Грипп касаллигини оёқда ўтказманг, унинг асоратлари ҳаёт учун хавфли

Грипп – энг тез тарқаладиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, дунёнинг деярли барча мамлакатларида учрайди. Бу хасталик учун мавсумийлик хос бўлиб, асосан куз ва қиш ойларида кузатилади. Касаллик кўрсаткичларининг мавсумий кўтарилиши йилнинг ноябрь-март ойларига тўғри келади.

Ушбу вируснинг А, В ва С турлари мавжуд. Касаллик манбаи фақат бемор одам ҳисобланади. Вирус атрофдаги соғлом одамларга асосан ҳаво-томчи йўли билан бемор аксирганда, йўталганда, гаплашганда тез юқади. Бу дарднинг биринчи белгилари пайдо бўлгунга қадар, бир неча соатдан 3 кунгача вақт ўтади ва у тўсатдан, ўткир бошланади.

 

Эмлашдан олдин барча эмланувчилар тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Тиббиёт ходими томонидан рухсат берилгандагина эмланиш керак.

 

Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил бўлади. Айниқса, заиф, яъни иммун тизими паст бўлган болалар, кекса ёшдаги кишилар, ҳомиладор аёллар ҳамда сурункали хасталиклар билан оғриганларда беморлик тез ривожланади ва оғир кечади.

Хасталик нафас йўлларининг яллиғланиши билан бошланиб, кейинчалик беморда тана ҳарорати 38-40 даражага кўтарилади. Унда бош ва томоқ оғриши, хастанинг бурни битиши ва ундан суюқлик ажралиши, йўтал, мушакларда оғриқ кузатилади. Дардманд одам ҳолсизланади, иштаҳаси бузилади, баъзи ҳолларда қусади. Касаллик беморларда енгил, ўрта ва оғир шаклларда кечади. Унинг энг хавфли асоратлари ўпка тўқималарининг яллиғланиши – пневмония (зотилжам), менингит (мия пардасининг яллиғланиши), менингоэнцефалит (мия пардаси ва унинг моддаси яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши, синусит (бурун ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши), нефрит, пиелонефрит (буйракнинг яллиғланиши) каби бўлади. Шунинг учун ҳам халқимиз томонидан “Грипнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари ёмон” деган фикр бежиз айтилмаган. Баъзида дарднинг енгил шакллари билан оғриган беморлар атрофдагилар учун кўпроқ хавф туғдиради. Чунки, бундай беморлар аксарият ҳолларда уйида даволанмасдан, касаллигига етарли даражада эътибор бермай, уни оёқда ўтказадилар.

 

Республикада гриппга қарши эмлаш 1970 йилларда бошланган бўлиб, унда грипга қарши вакцина фақат интроназал, яъни бурун орқали томизилган. Илмий изланишлар олиб борилиши натижасида ҳозирда вакциналарнинг янги турлари ишлаб чиқарилган.

 

Куз ва қиш мавсуми бошланишини эътиборга олган ҳолда юртдошларимизга грипга қарши эмланиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдик. Шунингдек, мавсумга хос кийиниш шарт. Ўз вақтида овқатланиш ва дам олиш ҳам организмда иммунитетни мустаҳкамлайди. Қолаверса, хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиб туриш ва уларни кунда нам латта билан тозалаш керак. Ишлаб чиқариш корхоналари, даволаш-профилактика ва ўқув муассасалари, ташкилот ва идоралар ҳамда турар жой биноларида иссиқлик режимига риоя қилиш даркор. Барча хоналарнинг иссиқлик ҳарорати 22 даражадан паст бўлмаслиги лозим.

Яна ўқинг:  Замонавий шифохона эл хизматида

Касалликни эрта аниқлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари, мактабларнинг кириш жойларида эрталабки фильтрни ташкил этиш керак. Грипп ва ўткир респиратор касалликларига хос бўлган белгилар аниқланган шахсларни жамоага қўймаслик шарт.

 

Эмлашга тиббий чекловлар бўлмаса, 6 ойдан бошлаб барча соғлом фуқароларни грипга эмлаш мумкин.

 

Бемор болаларни изоляторга жойлаштириш ҳамда уларнинг ота-онасига ва ҳудудий поликлиника шифокорига хабар бериш даркор.

Эрталабги фильтр ишини амалга оширадиган ҳамда грипп ва ўткир респиратор касалликларга гумон қилиниб, изоляторга ётқизилган беморларни парвариш қиладиган ходимларнинг махсус респиратор ёки дока ниқоблар билан таъминланиши назоратга олинади.

Ўқув-тарбия муассасаларида хоналарни танаффусда шамоллатиш режими ташкил қилиниши керак. Мактабгача таълим муассасаларида ҳар куни болаларни камида 2 марта тоза ҳавога сайрга олиб чиқиш зарур. Барча ўқув-тарбия муассасаларида санитария-тарғибот ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ. Уюшган жамоаларда, концерт заллари, кинотеатр, ўқув ва иш жойларини кунига 3-4 маротаба шамоллатиб туриш, хоналарда дезинфекция моддаларини қўлланган ҳолда намли латта билан тозалаш ишларини олиб бориш шарт.

 

Грипп вакцинаси 1 йил давомида касаликка қарши иммунитетни пайдо қилади ва шу давр ичида одамни ушбу хасталикдан асрайди.

 

Ўзингиз ва атрофдагилар соғлом бўлишини хоҳласангиз, грипп ва ўткир респиратор касалликларига гумон қилсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ) билан оғриган барча беморлар ҳарорат кўтарилганда, албатта, ётиши ва шифокорни уйига чақириши лозим. Касалликни оёқда ўтказмаслик, беморнинг тузалишида муҳим ҳисобланади. Шифокор маслаҳати ва тавсиялари асосида иш тутиш, агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш-товоқ, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиши шарт. Беморга қараётганлар бурун ва оғизларини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсишлари ва қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари даркор.

Хаста одамга кўпроқ қуруқ мевалар қайнатмаси, мева ва сабзавот шарбатларини ичириш ҳамда енгил ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бемор жамоат жойлари (ишхона, ўқиш, кинотеатр, концерт заллари, йиғилишлар, меҳмондорчилик)га бормаслиги лозим. Хаста инсон ўзбошимчалик билан даволаниш оғир асоратларга олиб келишини унутмаслиги зарур.

 

Эмлангандан сўнг ножўя ўзгаришлар кузатилса, дарҳол тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур.

 

Яна ўқинг:  Тезпишар таом ва ижтимоий тармоқлар орасидаги боғлиқлик нимада?

Касалликни олдини олишда танани чиниқтириш, бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, очиқ ҳавода сайр қилиш ҳамда ўз вақтида овқатланиш муҳим аҳамиятга эга. Совуқ кунларда иссиқ кийиниш, албатта кўчага бош кийимсиз чиқмаслик, оёқларни иссиқ бўлиши муҳимдир. Касаллик авж олган пайтда (декабрь, январь, февраль) ойларида нафақат эпидемик жиҳатдан аҳамиятга эга корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, балки барча фуқаролар учун оғиз-бурнига махсус ниқоб тақишни тавсия этамиз.

Хасталик қандай бўлишидан қатъий назар, у инсон саломатлиги ва унинг турмуш тарзига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда мавсумий касалликлардан ўзимизни эҳтиёт қилайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал.

 

Дилором ТУРСУНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемилогия назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: