Болангизнинг юзига урманг
Кўпчилик ота-оналар бола тарбиясида энг охирги усулдан биринчи галдаёқ фойдаланиб қўя қолади. Фарзанд шўхлик қилса ёки гапга кирмаса, урадилар.
Тўғри, қаттиққўллик керак. Лекин муомала, тушунтириш, тергаш, огоҳлантириш каби воситалар иш бермагандагина жисмоний жазога ўтиш мумкин. Ғазабга берилиш кўп ҳолларда тузатиб бўлмайдиган хатоларга олиб келади. Ноҳақ ёки ортиқча калтаклаш боланинг танасига эмас, қалбига шикаст етказади.
АҚШнинг Остин штати университети ва Техас штати университети тадқиқотчиларининг таъкидлашича, бола қанча кўп тарсаки еса, унда руҳий саломатлик борасидаги муаммолар шунча тез пайдо бўлади, тажовузкорлиги ортади. 50 йил мобайнида ўтказилган ушбу тадқиқотда 160 минг нафар бола ўрганилди.
Кўпинча ота-оналар озгина калтак фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлайди. Бироқ уни қай ҳолатда ва қачон қўллашни билмай, хатоларга йўл қўйишади. Бундай усулдан фойдаланишга болалигида ўзлари ҳам калтакланиб “тарбияланган” кишилар мойил бўлади. Натижада бу ҳолат такрорланаверади, авлоддан авлодга ўтаверади. Ҳар ким ўзи билмаган ҳолда қалбидаги оғриқлари, аламлари учун боласини жазолайди.
“Тадқиқотимиз катталарни ўз хатти-ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўришга мажбур қилади ва келгусида ота-оналар одоб-ахлоқ ўргатишнинг фақат ижобий усулларини қўллайди, деб умид қиламиз”, дея таъкидлашди олимлар.
Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.