Ўғил болаларга эркак тарбияси лозим!
Меҳр риштаси қанчалик мустаҳкам бўлмасин, фарзандни мудом олдингизда олиб ўтиришнинг иложи йўқ. Фарзандни тарбиялаш ва уни етукликка етказишда давлат ва жамият фаол иштирок этади. Болани етти ёшидан мактабга қўясиз, у 17-18 ёшигача ҳаётининг асосий даврини синфдош ва устозлари қуршовида ўтказади.
Боланинг оқ билан қорани ажратадиган вақти, яъни 11 ёшга киргунича мактабнинг бошланғич синфида, одатда аёл кишилар мураббийлик қиладиган даврга тўғри келади. Бунга боғчадаги 3-4 йилни қўшсак, демак, бола ақлини танийдиган вақтини асосан аёл кишининг тарбиясида ўтказар экан. Бу нафақат маърифат, балки таълим-тарбия, шу билан бирга, энг яқин муносабатлардир. Агар фарзанд қиз бўлса, устози каби меҳридарё, қалби қуёш бўлиб вояга етади. Фарзанд ўғил бўлса-чи? Атроф-муҳитни таниб, ҳамма маъқул бўлган ҳодисаларга тақлид қиладиган чоғда атрофида нуқул аёл мураббийлар бўлиши тўғримикан?
Аёл – мўътабар зот. Аммо тарбияда отанинг ўрни беқиёс. Эркакларга хос фазилатлар ва характер таъсири фарзанд камолотида муҳим роль ўйнайди. Отанинг ҳар бир муаммога эркакча ёндашуви масалани узил-кесил ҳал этишда асосий қарор ҳисобланади. Буни ҳамма билади. Лекин бугун мактаблардаги ўқитувчиларнинг аксарияти, айниқса, директорларнинг кўпчилиги аёл эканлигини инобатга олсак, фарзандларимиз аёллар қўлида тарбияланаётганини тушуниб етамиз.
Менимча, ўғил болалар ўқиши ва тарбиясига кўпроқ эркакларни жалб этиш лозим. Тўғри, айни пайтда бошланғич таълим у ёқда турсин, ҳатто фанлар бўйича ҳам кадрлар етишмаяпти. Лекин ҳеч бўлмаганда мактаб илмий бўлим мудирлари, раҳбар ўринбосарлари, айниқса, мактаб директорларини тайинлашда биринчи навбатда йигитларга эътибор бериш керак.
Аминманки, таълим муассасаларимиз бошқарувида эркаклар салмоғи ортса, ҳамма жабҳада ижобий натижалар юз беради.
Жамшид НОСИРОВ