Ўзбекистон табиати дунё сайёҳларини ўзига ром этмоқда

Иқтисодиётнинг ривожи ва мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ўсишида туризмнинг ўрни беқиёс. Сир эмаски, жаҳоннинг кўпгина давлатлари бюджетининг каттагина қисми халқаро туризм орқали келган даромад улуши ҳисобига шаклланади.

Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳани ривожлантириш ва шу йўл билан юртимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича катта имкониятлар мавжуд.

Қувонарлиси, серқуёш ўлкамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг аксарият қисми юртимизнинг бой маданий-тарихий ёдгорликлари билан танишишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Ҳозирда республикамиз ҳудудида 7 мингдан ортиқ архитектура, тарихий ва табиий ёдгорликлар, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби шаҳарлар, гўзал табиий ландшафтлар, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мавжуд. Буларнинг барчаси сайёҳларнинг юртимизга бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Дунё давлатлари тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирда туристларда муайян бир мавзуга асосланган йўналишлар бўйича саёҳат қилиш истаги мавжуд. Улар бирор минтақа ёки мамлакатни тўлалигича эмас, балки ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишишни истайди.

Она табиатга зиён етказмаган ҳолда унинг гўзал ва бетакрор масканларидан завқ олишга қаратилган экотуризм соҳаси кейинги йилларда сайёҳликнинг тараққий топиб бораётган йўналиши саналади. Бу борада эса мамлакатимизда имкониятлар бисёр.

Хусусан, Жиззах вилоятида юртимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари ва наботот, ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишишлари учун барча қулайликлар яратилган. Айниқса, “Зомин” ўрмон зонаси, Бахмал ва Фориш тоғлари, Қизилқум чўллари, Айдар-Арнасой кўллари тизими экотуризмга қизиқувчи сайёҳлар орасида анчайин машҳур.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2010 йилда ҳудудда 800 миллион сўмлик сайёҳлик хизматлари кўрсатилган бўлса, ўтган беш йилда мазкур кўрсаткич 15 баробарга ўсди. Ҳудудга ташриф буюрувчилар, 2013 йилда 204 нафардан 2015 йилда 3500 нафарга етди. Ушбу кўрсаткичларга қараб, воҳада туризм соҳасининг йилдан-йилга ўсиб бораётганини кузатиш мумкин.

Юртимиз тарихий қадамжоларнинг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи 10та мамлакат қаторидан ўрин эгаллаган. Шу жумладан, Жиззах вилояти ҳам ўзининг 372 та маданий мерос объектлари, шундан 42 та тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, 267 та археологик манзилгоҳлар, 63 та монументал ёдгорликлар (ҳайкаллар, бюстлар)и билан алоҳида ажралиб туради. Шундан қарийб 270 таси экологик объект ҳисобланади. “Зомин” давлат миллий боғи, “Зомин” давлат тоғ-ўрмон қўриқхонаси, “Нурота” давлат табиат буюртмахонаси, Туркистон, Нурота, Моргузар тоғ тизмалари ён бағридаги ҳамда Қўйтошдаги ўрмонлар, ландшафтлар, тош ҳайкаллар, қоя тошлардаги қадимий расмлар, Сангзор, Зоминсув дарёлари, Айдар-Арнасой кўллари тизими шулар жумласига киради.

Яна ўқинг:  Андижондаги поликлиникаларга махсус жиҳозланган автомобиллар топширилди

– Туризм соҳаси яхлит бир тизим сифатида барқарор ривожланиб бормоқда. Буни соҳа равнақи йўлида ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қатор қарор ва қонунлар мисолида кўриш мумкин, – дейди “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Жиззах вилояти бўйича ваколатли вакили Лола Санаева.

Чет элдан ташриф буюрувчилар туб аҳоли вакилларининг хонадонларида меҳмон бўлишни хуш кўришади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса ўзбек халқи урф-одатлари, яшаш тарзи билан яқиндан танишиш ва албатта, жаҳонга машҳур миллий таомларимиздан баҳраманд бўлишдир. Қонун ҳужжатларига кўра фуқаролар ўз уйларида сайёҳларни қабул қилиш учун хонадонини нотураржой сифатида расмийлаштириши шарт эмас. Лицензияни олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ҳам бир ойга қисқартирилди. Олдинлари туризм йўналишида бизнесни йўлга кўйиш учун линцензия олиш ёки тегишли рўйхатдан ўтишда низом жамғармаси энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида шакллантирилиши талаб этилган бўлса, эндиликда бу миқдор энг кам иш ҳақининг 10 баробарига тенглаштирилди. Натижада узоқ тоғли ҳудудда жойлашган қишлоқлар аҳолиси муқим иш ўрнига, даромад манбаига эга бўлмоқда.

Яқин кунлар ичида Фориш туманида Ўлкашунослик музейи ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоқларида экотуруризм йўналишида 2,2 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган 150 ўринли бешта маскан бунёд этилмоқда. Балиқ овлаш, сув ҳавзаларига саёҳат, орнитологик туризм каби йўналишлар бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Замонавий кемпинглар ва миллий ўтовларда мазмунли ҳордиқ чиқариш, туя ва отда сайр қилиш, қимрон тайёрлаш жараёнига гувоҳ бўлиш ва унинг ажабтовур мазасини тотиб кўриш сайёҳларда унитилмас таассурот қолдириши табиий. Бундан ташқари вилоятда 2016–2019 йилларда умумий қиймати 15,4 миллиард сўмлик 32 та туризм иншооти фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу орқали эса 205 та янги иш ўрни яратилади. Жорий йил якунида соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 1,3 фоизга, 2019 йилга бориб 5 фоизга етиши кўзда тутилган. Шубҳа йўқки, яқин йилларда Жиззах вилояти ўзининг кўркам табиати билан сайёҳлар дам олишга мўлжалланган бетакрор марказ сифатида эътироф этилади.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: