Янгиланган лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қишлоқ аҳлига қулайликлар яратмоқда

Инсоннинг қачонки яшашида ҳаловат бўлса, ишида ҳам унум ва барака бўлади. Бахт эса унинг мўъжаз хонадонидан бошланади.

Навоий вилояти, Кармана туманидаги бир қанча оилалар Янги йилни янги хонадонларда кутиб олишди. Туманнинг “Талқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган 32 та оилага мўлжалланган икки қаватли ва майдони икки сотихдан иборат бир қаватли 46 та уй ўз эгаларига топширилди.

– Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги Қарори кўпгина оилаларнинг ихчам ва замонавий кўринишдаги янги уйлар билан таъминланишига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига замин бўлмоқда, – дейди Кармана туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Гулноза Жалилова. – Жорий йил яна бир қанча оила ана шундай хонадонларга кўчиб ўтиши, қалбимизга кўтаринкилик бахш этади.

Саф тортиб қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турган, замонавий андозалар асосида қуриб битказилган ушбу уйлар сув, иссиқлик тизими билан таъминлангани аҳолига манзур бўлмоқда.

– Тўққиз нафар фарзандим бор. Яқинда иккинчи фарзандим Лобархон янги лойиҳа асосида бунёд этилган уйлардан бирига кўчиб ўтди. Қишлоқ аҳли табиатан бир бош бўлса-да новвос боқсам, дейди. Ана шу жиҳатлар эътиборга олиниб, янги уй-жойларнинг ҳовли этагида чорва молларини боқиш учун мўъжазгина оғилхона қурилгани оилага қулайлик яратади, – дейди шу туманда яшовчи Дилбар опа Нуруллаева.

2017 йилда вилоят миқёсида жами 1 минг 185 та уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 469 таси амалдаги лойиҳалар бўйича, 152 таси эса янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этилиши режалаштирилган. Жумладан, кам таъминланган оилалар учун 220 та 2 сотихли, 2 ва 3 хонали, 344 та 2 ҳамда 3 қаватли, 3 подъездли 25 та кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 ноябрдаги “2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2017–2020 йилларда 840 хонадонли 20 та, шу жумладан, жорий йилда 210 хонадонли 5 та 7 қаватли турар-жой бинолари қурилиши белгиланган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, объектлар вилоят Давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси рўйхатидан ўтказилиб, ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Яна ўқинг:  Антиқа қовурдоқ

Мухтасар қилиб айтсак, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, яшаш даражасини яхшилашдаги энг муҳим омил – уларни шинам шу билан бирга, арзон уй-жой билан таъминлашдан иборат. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг замирида шубҳасиз, инсон тақдири, халқ манфаати ётибди.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: