Озон қатлами – она табиат соябони

Кўпгина инсонлар асосий вақтини иш жойида ўтказгани боис, хушбўй ҳаво тозалагичлардан фойдаланиб, хонасига салқинлик бағишлашга уринади. Аммо шундай спрейларнинг баъзилари хлорфторуглевод (ХФУ) молекулаларидан иборат бўлиб, улар озон қатламининг емирилишига

сабаб бўлар экан.

Маълумки, мазкур моллекулалардан совутгичлар, турли аэрозоллар, сочлар учун спрейлар, дезодорантлар ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Ҳавога тарқалган хлорфторуглевод молекулалари оғир бўлишига қарамасдан, улар вертикал эсувчи ҳаво оқими ёрдамида атмосферага етиб боради ва унда тенг тарқалади. Мазкур жараён учун 5 йилдан 7 йилгача вақт кетади ва у ерда 100 йилгача сақланиб туриши мумкин. Озон молекуласининг емирилиши кислород ва хлор оксиди ёки бром оксиди ажралиши орқали юзага келади. Хлор ёки бромнинг битта атоми стратосфера қатламидан трапосфера қатламига ўтгунга қадар, 100 000 та шундай реакцияларда иштирок этади. Натижада стратосферада озон қатламига жиддий зиён етади.

Қуёш радиациясини ерга етиб келишининг кучайиши натижасида денгиз ҳайвонлари ва ўсимликлари орасида ўлимнинг ортишига, қурилиш ашёларининг хизмат муддатининг қисқаришига, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги камайишига олиб келади. Инсон саломатлиги борасида тўхталадиган бўлсак, сўнгги йилларда аҳоли ўртасида кўз гавҳари катарактаси, кўз птеригийи, коньюктивит хасталиги кўп учрамоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотига қараганда жаҳонда 18-19 миллион одам катаракта сабабли кўриш қобилиятини йўқотган. Шунингдек, ультрабинафша нури сабабли инсонларнинг тери соҳасида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Кишиларда иммун тизимининг заифлашуви ҳам озоннинг емирилиш ҳодисаси билан боғлиқдир.

 

Озон қатлами – ер юзасини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи стратосферада (ер юзасидан 10-15 км. узоқликда) жойлашган ингичка газ қатлами бўлиб, у инсониятнинг қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Содда қилиб айтганда озон ернинг соябонидир.

 

Заифлашган озон қатламидан бизгача етиб келаётган ультрабинафша нурларининг зарари ҳақида гап кетганда кўпгина одамлар тери касалликлари ҳақида қайғуришади. Аммо, камдан-кам одамларгина бу нурнинг инсон кўзига бўлган зарари ҳақида ўйлашади.

Бизга маълумки, болаларнинг кўз қорачиғи катталарникига қараганда тиниқроқ ва йирикроқ бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, уларнинг ана шундай беғубор қорачиқлари ультрабинафша нурларидан зарарланади. Болалар катталарга нисбатан 3 маротаба кўпроқ вақтларини кўчада ўтказадилар. Шунинг учун ота-оналар қуёшли кунларда фарзандларини кўзойнак, бош кийимларда юришига алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Яна ўқинг:  Грипп касаллигини оёқда ўтказманг, унинг асоратлари ҳаёт учун хавфли

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, глобал миқёсда озон қатламини емирувчи моддалардан кундалик ҳаётимиз, саноат ва қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишнинг босқичма-босқич тўхтатилиши натижасида она заминимизнинг ҳимоя қатлами қайта тикланмоқда. Кузатишларга кўра, у асримизнинг ўрталарига келиб ўз меъёрига қайтади. Бугунги кунда 197 давлат Вена конвенцияси ҳамда Монреаль протоколининг аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон халқаро ҳужжатларни 1993 йили ратификация қилди ва босқичма-босқич тузатишларни қабул қилиб, тегишли талаб ҳамда қоидаларга риоя қилган ҳолда иш олиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон томонидан “Иқтисодий ўтиш давридаги мамлакатлар минтақасида ГХФУдан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг дастлабки бажарилиши” бўйича лойиҳа маъқулланди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “2013–2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури”га киритилди.

Эътиборли томони шундаки, ҳозирги пайтда табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ва мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий миқдори 1967,2 тоннадан 9,86 тоннагача, 1989 йилга нисбатан эса 99,95 фоизга қисқарди. Шу асосда совутиш ускуналари ва кондиционер ўрнатувчи мутахассислар, шунингдек, божхона ходимлари ва инспекторлар доимий тарзда ўқитиб борилмоқда. Озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида шундай моддалар бўлган маҳсулотларнинг импорт-экспорт ҳисоботи бўйича электрон маълумотлар базаси яратилди.

Инсон ҳаёти ва фаолияти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шундай экан бу хайрли ишга барчамиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

 

Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси Ахборот хизмати ҳамкорлигида Маърифат ТОЛИПОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: