Улуғ ва муҳташам даргоҳ

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган нақл бор. Бунинг замирида келажак ворисларини комил инсон даражасида тарбиялашдек улуғ ишга ўзини сафарбар қилган, қалби пок, бор билими ва тажрибасини шогирдларидан дариғ тутмайдиган, вазифаси масъулиятли, аммо шарафли бўлган ўқитувчининг заҳматли меҳнати ётибди.

Боғбон боғида униб-ўсаётган ниҳолларини кўрганида, кўзи қувнаб, дили яйрайди. Шу сингари биз устозлар ҳам туманимиздаги 58 та умумтаълим мактаби, 4 та мактабдан ташқари ва 22 та мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган 13 450 нафар ўғил-қизнинг юртимизда яратилган чексиз имконият ҳамда қулайликлардан оқилона фойдаланиб, ўз иқтидорларини намойиш қилаётганларидан чексиз қувонамиз.

Биргина 2015–2016 ўқув йилида тумандаги 36-умумтаълим мактабида еттита, 16-умумтаълим мактабида бешта, 10-умумтаълим мактабида учта фандан ўқувчиларимиз вилоятда ўтказилган Билимлар беллашувида фахрли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди. Иқтидорли ёшлардан Ўғилой Норбўтаева, Соҳиба Етмитова, Баҳриддин Раимқулов, Азим Ҳамидовлар Билимлар беллашувининг республика босқичида ҳам вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Эътиборлиси, илғор фан ўқитувчиларининг иш фаолиятини оммалаштириш мақсадида туманимиз ўқув даргоҳларида “Устоз-шогирд мактаби”, “Дарс муқаддасдир” каби тадбирлар жорий этилди. Шунингдек, чет тилларини босқичма-босқич ўқитиш бўйича ҳам қатор ютуқларни қўлга киритмоқдамиз.

Биноларнинг энг улуғи ҳам, муҳташами ҳам мактабдир. Шундай экан, нафақат уни қуриш, балки асраб-авайлаш савобли ишдир. Мустақиллик йилларида умуммиллий дастурга асосан туманимиздаги 10 та мактаб қайта бунёд этилди, 41 таси таъмирланди. “Болалар мусиқа ва санъат” мактаби янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Баркамол авлод” болалар маркази биносида капитал реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Бу эзгу ишларнинг бари фарзандларимизнинг таълим олиши, ўз иқтидорини намоён этиши учун қилинаётган экан, ёшларимиз ҳам бунга муносиб бўлиб, юрт ривожи йўлида ўқиб-изланиши, илм олиши даркор.

Дурбек НОСИРОВ,

Жиззах туман ХТМФМТТЭ бўлими мудири

Яна ўқинг:  Эл саломатлигига камарбаста бўлиш шифокорларнинг муқаддас бурчидир

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: