Оналик ва болалик: Ўзбекистон танлаган йўл ёхуд дунёда инқирозга юз тутаётган қадрият

Янги йил арафасида Лазиз Раҳматовнинг “Соғлом она ва бола: халқаро амалиёт” китоби “Ўзбекистон миллий  энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилди.

Унда оналик ва болалик муҳофазаси, бу йўналишдаги амалиёт ва муаммолар хорижий мамлакатлар тажрибаси мисолида кенг ёритилган. Халқаро ташкилотлар, шунингдек, бу йўналишни тадқиқ қилган хорижлик илмий муассасаларнинг фикрлари, хулосалари, тавсия­лари ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Асосийси, китобнинг мазмун-моҳияти билан танишаркансиз Ўзбекистоннинг оналик ва болалик муҳофазаси борасида амалга оширган ишларини, тажрибаларини БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, бутун жаҳон аҳли тан олганлигига яна бир бор амин бўласиз. Ушбу китоб Тошкент шаҳар маданият муассасалари фахрийлари жамоат бирлашмасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган маблағ асосида тайёрланган.

Қуйида ушбу асардан қисман эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

 

Она сути афзалликлари

Она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар(В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади. Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди.

ЮНИСЕФнинг таъкидлашишича, ер юзида туғилаётган ҳар икки нафар боланинг бири дунёга келишининг дастлабки дақиқасиданоқ она сутидан маҳрум экан. Илмий тадқиқотларга кўра кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар эди. Афсуски, янги туғилган чақалоқларнинг 77 миллиони ҳаётининг биринчи соатлариданоқ она сутидан бебаҳра қолаяпти.

 

Кашандалик

Дунёда кашандалар сони тахминан 1,3 миллиард кишини(1,1 миллиард эркак, 230 миллион аёл) ташкил этаётгани бу офат кўлами нечоғли кенглигини исботламоқда.

Яна ўқинг:  Файзу барака аҳилликда

Тамаки тутуни ҳомиладор аёлга ва ҳомилага хавфли таъсир кўрсатади. Ҳомиладор аёл хоҳ фаол, хоҳ нофаол равишда сигарет чекканидан сўнг йўлдош қон томирлари торайиши содир бўлади ва ҳомила бир неча дақиқа кислород етишмовчилиги ҳолатига тушади. Шунингдек, мунтазам чекишда ҳомила доимо сурункали кислород етишмовчилиги ҳолатида бўлади. Бунинг оқибатида ҳомила она қорнида секин ривожланади ва у турли хил нуқсонлар билан ёки бола муддатидан олдин, чала, вазн етишмовчилиги билан туғилиши мумкин. Чекувчи аёлдан туғилган чақалоқлар тутқаноқ хуружларига мойил бўлишади, эпилепсия(шайтонлаш)дарди билан кўпроқ касалланишади ва ақлий ривожланишдан орқада қолади. Ҳомиладорликда  чекиш бола нобуд бўлиш эҳтимолини 15 маротаба оширади. Чекувчи она сутининг 1 литрида 0,5 мг никотин бўлиб, сутда ёқимсиз ҳид мавжуд бўлиб, таъми ҳам бузилади, бундай сутни эмишдан бола бош тортади.

Тамаки жамоат соғлиғини сақлашда энг йирик хавф ҳисобланади. 2015 йилда ҳар олти сонияда бир киши ва йилига олти миллион инсон у билан боғлиқ касалликлардан, яна 600 минг инсон иккиламчи тамаки тутуни таъсирида нобуд бўлмоқда. Энг ёмони, уларнинг 1,5 миллиони хотин-қизлардир. 2030 йилга бориб бу миқдор 8 миллионга кўтарилиши мумкин.

ЖССТ текширувларига кўра Греция, Ирландия, Италия, Япония, Хитой, Қувайт, Филлипин, Россия, Швейцария, Франция ва Уругвайда чекиш инсонлар саломатлигига тобора кўпроқ зарар етказмоқда. Америка минтақасида 13-15 ёшдаги 23 фоиз ўғил болалар, 21 фоиз қиз болалар тамаки исътемол қилмоқда

 

Ўсмирлар ҳомиладорлиги ва эрта никоҳ

2013 йилда дунёда 580 миллион ўсмир қиз бор эди. Ҳозиргача ер юзида яшаётган 700 миллион аёл вояга етмасдан оила қурган. Ваҳоланки, уларнинг ақлий ва жисмоний ривожига йўналтириладиган инвестциялар бу қизлар қобилияти ва салоҳиятини тугал намойиш этишига имкон яратарди.

Ўсмир қизлар ўртасида эрта ҳомиладорликдан ҳимояланиш бўйича жиддий муаммолар сақланиб қоляпти. Дунёда ҳар йили 51 миллион қиз  19 ёшга чиқмай турмуш қурмоқда. Уларнинг 13,1 миллион нафари йил ўтмай она бўлмоқда (2013 й.). Ёш оналарнинг 2 миллиони ҳатто 15 ёшга ҳам чиқмаган. Куюнишимизга сабаб шундаки, ҳомиладорлик ва туғруқ асоратлари туфайли ҳар йили 70 минг нафар гулдай аёл оламдан ўтмоқда.

Яна ўқинг:  VATAN

 

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: