз, савдо дўконларимизни “оммавий маданият” яъни оломон маданияти кўзимизни кўниктириб, кўнглимизга, ҳаёт тарзимизга олиб кираётган ғарбона (аслида ғарибона) либослар эгаллаб олган. Кимдир унинг сифатли газламасига, кимдир ҳамёнбоп нархига, яна кимдир эса замонавийлигига қизиқиб, харид қилади. Шундай экан ахлоқ-одобимиз, миллатимиз маънавиятини қадрлаган инсофли савдогарлар бозорларни аёлларимиз кийганда нафақат ҳусни, ҳаёсини ҳам яшнатиб юборадиган бичимдаги кийим-кечаклар билан таъминласа, нур устига аъло нур бўларди. Қолаверса, ўзимизнинг ўткир дидли, нозик таъбли дизайнер қизларимиз чеварларимизга янги либослар яратишда кўмаклашсин. Ёки ўзимизнинг чеварлар тиккан либос танангизни яйратиб, маънавиятингизни яшнатиб юборишига шубҳангиз борми? Эҳтимол ўта замонавий либосларни кийишга бўлган эҳтиёж туғилишига кетма-кет намойиш қилинаётган бешарм сериаллар, чинакам ҳаётимиздан анча йироқлашиб кетган клип қаҳрамонлари сабаб бўлаётгандир?!

Оққан дарё оқаверади, дейди доно халқимиз. Биз дунё тамаддунига жуда катта ҳисса қўшган маданиятли, маънавиятли халқмиз. Бизни айрим ўзини илғор санаётган “маънавиятли миллат”лардан ўрганишга асло ҳожатимиз йўқ. Шундай экан биз катталар тарбия тизгинини рисоладагидай ушлаб турсак, бугун ўзлигидан йироқлашган баъзи ёш йигитлар, енгил-елпи кийиниб, ҳавойи орзуга берилган, моданинг олдига тушиб югуриб кетаётган қиз-жувонларимиз ҳам эртами кечми буни тушуниб етади, албатта.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Яна ўқинг:  Туйғу ҳаётлиги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: