Касбга садоқат эл-юртга меҳри содиқлик билан ўлчанади

Моҳира Холмирзаева эл саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи шифокорларимиздан. У мана бир неча йилдирки, пойтахтимиздаги 59-оилавий поликлиникада умумий амалиёт шифокори сифатида фаолият юритмоқда.

Касбига бўлган садоқати, ўз вазифасига нисбатан ўта талабчанлиги боис, Моҳира опанинг атрофидан соҳага эндигина кириб келаётган ёш шогирдлари сира аримайди. Малакали шифокор ҳар бир беморни, унинг касаллик тарихини чуқур ўрганиб, ана ундан кейин якуний ташхис белгилайди, керакли тавсияларини беради. Ҳамкасбларидан тажрибали шифокорнинг эзгу фазилатлари ҳақида сўраганимизда камтарлиги ва ширинсўзлигини алоҳида тилга олдилар. Ички дунёси гўзал бўлган бу аёлни ҳеч қачон асабий ҳолда учратмайсиз.

Баъзан оилавий шифокордан тез ва шошилинч ёрдам ва қарорлар қабул қилиш талаб этилади. Яқинда Моҳира опа ҳам бемор онахонни текширувдан ўтказа туриб, унинг тез-тез ҳарсиллаб нафас олишига жиддий эътибор қаратди. Тажрибали шифокор эмасми, онахонни тинчлантириб, унга тезда касалхонага ётиши зарурлигини тушунтирди. Бемор инфаркт остонасида эканлигини таъкидлаб, зудлик билан касалликнинг олдини олиш зарурлигини тушинтирди. Кейин ўзи бош бўлиб, онахонни шифохонага жойлашишига кўмаклашди. Бундай мисолларни Моҳира Холмирзаева фаолиятида юзлаб келтириш мумкин.

Шифокорнинг оиласига ҳам маҳалла-кўй ҳавас билан қарайди. Турмуш ўртоғи Бахтиёр ака билан 1 ўғил ва 2 қизни оқ ювиб, оқ тараб эл орасига қўшди. Катта қизи Гулчирой ҳозирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси факультети 3-босқич талабаси. Иккинчи қизи Қизларгул эса ушбу олийгоҳнинг халқаро журналистика факультети 1-босқичида таҳсил олмоқда. Ўғли Жавоҳирбек спорт гимнастикаси ва футбол билан жиддий шуғулланади.

Бу йил Моҳира Холмирзаева 50 ёшни қарши олдилар. Биз бу жонкуяр инсонга эл саломатлигини асраш йўлида асло чарчаманг, деймиз.

 

Рустам МАННОПОВ

Яна ўқинг:  Ижод лаҳзалари саодати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: