Буюк шоирга эҳтиром
Бу йил шеърият мулкининг султони, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудига 572 йил тўлади. Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси Ахборот хизмати томонидан пойтахтимиздаги 249-мактабда ўтказилган “Аждодлар руҳини ёд этиб” деб номланган адабий-мусиқий кеча ана шу санага бағишланди.
Тадбирни Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси Ахборот хизмати методисти Дилором Юсупова очар экан, баркамол авлод тарбиясида алломалар ибрати борасида тўхталди. Зеро, Алишер Навоий яратган бебаҳо асарлар ҳозирги даврга келиб, ўқувчилар томонидан ғоят катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Мактаб ўқув машғулотларида Мир Алишер Навоий таваллуд айёмининг нишонланиши бунга яққол мисолдир.
Тадбирда мактаб Ахборот-ресурс маркази ходимлари, туман халқ таълими муассасалари фаолиятни методик таъминлаш ва тишкил этиш бўлимининг кутубхона иши методистлари, ҳар бир тумандан илғор, ижодкор мактаб кутубхоначилари иштирок этдилар.
Мазкур тадбирда Сергели туманидаги 300-, Миробод туманидаги 110- ва 249-мактаб ўқувчилари “Аждодларга муносиб авлод бўлайлик”, “Аждодлари улуғ юрт фарзандиман” мавзуларидаги чиқишлари билан буюк бобокалонимизга ҳамда у яратган асарларга бўлган ҳурмат ва эҳтиромини намоён этдилар. Алишер Навоийнинг одоб-аҳлоқ, билим инсон зийнати экани тўғрисидаги ғазал ва рубоийларидан ўқиб эшиттирдилар. Айниқса, ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, куй ва қўшиқлар, рақслар ижроси тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Бу каби тадбирлар ёшларни Ҳазрат Алишер Навоий каби буюк мутафаккирларнинг ижоди, ибратли ҳаёт йўли, улар қолдирган бой маданий ва маънавий меросига бўлган эътиборини юксалтиришга, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Шу боис февраль ойида пойтахтимиздаги барча умумтаълим мактабларида, Ахборот-ресурс марказларида бундай тадбирларнинг ўтказилиши айни муддаодир.
С.ҚАРШИБОЕВ,
Тошкент Аграр университети талабаси