Камқонликнинг бола мия фаолиятига салбий таъсири хусусида

Камқонликнинг келиб чиқишига асосий сабаб организмда темир моддасининг етишмаслиги ҳисобланади. Шунингдек, бу касалликнинг руҳий жиҳатларига беморнинг тез

толиқиши киради.

Айниқса, ёш болаларнинг беҳоллиги, уларнинг фикрлашига салбий таъсир кўрсатади. Ўқувчиларнинг ўзлаштириши пасайиб, уларнинг олган маълумотларини мияси яхши таҳлил қилмайди. Натижада хаста одамда асабийлашиш, жиззакилик кузатилади.

Мияда жуда катта миқдордаги нейронлар мавжуд. Бу нейронлар маълумотларни тушиниши ва таҳлил қилиши керак. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, камқонликнинг таълим жараёнига салбий таъсири жуда катта. Бунда изчиллик ва тизимлилик бузилади. Дейлик, бугун мактабда мавзу ўтилди, уни бола миясида таҳлил қилиши ва таснифлаши керак. Эртасига эса кейинги мавзуни ўтган мавзуга боғлаши муҳим саналади. Лекин, камқонликка чалинган бемор бола бу машғулотларни ўзлаштиришга қийналади. Чунки, унда оператив хотира бузилган бўлади.

 

Камқон болалар билан ишлаш катта сабр-тоқатни талаб қилади. Ҳар қандай вазиятда ҳам шуни унутмаслик керакки, ота-она ҳар томонлама фарзанди учун жавобгар саналади.

 

Бемор боланинг кесак ейиши, шама чайнаши ва турли ҳидлар (бензин, елим, зах)ни хуш кўришига асосий сабаб организмда темир моддасининг етишмаслигидир. Бола танаси ривожланаётган организм ҳисобланади. Шу сабабли у ҳамма нарсани татиб кўргиси келади. Бундай пайтда унга сут маҳсулотларини бериш тавсия этилади. Қурт маҳсулотини тановул қилиш орқали фарзандингизни зарарли гилвата ейишдан халос қилиш мумкин.

Бола ахборотларни етарлича қабул қилиб, миясида таҳлил қила олмаса, ота-оналар фарзанди билан алоҳида шуғулланишлари керак. Унинг шахсиятига салбий таъсир ўтказмаслик муҳим саналади. Масалан, онаси томонидан айтилган “Сен эплай олмайсан”, “Бу иш сенинг қўлингдан келмайди” каби сўзлар унинг ўзига бўлган ишончи сусайишига сабаб бўлади.

Боланинг камқонлиги унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиши керак эмас. Яъни, бу дардни шифокор даволагач, албатта, фарзандингизнинг сифатли ва тўғри овқатланишини уйда катталар, мактабда эса ўқитувчи назорат қилиши зарур.

Камқонликдан тузалган бола бирдан ҳамма маълумотларни ўзлаштира олмайди. Ота-она буни доимо ёдда сақлаши муҳим саналади. Лекин, шу билан биргаликда фарзандингиз дарс тайёрлаяпти деб унга ҳамма нарсани ташлаб қўймаслик керак. Унинг дарсларини доимо назорат қилиш, тушунмаган жойини тушунтириш катталарнинг зиммасида. Боланинг ўқиш фаолияти камқонлик туфайли дейлик, олти ойга орқага кетди. Ўша йўқотилган вақт ўрнини қоплашда фарзандингиз билан биргаликда сабр-тоқат билан ишлашингиз керак. Агар болани тўғри фикрлашга ўргатсак, у боқимандага эмас, балки боқувчига айланади. Бунга қандай қилиб эришиш мумкин? Масалан, уни рағбатлантириш, келажакда буюк инсон бўлишига ишонтириш даркор.

Яна ўқинг:  Сиҳатгоҳлар саломатликни мустаҳкамлайди

Фарзандлар бизнинг келажагимиз. Шундай экан уларни касбу корга ва ҳаётга бўлган муносабатини тўғри йўналтира олишимиз муҳим саналади. Шунингдек, беморнинг толиқишига носоғлом муҳит ва ўзгаларнинг салбий муносабати ҳам катта таъсир ўтказишини унутмайлик.

 

Шоиста САМАРОВА, психология фанлари номзоди, доцент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: