Ўз саломатлигимизга масъуллик ҳушёрликка чорлайди

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асрашга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилни “Соғлом она ва бола йили” деб номланишининг таг замирида ҳам келажак авлод саломатлигини муҳофаза этиш, уларни жисмонан соғлом, ақлан етук ва маънан баркамол инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу мақсад мужассам.

Бугун дунё бўйлаб одамнинг иммунитет танқислиги вирусининг кенг тарқалиши, инсониятга жиддий хавф солаётир. Афсуски, республикамизда ҳам ОИВ аҳолининг турли гуруҳлари орасида аниқланмоқда. Шу боис 2013 йил 23 сентябрда янги таҳрирдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи ва услубий қўлланмалари ишлаб чиқилиб, амалда қўллашга татбиқ этилди. Мазкур қонуний ва меъёрий ҳужжатларда ОИВ тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, ушбу вирусни юқтириб олган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб қўйилган.

ОИВ инсонга ушбу инфекцияни юқтириб олган одамдан ҳимояланмаган жинсий алоқа, яхши текширилмаган донор қонини беморга қуйиш орқали, тери ва шиллиқ қават бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ муолажаларда зарарсизлантирилмаган тиббий асбоб-анжомлар орқали ҳамда сартарошхоналарда татуаж, педикюр, маникюр муолажалари стерилланмаган ҳолатда амалга оширилганда юқади. Бу дард ҳомиладор онадан болага ўтиши мумкин. Танамиздаги ҳар қандай касаллик биз кечираётган бетартиб ҳаёт тарзига жавобан ривожланади. Инсоннинг ўз саломатлигига бефарқлик билан қараши масъулиятсизлик ҳисобланади. Демак, касалликни юқтиришнинг олдини олиш кўпроқ ўзимизга боғлиқ.

Ҳозирги вақтда баъзи юртдошларимиз турли баҳоналарни рўкач қилиб, кўпроқ пул топиш илинжида узоқ-яқин давлатларга ишлаш учун бориб келмоқда. Ноқонуний равишда хорижга чиқиб кетган, айниқса, 20-45 ёшдаги йигит-қизларнинг қаерда юргани, нима билан шуғулланаётгани, кимлар билан қандай алоқада бўлаётгани, қандай шароитда яшаётгани баъзан яқинларига ҳам номаълум бўлмоқда. Шундай экан ҳар бир ота-она ўз жигарбандини ўзга юртга юборгандан сўнг, унинг саломатлиги ёмонлашувига ёки ножўя қадам ташлаб, гиёҳвандлик, ичиш, чекиш каби зарарли одатларга ўрганиб қолишига, бетартиб жинсий алоқада бўлишига, ёмон одамлар таъсирига тушиб қолишига ўзининг жавобгар эканлигини унутмаслиги лозим. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида оила катталари ўз фарзандлари билан жиддий суҳбат олиб бориши шарт.

Яна ўқинг:  Тилими танга сиҳат

ОИВ вирусининг тарқалишига йўл қўймаслик ва бу касалликни аниқлаш мақсадида ҳар бир хориждан келган шахс ўзи доимий яшайдиган ҳудуддаги кўп тармоқли поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктида текширув учун қон топшириши зарур. Қолаверса, никоҳдан ўтаётган шахслар ҳам тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Шунингдек, 12 ҳафтагача ҳомиладор бўлган аёллар ҳам ОИВнинг олдини олиш мақсадида қон таҳлили учун яшаш жойи бўйича ҳудудий поликлиникаларга қон топширишлари керак.

Аҳоли орасида ушбу хавфли касалликнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари мутахассислар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, кўпни кўрган отахон-онахонларимиз ҳам ёшларнинг юриш-туришига эътибор бериб, уларга одоб-ахлоқ юзасидан ўз маслаҳатларини берсалар келажак эгаларининг соғлом, етук ва баркамол авлод бўлиб етишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бўлар эди. Зеро, халқимиз “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган пурмаъно сўзни бежизга айтмаган.

Аҳоли саломатлигини сақлашга нафақат тиббиёт ходимлари, балки шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғи лозим. Ана шундагина кўзланган мақсадга эришилади.

 

Аҳмаджон АЙИТБАЕВ,

Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази санитария врачи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: