7 кун давомида
Тошкентда қиймати 55 миллиард сўмни ташкил этувчи янги диагностика корпуси бунёд этилади. Мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитацияси марказининг 200 ўринли даволаш-диагностика корпуси ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш ва жиҳозлаш режалаштирилган. Қурилиш ишлари SYNECТА а. s. (Словакия) компанияси томонидан бериладиган беғараз ёрдам маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” АК яқинда Тошкент ва Бухоро ўртасида тезкор поездлар қатновини йўлга қўяди. Бунинг натижасида йўлга кетадиган аввалги 7-8 соатлик вақт 3,5 соатгача қисқаради.
Тошкент шаҳрида янги “Анҳор-Локомотив” кўнгилочар маскани иш бошлади. Истироҳат боғидаги республикада энг катта ҳисобланган картодром (майдони 12 000 кв. м.), фильмлар намойиш этиладиган, концертлар ўтказиладиган ёзги майдон, ретро-машина шаклидаги электр қайиқли сунъий сув ҳавзаси, 4 та кинозал, 320 ўринли ресторан, янги кафе, автотураргоҳ юртдошларимизга хизмат кўрсатади.
Ўзбекистонда “Nexia II” автомобилларининг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди. Эндиликда юртимиз автосалонларида учинчи авлод “Nexia” сотила бошланди.
Янги “Т250” модели “General Motors”нинг Шанхай бўлинмасидаги конструкторлик бюросида лойиҳаланган ва Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкада – ҳаммаси бўлиб 12 та давлатга экспорт қилинади.
“Sog‘lom avlod” мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди