Эҳтиёткорлик инсон ҳаётини асрайди ёки заҳарланиш ҳақида нималарни биласиз?

Инсон учун бебаҳо бўлган ҳаёт ҳамиша бир маромда кечавермайди. Баъзан эътиборсизлик туфайли заҳарли моддаларнинг одам организмига тушиши оқибатида турли бахтсиз ҳодисалар содир бўлади. Бу каби фавқулодда ҳолатлар инсон ҳаётига жиддий хавф туғдириши мумкин.

Заҳарланиш организм ичига зарарли модда тушганда содир бўлади. Бу дори-дармон ёки одам билиб-билмай қабул қилган ҳар қандай кимёвий модда бўлиши мумкин. Бундай воқеалар кўпинча уйда ёш болалар қаровсиз қолдирилганда рўй беради. Болалар ҳам катта ёшдагилар ҳам заҳарланиш қурбони бўлиши мумкин.

Организмга тушганда заҳарланишга, касалликка ёки ўлимга олиб келадиган ҳар қанақа модда заҳар ҳисобланади.

Бунинг оқибатлари турли омилларга, жумладан, зарарли модда тури, унинг миқдори, рўй берган вақти, шунингдек, бу модда билан мулоқот қанча вақт давом этгани, жабрланувчининг физиологик кўрсатгичлари (унинг ёши, вазн оғирлиги) ва организмга зарарли модданинг тушиш усулига боғлиқ бўлади. Бундай модда инсон организмига овқат ҳазм қилиш ва нафас йўллари, тери ҳамда инъекция орқали тушиши мумкин.

Газсимон ёки нафас орқали ўтадиган заҳарли моддалар нафас олганда организмга тушади. Уларга газлар ва буғлар, масалан, автомобиль тутуни, печь ёхуд иситиш қурилмасининг ҳавони ёмон тортиши натижасида хонага кирадиган ис гази, азотнинг чала оксиди (сархуш қиладиган ёки гангитадиган газ) ҳамда ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хлор, турли елимлар, бўёқ, эритувчи-тозаловчи моддалар киради.

Атмосфера ифлосланишининг асосий омили саноат корхоналари, кимёвий завод ва фабрикалар, автотранспорт воситалари, нефть, олтингугурт ва тошкўмир ёнишидан ҳосил бўлади.

Шунингдек, пўлат эритувчи печлар, домна ўчоқлари, кокс-кимё соҳасида азотли ўғит ишлаб чиқувчи заводлар, кўмир ва рангли металл конлари, темирйўл транспорти воситалари ҳавога узлуксиз заҳарли моддалар ташлайди. Аммо атмосферанинг саноат чиқиндилари, транспорт воситаларидан чиққан заҳарли газлар билан ифлосланиши ҳавода углерод диоксиди, сероводород, олтингугурт оксиди (IV), азот оксиди, углерод оксиди (II) миқдорининг кўпайишига олиб келади. Бу эса атроф-муҳит ҳолатигагина эмас, балки кишилар саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бундай чанг ва газлар таркибида 35-50 фоиз темир, 4-14 фоиз ис гази, 8-13 фоиз кремний ва альюминий, магний, калий ва бошқа оксидлар бўлади.

Автотранспорт воситалари ҳавони ифлослантирувчи энг катта салбий омиллар сирасига киради. Бугун ер шарида автомобиллар сони тез суръатда ортиб бормоқда. Улардан ташқари ҳавода учувчи самолётлар, тезюрар йўловчи ва юк поездлари ҳаракати учун албатта ёқилғи керак. Ёнилғи ёнганда озми-кўпми заҳарли газлар атрофга ажралади. Биламизки, айрим саноат корхоналарида заҳарли газлар фақат кундуз кунлари тарқалиши мумкин. Аммо автомобиллар ҳаракати мутлақ тўхтамайди. Демак, ис газлари кечаю кундуз ён-атрофимизга тўғридан-тўғри ажралади. Биз бу ҳаводан бевосита нафас оламиз. Корхоналардан чиққан зарарли моддалар, албатта баланд қувурлар орқали юқорига тарқалади. Улар балки қаерларгадир кислотали ёмғир бўлиб ёғиши мумкин. Аммо автомобиллардан чиқаётган ис газлари биз яшайдиган тоза муҳитни зарарлайди.

Яна ўқинг:  ОИВ ва ОИТС: соғлом ҳаёт учун огоҳлик!

 

Инсон заҳарланганда биринчи тиббий ёрдам қандай кўрсатилади?

Заҳарловчи модда кишининг нафас йўли орқали ички аъзоларига кирган бўлса, беморни дарҳол хавфли жойдан очиқ ҳавога олиб чиқиш зарур. Агар модда тери орқали кирган бўлса, зарарланган жойни оқар сув билан совунлаб ювиш даркор. Кўзга тушганида сув, натрий гидрокарбонат (ичимлик содаси)нинг 2 фоизли эритмаси ёки борат кислотаси билан ювилади.

Заҳарловчи модда меъда-ичак йўлига кирган бўлса, беморга бир неча стаканда сув ёки калий перманганатнинг пушти рангдаги кучсиз эритмаси ичирилади ёки бармоқ билан ҳалқумни қитиқлаб, хаста одам ўқчитилади. Сўнгра уни мажбуран икки-уч марта қустириш шарт. Кейин ярим пиёла илиқ сувга 2-3 ош қошиқ фаоллаштирилган кўмир (20–25 мг) ёхуд 40-50 дона карболен таблеткаси солиб ичирилади. Шундан сўнг эса ярим стакан сувга 20 мг магний сульфат ёки натрий сульфат аралаштириб, тузли сурги ичирилади.

Заҳарланган кишининг нафас олиши қийинлашганда пахтага аммиак (новшадил спирти) эритмаси шимдириб, эҳтиётлик билан ҳидлатиш, нафас тўхтаб қолгудек бўлса, тезлик билан сунъий нафас олдиришга киришмоқ зарур. Беморга сунъий нафас олдириш учун уни очиқ ҳавога олиб чиқиш, кийимининг тугмачаларини ечиб, оғиз-бурнини шилимшиқлардан тозалаш даркор.

Шаҳарда тунда осмонга қарасангиз, юлдузлар жуда кам. Улар хира кўринади. Олис қишлоқларга, она табиат қўйнига бориб кўкка боқсангиз, аксинча юлдузлар чарақлаб, худди ёнингизга тушиб келаётгандек туйилади. Мана сизга тоза ёки ифлосланган ҳавонинг бир-биридан фарқи. Шундай экан мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси атроф-муҳит тозалигига мумкин қадар ўз ҳиссасини қўшиши энг юксак инсонийлик бурчдир аслида.

 

Қаршихон АБДУРАҲМОНОВ,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: