Эл саломатлигига камарбаста бўлиш шифокорларнинг муқаддас бурчидир
Инсон – табиатнинг энг олий мавжудотидир. Бироқ, табиат яратган мўъжизалардан баҳра олмоқ учун ҳар бир одам соғлом, бақувват ҳамда зукко бўлмоғи зарур, деган эди донолар.
Бугунги кунда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий, мурувват ёрдами, маданий-оқартув, ўқув-соғломлаштириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳамда спортни ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси тиббий-ижтимоий патронаж тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда “Тиббий-ижтимоий патронаж” дастури амалда бажариб келинмоқда.
Асосан қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган оилалар, шахслар гуруҳлари ва алоҳида шахсларнинг тиббий-ижтимоий ёрдамга эҳтиёжи қондирилишини доимий ва режали ўрганиш, кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаларининг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда патронаж ходимлари зиммасига турмуш шароитларини баҳолаш ва тиббий-ижтимоий муаммоларни аниқлаш, фертиль(туғруқ) ёшидаги аёллар ва болаларни тиббий кўриклардан мунтазам ўтказиш, қишлоқ жойларда яшайдиган кам таъминланган оилаларга тиббий-ижтимоий ва мурувват ёрдамларини кўрсатиш, соғлом болалар туғилиши ва уларни тарбиялаш масалалари бўйича аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш каби вазифалар юклатилган.
Шунингдек, патронаж тизимининг иш фаолияти оилаларнинг аҳволини ҳар томонлама ўрганиб, уларни гуруҳларга ажратиш, тиббий-ижтимоий патронажнинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда туман, вилоятлар ва республика миқёсида ўсиб келаётган ёш авлодни тиббий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий тарбиялашга ёрдам беришдан иборат. Бу каби вазифаларни бажариш учун мамлакатимизда тиббий-ижтимоий патронаж тизими махсус жиҳозланган “Амбуланс” автотранспортлари билан таъминланган. Мазкур транспорт воситасида энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий ускуналар мавжуд. Жойларда аҳолига кўчма тиббий бригаданинг малакали ва тажрибали шифокор-мутахассислари хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан республика бўйича жами 28 минг 277 нафар ўсмир тиббий кўрикдан ўтказилди.
Шу билан бир қаторда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг мутахассислари ва тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари шифокорлари томонидан ўқув муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда долзарб мавзуларда маърузалар қилинмоқда. Хусусан, жорий йил 249 та ўқув муассасасиида таълим олаётган 22 минг 900 нафар талаба ва ўқувчи ўртасида маъруза, давра суҳбатлари, учрашув ва семинарлар ташкил этилди. Шунингдек, 966 та маҳалла ва қишлоқ фуқаролик йиғинлари, корхона ва ташкилотларда 54 минг 610 нафар аҳоли ўртасида маърузалар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларга “Соғлом авлод учун” фонди томонидан чоп этилган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи 38 минг 925 дона буклет ва рисолалар тарқатилди.
Ҳозирги кунда тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари ва Тиббий-ижтимоий марказда жами 107 нафар ходим фаолият олиб боради. Уларнинг 25 нафари Ўзбекистон Республикаси “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, 20 нафари эса олий тоифали мутахассислардир.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди келгусида ҳам ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни сидқидилдан амалга оширади, дея ишонч билдирамиз.
Сияра ДЖАМБЕКОВА,
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Тиббий-ижтимоий маркази мутахассиси