Болалари соғлом юртнинг эртаси нурли

Бу ҳаётда ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди. Бу эзгу мақсадни амалга ошириш истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Конституциямизда бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган бўлиб, Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради.

Бош Қомусимизнинг 65-моддасига биноан эса фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Миллий ҳуқуқий тизимимизда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Бу борада, айниқса, 2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оилавий муҳит ва жамиятга мослашуви, уй-жойи, ижтимоий ҳимояси ҳамда таълим олиши билан боғлиқ ҳуқуқлари кафолатланган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Мустақил Ўзбекистон ратификация қилган биринчи халқаро-ҳуқуқий шартнома – “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциядир. Ушбу халқаро ҳужжатни жаҳон болаларининг ўзига хос Конституцияси дейиш мумкин. Бундан ташқари Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномаларнинг аъзоси ҳисобланади.

2015 йил 1 январдан “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ривожида янги босқични бошлаб берди. Чунки, бу қонун нормалари асосида ушбу институтларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишлари ва ажратиладиган маблағлар ҳажми янада ортди. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мана бир неча йилдирки, ижтимоий аҳамиятга молик тиббий, инсонпарварлик, маданий-маърифий, ўқув-соғломлаштириш соҳаларида турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан, жисмоний имконияти чекланган болаларга эътибор, ғамхўрлик, уларнинг оилаларига ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа турдаги кўмак кўрсатиш янада кучайтирилди. Ўтган йиллар давомида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун замонавий тиббиёт марказлари, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Яна ўқинг:  БАХТЛИ БОЛАЛИК МАСКАНИ

Ўз навбатида, 2016 йилга мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилгани ва шу асосда Давлат дастури қабул қилингани бу борада кейинги йилларда устувор йўналишга айланган амалий ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида намоён бўлди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз таянчимиз ва суянчимиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлмиш болаларимизга, фарзандларимизга ишонч билан, ҳурмат-эътибор билан қарашни келажагимизга бўлган ишонч, миллатимизга, халқимизга бўлган ҳурмат-эътибор ифодаси”, деб биламиз.

Бутун дунёда болаларни ҳимоя қилиш, бола ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат-эътиборидаги глобал муаммолардан бирига айланган ҳозирги мураккаб бир даврда Ўзбекистонда бу борада қўлга киритилаётган ютуқлар, албатта, аҳамиятлидир. Чунки, дунёнинг кўпгина мамлакатларида болалар ўз ҳуқуқларидан маҳрум этилган, яъни уларнинг соғ-саломат яшаб, тўлақонли ривожланиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун зарур имкониятлар яратилмаган.

Ҳатто баъзи индустриал ривожланган мамлакатларда ҳам ёш болалар ҳар куни кўчаларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, зўравонликлар гирдобига тушиш хавфига дуч келмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйича 110 миллион нафар бола умуман мактабга жалб этилмаган ва таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолмоқда.

Бизнинг мамлакатимизда эса, таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Жаҳон банкининг қайд этишича, юртимиздаги саводхонлик даражаси дунё миқёсида энг юқори кўрсаткичлардан бўлиб, 99,7 фоизга тенг. Шунинг ўзиёқ, Ўзбекистонда баркамол авлод таълим-тарбиясига нечоғлик устувор аҳамият қаратилаётганини яққол тасдиқлайди.

Шундай қилиб, диёримизда, бир томондан, она ва бола ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган бўлса, иккинчи томондан, давлат ва жамиятнинг эътибори бу борадаги эзгу ишларни аниқ мақсадли асосларда ҳаётимизга теран татбиқ этишга қаратилгандир.

Эътиборли жиҳати шундаки, истиқлол йилларида юртимизда ўзига хос миллий таълим модели шакллантирилиб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди.

Бу ўринда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Мактаб таълимини ривожлантириш” Давлат Умуммиллий дастури билан бир қаторда, “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Истиқлолимизнинг чорак асрлик тўйини нишонлаётган бўлсак-да, шу қисқа вақт ичида юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида кўлами ва миқёси жиҳатидан асрларга татигулик натижалар қўлга киритилди.

Яна ўқинг:  ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЮРТ ФАРОВОНЛИГИ

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли эзгу ишлар 2016 йил – Соғлом она ва бола йилида, нафақат изчил давом этмоқда, балки янги, янада юксак босқичга кўтарилмоқда. Зотан, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Дилафрўз ЗАЙНИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: