Озиқ-овқат маҳсулотларидаги махсус белгилар: улар нималарни англатади?

Ҳозирги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда озуқавий қўшимчаларсиз технологик жараён йўқ. Масалан, нон тайёрлашда ҳам ачитқи (хамиртуруш) ёки истеъмол содаси ишлатилади.

Халқаро “Кодекс алиментариус” ташкилотининг тавсияларига кўра озиқ-овқат қўшимчалари Е ҳарфи билан белгиланган бўлиб, улар қуйидаги гуруҳлардан иборат:

E100–E199–бўёқлар;

E200–E299–консервантлар;

E300–E391–оксидланишга қарши ва кислоталикни меъёрда сақловчи;

E400–E481–стабилизаторлар, эмульгаторлар ва маҳсулотни қуюқлаштирувчи моддалар;

E500–E585–бошқа турдаги қўшимчалар;

E600–E699–таъм ва ҳидни кучайтирувчи моддалар;

E700–E899–янги турдаги қўшимчалар;

E900–E999–сирловчи (ялтиратувчи), ширинлик ўрнини босувчи, унни оқартирувчи қўшимчалар;

E1100–E1105–ферментлар.

“Е” коди берилди дегани бу сунъий ёки кимёвий деган тушунча эмас. Масалан, маҳсулот таркибида Е160a “каротинлар”, Е162 “лавлаги бўёғи”, Е170 “карбонат кальций”, Е300 “аскорбин кислотаси” ва бошқа шунга ўхшаш болалар учун фойдали бўлган қўшимчалар мавжуд деган маънони ҳам англатади. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида болалар учун мўлжалланган махсус “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган гигиеник талаблар” санитар қоидалари талабига мувофиқ сунъий озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш тавсия этилмайди.

Маҳсулотларнинг яроқлилик муддатларини узайтириш мақсадида қўлланиладиган консервантларга шакар ёки унинг ўрнини босувчи ширинликлар қўшилади. Аммо, кўпчилик озиқ-овқат қўшимчалари сунъий, яъни кимёвий моддалар синтези натижасида олинади. Шу сабабли уларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланишини назорат қилиш зарурати мавжуд.

Республикамизда озиқ-овқат қўшимчаларини хориждан олиб келиш, уларни ишлаб чиқариш ва қўллаш Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат қўшимчаларини ишлаб чиқариш ва ишлатилишини меъёрлашга бўлган гигиеник талаблар” санитар қоидаларида белгилаб берилган. Озиқ-овқат қўшимчаларининг қабул килинган меъёрларининг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган технологик йўриқномаларда ва маҳсулот рецептурасида белгиланиб, унинг назорати маҳсулот ишлаб чиқарувчилар зиммасига юкланган.

Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил “Аҳоли ўртасида соғлом овқатланишни янада ривожлантириш” тўғрисидаги қарори ва яна шу йилнинг август ойидаги “2015–2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепцияси ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш максадида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2015 йил сентябрь ойидаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида болалар ва ўсмирлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи консервантлар Е242, диметидикарбонат (велькорин), (dimethyldicarbonat), Е237, формиат натрий (sodium formate), Е238–формиат кальций (calcium formate)ни маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилиши таъқиқланди. Илгари республикамизнинг Бош Давлат санитария врачининг 2007 йилда қабул қилинган қарори билан бўёқ Е128 (қизил 2G), консервантлар Е216 (пара-оксибензой кислотасининг пропил эфири), Е217 (пара-оксибензой кислотасининг натрий тузли пропил эфири) таъқиқланган эди.

Яна ўқинг:  Қоғоз ўрнини босувчи планшет

 

ГЎМ – гени ўзгартирилган маҳсулотлар хавфсизлиги қандай баҳоланади?

Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун ташкилий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратилди. Бугунги кунда мазкур соҳа Ўзбекистон Республикасининг 1997 йилда эълон қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ озиқ-овқат хом ашёсига, озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга ва реализация қилишга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йилда “Аҳоли ўртасида соғлом овқатланишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ва яна шу йилнинг август ойида “2015–2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепцияси ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Соғлом овқатланишни ташкиллаштириш” комиссиясининг 2016 йилда “ГЎМ маҳсулотларини мамлакатимизга олиб келиш, уларни рўйхатга олиш, ишлатиш механизмларининг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларини тадбиқ этиш тўғрисида”ги режаси қабул қилинди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2016 йилда тасдиқланган “Соғлом она ва бола давлат дастури тўғрисидаги” фармойишида “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ГЎМ маҳсулотларини олиб келиш ва қўллашни чегаралаш ва болалар овқатланишида ушбу маҳсулотларни таъқиқлаш бўйича қўшимчалар киритиш зарурлиги кўрсатилган. Ушбу давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга ГЎМ маҳсулотларини қўллашни чегаралаш бўйича қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Ушбу ишчи гуруҳ зиммасига ГЎМ маҳсулотлари тўғрисидаги мавжуд илмий маълумотларни ўрганиб чиқиб, уларнинг инсон саломатлиги, айниқса, болалар ва ўсмирлар соғлиғига салбий таъсири хусусида ҳамда Европа давлатларида гени ўзгартирилган маҳсулотларнинг озиқ-овқат сифатида ишлатилиши чегараланганлигини инобатга олган ҳолда мамлакатимизнинг “Озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунига уларни олиб келишда ва ишлатишда чегаралашлар борасида қўшимчалар киритилиши зарурлиги белгиланди.

 

Анатолий ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Овқатланиш гигиенаси бўйича бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: