Энг мангу қўшиқсан

О, баланд тоғларим, боботоғларим! Осмонга устун бўларли салобати, нуроний кўрки бор. Ҳар тонг елкаси узра навқирон қуёшни тик кўтарар экан, она Ўзбекистон диёри ажиб гўзаллик оғушида солланади. Фалак ўзининг заррин нурлари билан юртимни мадҳ этади, зарра тупроғини кўзига суртади.

Ҳа, бу серқуёш ўлка элнинг бахти, нажотидир. Бу зарзамин учун бобоқуёш ҳам жон фидо қилади. Кун бўйи бор меҳри, ҳароратини армуғон этгач, зарра-зарра қумликларга сингиб кетади. Уфқда тириклик тимсоли, ҳаёт тимсоли, шу халқнинг келажак орзу-умидлари шуъласи бўлмиш алвон рангдан бўёқ беради. Абдулла Орипов шеъри, Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси илк ноталариданоқ, илк сўзлариданоқ кўз ўнгимизда ана шундай самимий тасвирларни чизади. Ҳа, бу қўшиқ қўшиқларнинг сардори ва умрибоқийсидир. Боиси унда она Ватан тараннум этилган. Унинг оҳанглари шу заҳматкаш элнинг юрак уришидан, асрий орзу-мақсадлари ҳосиласидан бунёд бўлган. Эҳтимол, у янграганда миллионлаб юртдошларимиз кўзларига ёш олиши сабаби шундандир.

Дарҳақиқат, ватанпарварликни ўргатиб бўлмайди. У авлоддан-авлодга, қондан-қонга ўтади. Ватан сотиб олинмайди. У пешонага битилган қисмат. Инсонга Яратганнинг битмас-туганмас инъомидир. Ота-боболаримизда бир гап бор: қонингни тоза сақла, болам!

Ҳа, инсоннинг илк томган қони – киндик қони, туғилган тупроғига, туғилган заминига сингади. Демак, у дунёга келишиданоқ Ватани билан қондошга айланади. Қондош, қавму қариндош шаънини асраш минг йилларким, ўзбек халқининг ўлмас қадриятига айланган. Ватан тирик, Ватан ўлмайди, у миллион-миллион инсонларнинг юрагида яшайди, кўксида уриб туради. Шунинг учундир, мадҳия янграганда ўзини шу халққа, шу тупроққа дахлдор билган кишиларнинг вужуди жимирлаб кетади. Бутун руҳи фахрга айланади. Ифтихор туйғуси билан яшаётган элни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.

Руҳга қувват, танга куч

Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Зеро, бундан улуғ мақсад йўқ. Буни теранроқ англамоқчи бўлсангиз, ҳарбий хизматга бораётган йигитнинг кўзларига боқинг, қайтганидаги қатъиятини кўринг. Ҳа, қалби фахр туйғусига лиммо-лим минг-минглаб йигитларимиз ҳар йили она Ватан олдидаги муқаддас бурчини ўташ учун ҳозирлик кўради. Бир йил ҳарбий ва жисмоний кўникмага эга бўлади. Ўз юртининг зарра тупроғини ҳам ёвга бериб қўймайдиган даражада кучга, салоҳиятга тўлади. Бундай жасоратнинг тагзамири эса маънавиятга келиб тақалса, ажабмас. Ҳар кун саф тортган аскарлар баланд овозда, баралла мадҳияни куйлаб, тонгни қарши олади. Қадамидан ўт чақнаб хизматга отланади. Тунги сафда яна шу умрибоқий қўшиқни авж пардаларда, маромига етказиб ижро қилади.

Яна ўқинг:  Илгирлик – фирибгарлик... ми?

Дарҳақиқат, бу қўшиқ руҳга қувват, танга куч беради. Томиримиздаги қонга сингади. Ҳа, бу тарона вужудимизда тириклигимиз кафолати – қон бўлиб оқади. Улуғ боболаримиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурга хос бўлган мардлик, жасорат, ватанпарварлик ва ақлу заковат каби эзгу амалларни эслатиб туради. Зеро, ўтмишини унутмаган, ота-боболари тутумига содиқ қолган халқнинг йўли ойдин, келажаги порлоқ бўлади.

Ватан каби эъзозли ва қадрли

Бир ўқ билан Асқартоғни қулатган Алпомиш ҳақидаги достон ўз-ўзидан яралиб қолмаган. Халқимиз ана шундай алпкелбат полвонлари билан ҳар қанча фахр этса арзийди. Елкаси ер кўрмаган Паҳлавон Маҳмуддай боболаримиз номи ҳам билагидаги кучи, юрагидаги Ватан туйғуси, шу элга, шу халққагина мос ва хос бўлган орияти сабаб асрлар оша ўтиб келмоқда. Сўнгги йигирма олти йил давомида спортчиларимиз эришган ютуқлар ҳам Ўзбекистон деган давлат тасодифан дунё харитасидан жой олмаганини қайта-қайта исботламоқда.

Жаҳон ареналарида 20-25 ёшли йигит-қизлар ўзининг бор маҳоратини ишга солиб, ғалаба қозонмоқда. Бутун халқни жунбушга келтирадиган ҳолати эса мадҳия янграганда уларнинг кўзидан оқаётган ёшлардир. Ҳа, бу севинч ёшларининг ҳар томчиси Ўзбекистондек гўзал ва бетакрор юртнинг фарзанди эканидан миннатдорлик ифодасидир.

Бу ватанпарварлик Она заминимизга бўлган меҳру муҳаббатнинг самимий изҳоридир. Айниқса, зафар қучган ўзбек ёшлари рақибига қучоқ очиб, унга дўстона муносабатда бўлиши, зафарлар тилаши кўрган кишига ҳузур бағишлайди. Улар инсоний фазилатлар ҳали ҳам ўлмаганини, бағри кенг ўзбек халқининг иймони ҳеч қачон ўчмаслигини намойиш қилишади. Мадҳия садолари остида муқаддас байроғимизни кўзга суртишади. Ҳа, мадҳия ҳам Ватан каби эъзозли, Ватан каби қадрлидир.

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 5-модда

“Оламни маҳлиё айлаган диёр”

Маърифатпарвар бобомиз Чўлпон “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир”, деб ёзади. Дарҳақиқат, улуғ халқ қудрати жўш урса, унга ҳеч қандай куч тўсқинлик қилолмайди. Бугун ўзбек халқи озод ва обод диёрда ана шундай шиддат билан эл-юрт манфаати йўлида камарбасталик қилиб келмоқда. Бу ишларга эса Юртбошимизнинг ўзи бош-қош. Бугун нуфузли халқаро доираларда Ўзбекистон мавқеи янада юксалиб бораётганини ҳаммамиз кўриб, дилдан ҳис этиб турибмиз. Мамлакатимиз Президенти кўплаб давлатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларни янги босқичга олиб чиқди. Ўша мамлакатларда бизнинг мадҳиямиз янгради. Ўзга халқ вакиллари олдида халқаро сиёсий майдонларда ўз мадҳиянг янграётганини кўриш қанчалар ҳузурбахш. Ўзбек халқи ҳаммага яхшилик соғинишини, ҳаммага эзгу нигоҳ билан боқишини, ҳақиқий тинчлик посбони эканини намойиш қилиб улгурди. Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон оламни маҳлиё айлаган диёр бўлди.

Яна ўқинг:  Akajon

Элга бахт, нажот

Эрта тонгдан телевизорни ёқаман. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янграйди. Қизалоғим қўлини кўксига қўйиб, жўр бўлади. Мен ҳам ўрнимдан туриб, қўлимни кўксимга қўяман. Бу ҳолатим унга завқ бағишлайди. У ўзини янада эркин ҳис этади. Сўнг бошини аста силайман. Ахир, у Ватанимнинг эртаси! Зеро, эркин, ёш авлодлар Ватаннинг метин қанотларидир.

Деразани очаман. Бобоқуёшни елкасида тутган тоғларга боқиб, ўзимга куч оламан: Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот!

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: