ТОМАЁТГАН КЎНГИЛ РОЗЛАРИ

Яқинда истеъдодли шоира Ўктамхон Холдорованинг “Томаётган кўнгил” шеърий тўпламини ўқиб чиқдим. Ундаги гўзал шеърлардан шоиранинг қалб дунёси мени ўзига мафтун этди. Шоира мисраларида инсон қалби, унинг эврилишлари ғоятда самимий тараннум этилади. Ўктамхон рассом шоира. У ёзмайди чизади. Кўнгил ҳолатларидан ҳикмат топади. Тортган азобларидан теран хулосалар чиқаради. “Юрагимга ўхшаб қолган сўз” шеърида у шундай ёзади.

Учмоққа чоғланган сўз бор кўзингда

Мен битта-битталаб тутиб оламан.

Уларни юрагим тубига жойлаб,

Соқов сукунатга ўхшаб қоламан.

Ўктамойнинг кўплаб шеърларида инсон доимо ишонч, меҳр-муҳаббат ардоғида яшаши таъкидланади.

Шоира кўнгил одами бўлганидан ҳам шодланади, ҳам изтироблар чекади. “Бу дунёда ишим қолмади, кўнгил синиқларин теришдан бошқа” деган тўхтамга келади. Унинг илтижо оҳангида битилган шеърларида инсон қисматининг мураккабликлари акс этади.

Арпангни хом ўрдимми дунё,

Бошим узра тегирмон тоши.

Шафқат, нега боқмайсан қиё.

Сабрларим кетмоқда тошиб,

Гулни ҳидлаб балога қолдим.

Ўктамой – кўнгли чинакамига тўлиб кетганда қўлига қалам оладиган шоира. Аммо у изтироб оташидан қовжираган туйғуларини ортиқча ваҳималарсиз, босиқлик билан қоғозга туширади.

Унинг шеърларида Ватан туйғуси, дўстлик, соғинч каби мавзулар ҳам кенг ўрин эгаллайди.

Мисраларидаги фалсафий фикрлар уммони ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Унинг ҳар бир шеърида қалб қўри сезилиб туради. Баландпарвоз мисраларга асло ўрин йўқ.

Хулоса қилиб айтганда ҳозир шоира авжи ижод палласида. Тўпламдаги кўплаб шеърлар ўқувчилар томонидан яхши баҳоланди. “Томаётган кўнгил” шеърий тўплами шеърият шайдолари учун муносиб туҳфадир. Ундаги ранг-баранг мавзулардаги шеърлар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Бу шеърий тўпламнинг ҳам севиб мутолаа қилинишига шак-шубҳа йўқ.

Рустам МАННОПОВ,

тадқиқотчи

Яна ўқинг:  ФРАНЦИЯДА ФИЛЛАР УЧУН “ҚАРИЯЛАР УЙИ” ҚУРИЛАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: