Замонанинг салоҳиятли ёшлари
Сўнгги йилларда фан-техника соҳаси мисли кўрилмаган даражада тараққий этди. Бу жараёнда мамлакали мутахассислар тайёрлашни янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим масалага айланди. Мамлакатимизнинг Биринчи
Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мос Турин политехника университетининг ташкил этилиши соҳа ривожида улуғвор қадам бўлди.
2009 йилнинг октябрида ушбу илм маскани илк бор 200 нафар талабани “Автомобиль инжиниринги”, “Машинасозлик технологияси”, “Энергетика”, “Саноат қурилиши”, “Архитектура ва саноат дизайни” ва “Саноатда АБТ ва информацион технологиялари” йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилди.
Албатта, эзгу ниятни рўёбга чиқариш учун узоқ Италиядаги Турин политехника университети танлангани бежиз эмас. Боиси, мазкур илм маскани дунё миқёсида ўзига хос мавқе ва нуфузга эга олий таълим даргоҳларидан саналади. Рейтинг жиҳатидан ушбу университет Италияда биринчи, Европада эса еттинчи ўринда туради. Диққатга сазовор яна бир жиҳати, университет назарий билимлар билан амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш борасида ҳам бой тажриба тўплаган.
Унинг ҳузурида “Fiat”, “General Motors”, “Alltalia”, сингари дунёга машҳур йирик корпорацияларнинг технопарклари мавжуд. Муассасадаги ўқитиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Италия университети ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ йўлга қўйилган. Таълим жараёнида юртимизнинг илғор ёшлари юқорида номлари қайд этилган корпорацияларнинг тажрибалари, ишланмалари ва ютуқлари билан изчил танишиб борадилар. Шунингдек, саноатнинг юқори технологияли бошқа тармоқлари ва дизайн соҳасига оид билимларни ҳам чуқур эгаллайдилар.
Ҳозирда университетда талабалар таълимнинг машинасозлик технологиялари, электротехника, энергетика, саноат-хўжалик қурилиши ва архитектура, саноат-ахборот технологиялари ва бошқарувнинг автоматлаштирилган тизими йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Масалан, машинасозлик соҳасида ўқиётган талабалар автоматика, гидравлика ва пневмотикага доир янги технологияларга таянган ҳолда металл қуйиш, уларга совуқ ҳолида ишлов бериш, преслаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш тизимларини лойиҳалаштириш, яратиш ва бошқариш, ишлаб чиқаришда қўлланиладиган асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва созлаш, конструкциялар ва деталлар пишиқлиги-ю чидамлилигини ўлчаш сир-асрорларини ўрганмоқдалар.
Қолаверса, саноатда ахборот технологиялари ва бошқарувнинг автоматлаштирилган тизими йўналишига қизиқувчилар рақамли дастурий бошқарув жиҳозларининг барча турларини лойиҳалаштириш ва созлаш усуллари билан ҳам танишмоқда. Энергетика ва саноат хўжалик қурилиши ҳамда архитектура соҳасининг бўлғуси мутахассислари эса турли иншоотларни лойиҳалаштириш ва моделлаштириш, уларнинг зилзилага бардошлилигини белгилаш усулларидан бохабар бўлаётир.
Энг муҳими, талабалар назарий билимларини шу ернинг ўзидаёқ синовдан ўтказиш, эгаллаётган ихтисосликлари бўйича амалий кўникма ва тажриба орттириш имкониятига эгалар. Айни мақсадда университет қошида махсус лаборатория ва технопарклар ташкил этилган. Улар хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги компьютерлар, лазерли сканер, принтер, сейсмологик синов қурилмаси, двигатель конструкциялари ва технологияларнинг деталларию иншоотларини лойиҳалаштиришда қўлланиладиган универсал робот, замонавий токарлик ва фрезерлик дастгоҳлари, рақамли планшет каби асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Машинасозликка дахлдор технологик чизмалар эса Асакадаги автомобиль ва Тошкентда қад ростлаган “GM Пауэртрейн-Ўзбекистон” мотор заводи цехлариникидан сира қолишмайди. Бу эса университетда ўқув, амалий таълим ва илмий фаолият ишлаб чиқариш билан алоқани мустаҳкамлашга қаратилганидан далолат беради.
Қолаверса, таълим даргоҳидаги барча машғулотлар инглиз тилида олиб борилади. Талабалар ўзбекистонлик ўқитувчилар ҳамда Италиядаги Турин политехника университетнинг етакчи мутахассисларидан сабоқ олишади. Ўқишни тамомлагач, улар мазкур илм даргоҳининг белгиланган намунадаги дипломига эга бўладилар. У Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади. Битирувчилар йўлланма бўйича “СамАвто”, “МАН Авто-Ўзбекистон”, “GM Пауэртрейн-Ўзбекистон”, “Тошкент трактор заводи”, “Технолог” очиқ акциядорлик жамиятлари, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари ҳамда лойиҳалаш институтларига ишга юборилади.
Сир эмаски, таълим самарадорлиги бевосита ўқитиш тизими ва педагоглар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда университетда ўқитувчилар малакасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, илк бор 2010 йилда уч нафар ўқитувчи “PhD” дастури бўйича Италиянинг Турин политехника университетига ўқишга юборилди. Кейинчалик ушбу университетга қўшимча равишда 6 нафар, Европа ва Осиёнинг бошқа илғор университетларида 4 нафар ўқитувчи малака ошириб қайтди. Худди шу йили таълим даргоҳи ҳузурида аниқ фанларга ва инглиз тилини чуқур ўрганишга ихтисослашган академик лицей ташкил этилди. Натижада юртимизда ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими яратилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, университетда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқув марказлари ташкил этилган бўлиб, унда талабалар илмий изланишлар олиб боради.
Жумладан, “HEXAGON Metrology” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш корхоналари учун метрологик ва сервис хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Метрология маркази ташкил этилган. Марказда деталларнинг геометрик параметрларини 2.5 микрон аниқликда (ISO: 1101 талаблари асосида узунлиги, эни, қалинлиги, текислиги, параллеллиги, перпендикулярлиги ва ҳ. к) ўлчашга мўлжалланган стационар координатли-ўлчов машинаси ўрнатилган. Шунингдек, Япониянинг “JICA” халқаро ташкилоти молиявий қўллаб-қувватлаши натижасида университет қошида Европанинг метални тешиш ва йўниш жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ташкилотларидан бири “GUHRING” компанияси билан ҳамкорликда металга қайта ишлов берадиган ҳамда механизатор ва техник мутахассислар малакасини ошириш бўйича “CLAAS”, “NX Unigraphics”, “Siemens” компанияларининг ўқув марказилари ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда талабалар назарий билимларини амалиётга кенг татбиқ этиш имконига эга бўлмоқдалар.
Шунингдек, олийгоҳда автоматизация техника тизимига ўқитиш ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқишга қаратилган “Мехатроника” маркази ҳам фаолият олиб боради. Ушбу марказ машинасозлик, тоғ-кон, нефть-кимё соҳасининг ишлаб чиқариш корхоналари билан уларнинг техник базасини яхшилаш ва мукаммалаштириш борасида илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
– Мазкур мехатроника ва робота техника маркази Ўзбекистонда ягона бўлиб, бу ерда университет талабалари олган назарий билимларини махсус лабораторияларда амалиётга татбиқ этиш имконига эга бўлади, – дейди Турин политехника университети Мехатроника маркази инженери Илҳом Мамаюнусов. – Лабораториялар “Хеста” компанияси (Германия)нинг замонавий техник ускуналари билан жиҳозланган. Ушбу курсни битиргандан кейин талабалар ишлаб чиқариш жараёнида ўз фаолиятини тўлиқ амалга ошира олади. Улар ўзлари мустақил равишда моделларни ясашлари мумкин. Қолаверса, университетда ҳар йили талабалар ўртасида анъанавий “Ёш роботатехник” кўрик-танлови ўтказилади. Унда фаол иштирок этган иқтидорли талабалар танлаб олиниб, айтиб ўтилган курслар бўйича ўқитилади.
Ана шундай иқтидорли ёшлардан бири Бекмурод Каримов бошчилигидаги бир қатор талабалар томонидан яратилган сейсмоплатформа лойиҳаси биноларни Рихтер шкаласи бўйича неча балгача чидамлилигини аниқлаб беради. Ушбу ихтиро қурилиш ташкилотлари учун мўлжалланган. Айнан мана шу соҳанинг ривожланиши учун 2015–2016 ўқув йилида университетда “Мехатроника” ва “Машинасозлик технологияси” йўналишлари бўйича магистратура бўлими очилди.
Университетнинг 7 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилиб, шуни айтиш мумкинки, ўтган вақт мобайнида таълим масканининг бакалавар ва магистратура босқичига 1175 нафар талаба қабул қилинди. Қолаверса, 15 нафар магистр Италиянинг Турин политехника университетини мувафаққиятли тамомлаб қайтди. 13 нафар мустақил изланувчи эса “PhD” унвонига сазовор бўлди. Битирувчилар “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекэнерго” компаниялари, “НКМК”, “ОКМК” корхонлари, қурилиш ва ахборот технологиялари тизимида иш билан таъминланган.
Шунингдек, бу ерда фаолият юритаётган муҳандислар томонидан 2 292 млн. сўмлик 17 та инновацион, 7 та фундаментал ва амалий лойиҳалар амалга оширилди. Айни кунгача 6 илмий кашфиётга патент олинди.
Ҳозирда Германиянинг Штутгарт, Оснабрюк ва Хоханхайм техник университетлари, Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети, Техника университети, шунингдек, Инха ва Ханьян университетлари, Япониянинг Гифу коллежи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Ушбу нуфузли олийгоҳ 2015 йил декабрь ойида Ўзбекистон техника олийгоҳлари ўртасида биринчилардан бўлиб таълим бериш соҳасида халқаро сифат стандарти ISO 9001:2008 сертификатига сазовор бўлди.
Майна ҲАСАНОВА,
Маърифат ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” muxbirlari