“Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ…”

Мовароуннаҳр ва Хуросонда маданият, адабиёт, бунёдкорлик соҳаларининг турли тармоқларида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари олиб борган оламшумул ободончиликларни барчамиз яхши биламиз. Бобокалонимизнинг фармойишлари билан қурилган муҳташам биною мадрасалар, карвон йўлларию катта-катта кўприклар, маданий-маиший обидалар ҳамда кўплаб шаҳарларда ул зотдан ёдгорлик бўлиб қолган боғу роғлар ҳақида машҳур адибларимиз, олимларимиз ўз асарларида ҳикоя қилганлар.

Соҳибқирон ҳазратларининг бунёдкорлик йўлида қилган ишлари унинг авлодларига анъана бўлиб қолди.Бу анъанани буюк ватандошимиз шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам давом эттирган. Бобур вафотидан кейин қарийб беш аср вақт ўтишига қарамай, Бобуршоҳ ҳазратлари ва унинг авлодларидан қолган тарихий ва маданий мерос ҳанузгача жаҳон халқларини ҳайратга солиб келмоқда.

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, деган нақл бор. Кўҳна боғ – истироҳатчилик санъати бизга ота-боболаримиздан қолган буюк меросдир. Биз қуйида улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг боғ-оройишчилик санъати хусусида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

БОБУР БОҒЛАРИ

Манбаларга кўра Бобур Қобул ва Ҳиндистонда бир қанча боғлар барпо эттиради. Абдулҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома” асарида келтирилишича, Қобулда барпо этилган Чорбоғи Қобул, Боғи Шаҳраро, Боғи Жиловхона, Ўртабоғ, Боғи Сурат, Боғи Моҳитоб, Боғи Оҳухоналар Бобурнинг ўзи томонидан барпо эттирилган.

Бобур ҳазратларининг қадамлари етган жойда, албатта, бир нурли из қолган. Шулардан бири Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида бунёд этилган ажойиб, таровати бетакрор боғ – “Боғи Бобур”дир.

Бобур Қобулга қадам ранжида қилар экан, бу ернинг об-ҳавоси, иқлими, бепоён яйловлари, шифобахш сувлари ул зотни ҳайратда қолдиргани “Бобурнома” асарида такрор-такрор қайд қилинган. Мазкур боғдаги етти иқлимдан келтирилган анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар ҳанузгача пойтахт шаҳарнинг кўрки бўлиб ҳисобланади. Ҳозирги кунда “Боғи Бобур” сайилгоҳ бўлиб, давлат, жамоатчилик томонидан ўтказиладиган оммавий анжуманлар марказига айланган. Бобуршоҳ ҳаётлик даврида “Боғи Истолиб”, “Боғи Наврўзий”, “Бўстонсарой”, “Чорбоғ”, “Боғи Беҳиштий”, “Боғи Нур”, “Боғи Хилват” каби ажойиб, бетакрор боғларни бунёд этган. Шуниси ажабланарлики, Қобулнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, бу боғларда анвойи гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар қисман такрорланган бўлса-да, аммо айрим жиҳатлари билан кескин фарқ қилган. Яъни, боғларнинг бири аксарият мевали дарахтлардан ташкил топса, бошқаси анвойи гуллар билан безатилган. Шунингдек, бу боғларга Мовароуннаҳрдан Қуванинг туятиш анори, Бахмалнинг қирмизи олмаси, Конибодомнинг обиноввот ўриги, Олтиариқнинг ҳусайни узуми, Самарқанднинг анжири келтириб ўтқазилган. Бундай боғларнинг жумласига ҳозирги кунда “Боғи Шаҳраро” — яъни, Ганж илми боғи дея аталиб келинаётган “Боғи Жиловхона” ҳамда “Ўртабоғ”, “Боғи Суръат”, “Боғи Моҳтоб”ларни мисол келтиришимиз мумкин. Афсуски, бу боғларнинг аксарияти ҳозирги кунда ёзма манбалардагина қолган.

Яна ўқинг:  “Меҳру вафо – рақибға, жавру жафо – манга”

“Боғи Бобур”нинг тоғ ён бағрига туташган шарқий тарафида, ул зотнинг фармонига мувофиқ, 1508 йилда “Тахти Бобур” кўшки қурилган бўлиб, у ердаги тарошланган тошларга қуйидаги жумла ўйиб ёзилган: “Тахтгоҳи олампаноҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон ҳалладуллойи мулки фис сана 887 ҳижрий” Мазмуни: Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибни Умаршайх Кўрагон олампаноҳ тахти мулки санаси 887 ҳижрий йил.

Бундан ташқари, Кобулдаги “Балоисор” қасри ҳам Бобуршоҳ томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик унинг ўғли Мирзо Комрон томонидан таъмирланган. Ҳозирги кунгача унинг харобалари етиб келган, холос. Валиаҳд шаҳзода Мирзо Ҳумоюн Насриддин 1508 йилда ана шу қасрда таваллуд топганлиги тарихий ҳужжатларда қайд этилган. Жалолобод шаҳри ҳам шахсан Бобуршоҳнинг ташаббуси билан “Боғи Сафо” билан безатилган. Бобуршоҳ 1508 йилда валиъаҳд фарзанд туғилиши шарафига Одинапур шаҳрида “Боғи Вафо” деб номланган боғни бунёд қилганлар. Бу боғдаги гуллар, мевали ва манзарали дарахт­лар, асосан, Моварауннаҳрдан келтирилган бўлиб, ул зот бу ҳақда “она юртимни эслатиб турсин деб ният қилдим” деган эканлар. Бобуршоҳ ҳар галги сафари олдидан ана шу боғда зиёфатлар, ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик юзасидан машваратлар ўтказган. Бобуршоҳ 1506 йилда Кандаҳор шаҳрида “Чорбоғи Кандаҳори”, ундан сўнг шу манзилда “Боғи Чорбоғ” боғини бунёд қилдирганлар. Бу боғ Арганбоб дарёсининг қирғоғида жойлашган бўлиб, ҳанузгача гўзаллиги, таровати билан барчани ўзига маҳлиё қилиб келади.

“Бобурнома”да ишланган расмлардаги боғлар тасвирига қараб, Бобур боғларининг аксарияти режа асосида яратилганини кўрамиз. Бу ҳақида Бобурнинг ўзи ҳам боғларнинг тартиб билан “сиёқ ва режа” асосида қурилиши зарурлигини бир неча бор қайд қилиб ўтади.

Тартибли ҳандасавий кўринишдаги боғлар кўпроқ нисбатан текис ерларда жойлашган шаҳар ичидаги мўъжаз боғ-саройлар ва боғ-мақбараларга мос келса, манзарали боғлар шаҳардан ташқаридаги тоғ ва қияликларда жойлашган кенг майдонли сайргоҳ боғларга мос келган. Боғлардаги айвон иморатларга туташтирилган ва улар ёнида дам олиш супалари ҳовуз ва фавворалар яратилган, ҳовузлар эса ўқариқларга боғланган. Серсоя дарахтлар қуёш ҳаракатини эътиборга олган ҳолда хиёбон ва йўлаклар бўйлаб экилган. Манзарали ва мевали дарахтлар бир-бирини тўлдирган, гулзорлар эса шийпонлар атрофида барпо этилган. Гулзорлар учун гуллар танлашда, уларнинг очилиш мавсумига алоҳида эътибор қаратилган.

Яна ўқинг:  Нурота – нурли манзиллар макони

Манзарали дарахтлар орасида қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб ўсувчи арчасимон сарвқомат дарахтлар ҳам бўлган. Бундай дарахтлар ўзларининг тиғиз барги, хушманзаралиги билан бошқа дарахтлардан фарқ қилган, қолаверса улар ўзларидан хушбўй ҳидлар таратиб, ҳавони мусаффолаштирган.

Кандаҳор шаҳрида саксонта сангтарош тўққиз йил тошларга ишлов бериб, “Қирқ зина” ансамблини барпо этган. Бу тошларга Бобуршоҳ ва унинг зурриёдлари Мирзо Ҳумоюн, Мирзо Комрон, Мирзо Аскарий, Мирзо Ҳиндолларнинг исмлари ўйиб ёзилган. 1542 йили Акбаршоҳ таваллуд топиши билан, Мирзо Ҳумоюннинг амрига мувофиқ, унинг исми ҳам қўшиб ўйдирилган.

Мирзо Бобур Қобулни катта меҳру муҳаббат билан обод эттирган ва шаҳарда ҳамиша осойишталик ҳукм суришини истаган. Бобурийлар сулоласи подшоҳи Шоҳ Жаҳон ҳукмдорлиги вақтида мазкур “Боғи Бобур”га жуда катта эътибор қаратилган. Мармардан ясалган масжид ҳам Шоҳ Жаҳон амри билан қурдирилган. Ундан ташқари, боғда кўшк, меҳмонхона, шоҳнишин (подшоҳ ўтирадиган айвон), хизматкорлар ва қоровуллар учун алоҳида бинолар ҳам мавжуд бўлган.

Ҳозирги вақтда “Боғи Бобур” Қобул шаҳридаги энг шинам боғдир ва ҳар куни зиёратга келган одамлардан гавжум. Диққатга сазовор жойи шуки, ўз васиятида Бобур қабри усти очиқ бўлишини, ҳеч қандай иморат ва гумбазсиз бўлишини истаган. Бу бежизга эмасдир. Зеро, қисқа ҳаётида машаққатлар ичра яшаган Бобур қабри устида ҳамиша мусаффо осмон бўлишини, дилга пайванд қилиб, обод этган Қобулда ҳамиша осойишталик ҳукм суришини истагандир.

Ёд этмас эмиш кишини меҳнатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатда киши.

Ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги буюк намояндаси бўлган ватандошимиз Бобурдан қолган адабий, тарихий-маданий ва маънавий бой мерос бутун жаҳон тамаддунига тегишлидир.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: