Тинчлик ва осойишталик – барча ҳуқуқларимиз асоси

Ўз эркига, аниқ мақсадига эга давлатда инсон ҳуқуқлари кафолати, қонун устуворлиги асосий ўринда туради. Аксинча, тинчлик ва осойишталик бўлмаган худудда фуқароларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари топталади, шахс эрки, қадр-қиммати ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.

Қонун устувор бўлган мамлакатда эркинлик ҳам бўлади. Минг шукурки, Ватанимиз осмони мусаффо, сарҳадларимиз тинч, ҳар тонг хотиржам уйғонамиз. Оиламиз, ёру биродарларимиз танужони соғлигидан кўнглимиз тўқ. Албатта, бизга қўшни айрим давлатларда ҳарбий-сиёсий можаролар давом этаётган бир шароитда давлатимиз осойишталигини таъминлашнинг ўзи бўлгани йўқ. Ўзбекистон мустақил суверен давлат мақомига эга бўлгач, демократик қадриятларни, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, эркин бозор иқтисодиётини барпо этишни ўзи учун энг устувор вазифа сифатида танлади.

1992 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида улкан сиёсий воқеа, демократик жамият барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Ўзининг Асосий қонунида давлат тузуми принципларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамиятни ривожлантиришнинг иқтисодий негизлари ва стратегик йўналишларини мустаҳкамлаб қўймаган давлат чинакам мустақил бўла олмайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, конституция давлатимизнинг қонунчилик-ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори тинчлик ва осойишталикни таъминлайдиган тамал тоши бўлди.

Ҳар бир инсон, аслида фаровон ва эмин-эркин яшаши учун туғилади. Аммо, бунга эришиш ҳаммага ва ҳамма вақт ҳам насиб этавермайди. Шундай экан, тинчлик ва осойишталик деб аталмиш бебаҳо неъматни асраш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи ҳисобланади. Бунинг учун уйғоқ қалб, зукко ақл билан меҳнат қилишимиз, фарзандларимизга тўғри тарбия бермоғимиз зарур. Зеро, тинчликнинг барқарор бўлиши эртамиз эгалари бўлмиш ёшларнинг мақсад, орзу-ниятларига чамбарчас боғлиқ.

Одил МУСАЕВ,

Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси

Яна ўқинг:  Гўдак иммунитетини кўтарай десангиз...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: