Лимон мевасининг ажойиб хусусиятлари
Инсон танасидаги турли хил касалликларни даволашда, асосан, лимон мевасидан фойдаланилади. Қизиғи шундаки, лимоннинг ҳар бир бўлагида турлича доривор минераллар, витаминлар бўлиб, улар инсон организми учун ниҳоятда фойдалидир. Мисол учун лимоннинг юмшоқ бўлагида органик кислоталарнинг бир хили учраса, унинг пўстида эфир мойлари бор. Пўсти остида эса глюкозидлар мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда, лимон меваси турли хил касалликларни даволашда кенг қўлланилади.
Агарда тоза лимон шарбати ҳар куни маълум бир миқдорда ичиб турилса, тананинг сезгир тўқималарини заҳарли кимёвий моддалар таъсиридан муҳофаза этади. Ҳужайраларни охир-оқибатда хавфли ўсимтага айлантирадиган заҳарланишдан сақлайди. Япониянинг цитрус мевалари шарбатининг инсон организмига таъсирини ўрганувчи марказида доктор Йошио Като бошчилигида махсус тадқиқотлар ана шундай хулосада тўхталган. Доктор Като лимон шарбатини, албатта, овқатланишдан олдин ёки овқатланишга киришилган пайтда икки ош қошиқдан истеъмол қилиш самарали эканлигини айтади. Докторнинг фикрича, лимон шарбати янги сиқилган, яъни тоза бўлиши керак. У лимон шарбатини, айниқса, дудланган, консерваланган ёки тузланган озиқ-овқатларни тановул қилишдан олдин ичишни тавсия этади. Сабаби, бундай таомларда канцероген моддаларининг салмоқли даражада бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Лимон меваси таркибидаги витамин Р инсон танасидаги қон томирларни тозалайди. Унинг барги, гуллари, яшил меваси ва пўсти таркибидаги эфир мойлари антисептик хусусиятга эгадир. Томоқ оғришида, томоқ бези яллиғланиши касалликларининг илк босқичларида лимон мевасини ейиш мазкур касалликни бартараф этишга катта ёрдам беради. Шунингдек, 30% лимон шарбатининг оддий сув аралашмаси билан томоқни ғарғара қилиб чайқаш ҳам кони фойдадир. Халқ табобатида лимон ва саримсоқ бўтқаси кенг қўлланилган. (Бунда 1 бош саримсоққа 1 та лимон солинади. Устидан 1л қайнатилган сув солиниб, 2 кеча дам едирилади ва 1 кунда 3маҳал 1 ошқошиқдан истеъмол қилинади). Грипп касаллигида 2 та лимон, 2 бош саримсоқ қирғичдан ўтказилиб, 1 л қайнатиб совутилган сув солинади ва аралаштирилади. Ушбу аралашма қоронғи жойда уч кун сақланиб, наҳорда бир ошқошиқдан истеъмол қилинади.
Лимон мевалари хафақон касаллиги, яъни қон босимини мўътадиллаштиришда кенг қўлланилган. Яъни, битта лимонни кун давомида пўсти билан қўшиб истеъмол қилиш кифоя. Қон босими тушиб кетганда бир дона лимоннинг суви сиқиб олинади ва 50 г янчилган қаҳва ёки 0,5 кг тоза асалга аралаштирилади. Чой қошиқда овқатдан икки соатдан сўнг истеъмол қилинади. Юрак хасталигида лимон пўстини чайнаш яхши муолажа ҳисобланади. Унга шакар сепиб ейилса, чарчоқни кетказиб, иштаҳани очади. Тана ҳарорати кўтарилганда лимонни сиқиб олинган сувини оддий сувга аралаштириб, танага суртилса ҳароратни туширади. Лимон шарбати оёқлар томирлари увишиб, тортишини даволашда яхши ёрдам беради. Хонадонларда ўстириладиган лимон инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. У нафақат хонага чирой беради, балки гуллари таркибидаги фитонцидлар касаллик тарқатувчи бактерияларга қирон келтиради. Хона ҳавосини тозалаб, кўзни қувонтиради. Қадимги мисрликлар лимон мевасидан ич терлама касаллиги ва заҳарланишни даволашда, ушбу касалликларнинг олдини олишда кенг фойдаланиб келишган. Европаликлар эса лимон ҳақида Лимон мевасининг доривор хусусиятлари 92 Лимончиликнинг ўзига хос синоатлари фақат ўрта асрларда хабар топишган ҳамда кўплаб касалликларни даволашда ва илон заҳрини қайтаришда қўллашган. 1932 йилга келибгина инсон танасида С витаминининг етишмовчилиги цинга касаллигини келтириб чиқариши исботланди. Шунингдек, аскорбин кислотаси, яъни С витаминли модда алмашинувини яхшилаб, ҳужайраларни озиқлантиради. Ушбу витамин айниқса, лимон ва апельсинда кўп миқдорда мавжуддир. ХХ асрга келиб лимоннинг кимёвий таркиби тўлиқ аниқланган. Унга кўра, лимон таркибида кўпгина миқдорда органик кислоталар, каротин, қанд, пектин моддалари, минерал тузлардан – темир, мис, калций, кремний, фосфор, марганец ва ҳ. к. лар бор. Органик кислоталардан ташқари лимон таркибида: тиамин, аскорбин кислотаси, рибофлабин, рутин, флавоноидлар билан бир қаторда А, В, В2, Д, Р витаминлари бисёр. Шу сабабли лимон нафақат кенг қўлланилувчи фойдали озуқа, балки қимматбаҳо доривор ўсимлик сифатида ҳам қадрланиб келинади. Лимон қон босимини тушириш мақсадида истеъмол қилинади. Лимон шарбати тиш оғриғида милк касалининг олдини олади. Шунингдек, у юракка шифо бўлиб, иштаҳани очади, иситмани туширади. Кўп асрлар муқаддам ҳам одамзодга витамин танқислигида ва шамоллашга қарши лимонли чой, айниқса жуда асқотган. Қандолатчиликда, мураббо ва конфет ишлаб чиқаришда С ва В дармондориларига бой бўлган неъматлар лимон, мандарин шарбатларидан ҳам кенг фойдаланилган. Лимон инсон танасидаги кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва даволашда кенг қўлланилади. Шунингдек, инсон иммунитетини кўтаришда яхши ёрдамчидир. Ушбу мевадан кенг фойдаланиши натижасида одамлар унинг нафақат шамоллашга қарши, бактерияларга қирон келтирувчи, оғриқни қолдирувчи сифатларини, балки пешоб ҳайдовчи, ўт ҳайдовчи, қонни кўпайтирувчи, асабни тинчлантирувчи хусусиятларини ҳам билиб олишади.