Бўлар бола бошидан…
Ўз-ўзидан аёнки, болалар спортини ривожлантирмасдан туриб, ўзбек спортининг келажагини таъминлаш, халқаро майдонда унинг обрў-эътибор қозонишига эришиш мумкин эмас.
Ислом КАРИМОВ
Пойтахтимиздаги 317-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Муҳаммадали Наимжонов мамлакатимизнинг иқтидорли ёшларидан бири.
Успортнинг кикбоксинг тури бўйича шаҳар ва республика миқёсида ўтказилган мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, ёш спортчи Таиланднинг Банкок шаҳрида ўтказилган мусобақада қатнашиб, 3-ўринни қўлга киритди.
Муҳаммадали шахматга ҳам жуда қизиқади. У Тошкент шаҳрида ушбу спорт тури бўйича ўтказилган мусобақада 9 ёшли болалар ўртасида биринчи ўринга сазовор бўлди. У эришган ютуқларга тенгдошлари ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
Ҳар бир масъулиятли ота-она фарзанди қобилиятини шакллантиришга ўз вақтида эътибор бериб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур.
– Ўғлимдаги спортга бўлган қизиқиш унга отасидан ўтган, десам муболаға бўлмайди, – дейди онаси Дилфуза Норова. – Турмуш ўртоғим ҳам спортнинг кикбоксинг тури билан шуғулланади. Муҳаммадалини дадаси болалигидан спорт залларига ҳамиша ўзи билан бирга олиб боради.
Спорт билан дўст тутиниш, болада қатъиятлик ва мардлик каби фазилатларнинг шаклланиши, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади. Қувонарлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар спорти соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Муҳаммадали каби ёш авлод вакилларини ҳар жиҳатдан соғлом ва етук бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда.