Илҳомбахш ижод маскани

Мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларини барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.

Юксак ғамхўрликка жавобан истеъдодли ёшларимизнинг турли халқаро мусиқа ва санъат фестивалларида қўлга киритаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ.

Бухоро вилояти, Олот туманидаги 15-Болалар мусиқа ва санъат мактаби Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009–2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2013 йилда фойдаланишга топширилди. Янги бинонинг қурилишига давлат бюджетидан 2 миллиард 408 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассаса қарийб, 478 миллион сўмлик янги мусиқа асбоблари ва мебель жиҳозлари билан таъминланди. Жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган, ўқувчиларнинг сабоқ олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган ушбу ўқув даргоҳини кўриб, кўз қувнайди.

– Таълим даргоҳида 26 нафар ўқитувчи ва концертмейстр фаолият кўрсатади, – дейди муассаса раҳбари М. Аллонов. – Санъатга ошуфта ўғил-қизлар билан ишлашда уларнинг ўзига хос қизиқишлари, истеъдодлари алоҳида эътиборга олинади. Фидойи ўқитувчиларимизнинг меҳнати билан ўқувчиларимиз ҳар йили туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказиб келинаётган кўрик-танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Мактабда фортепиано, ўзбек халқ чолғулари, эстрада чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, эстрада хонандалик, тасвирий санъат, амалий санъат ва хореография каби 8 та бўлим фаолият юритади. Ушбу гуруҳларда 180 нафар ўғил-қиз мусиқа ва санъат сир-асрорларини қунт билан ўрганишмоқда.

2014 йил мусиқа мактаби ўқувчиси Маҳлиё Салоҳиддинова Муҳиддин Қориёқубов номидаги республика кўрик-танловининг тасвирий санъат йўналишида рағбатлантирувчи ўринга муносиб кўрилди. Мактабнинг истеъдодли ўқувчиларидан бўлган Суннат Дурмаматов эса “Камалак юлдузлари – 2014” ҳамда “Истиқлол ғунчалари – 2015” фестивалида фахрли ўринларни қўлга киритди. “Камалак юлдузлари – 2016” фестивалининг вилоят босқичида анъанавий хонандалик бўйича Жонибек Раҳматуллаев, тасвирий санъат йўналиши бўйича Руслан Абдуллаев фахрли 1-ўринга сазовор бўлишди. Ҳозирда улар танловнинг республика босқичига жиддий ҳозирлик кўришмоқда.

Замонавий таълим муассасалари, маданият масканларида билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаётган ҳур фикрли, она Ватаннинг буюк ва фаровон келажагини ўз кучи ва ақл-заковати билан қурувчи ёш авлоднинг камол топаётгани барчамизни бирдек қувонтиради.

Яна ўқинг:  Узум иммунитетни мустаҳкамлайди

– Жонажон Ўзбекистонимизнинг бетакрор табиатини тасвирлашни хуш кўраман. Бу менинг илҳом манбаим, – дейди 15-Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Руслан Абдуллаев. – Ижод қилиш, хаёлот маҳсулини оқ қоғозга тушириш учун мусаввирга етарли шароит бўлиши лозим. Бусиз эл ардоғидаги рассом бўлиб етишиш мушкул. Таълим даргоҳимизда яратилган шароитлар эса бу борада биз ўқувчилар учун барча имконият эшикларини очади. Устозларимнинг саъй-ҳаракати туфайли жорий йилда ўтказилган “Камалак юлдузлари” фестивалининг вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритдим. Мақсадим фестивалнинг республика босқичида ҳам энг олий ўринга сазовор бўлиш.

Муассасада ҳар бир ўғил-қиз ўз олдига юксак мақсадлар қўйган. Бу йўлда улар тиним билмай ўқиб, изланмоқда, санъатнинг сир-асрорларини пухта ўрганмоқда.

 

Х. УСМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: