Таътилда қизғин меҳнат завқи

Қорақалпоғистон Республикасидаги қурилиш объектлари, корхона ва ташкилотларда ёзги таътилга чиққан олий ўқув юртлари талабалари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларидан иборат “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан анъанавий равишда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни вақтинчалик иш билан таъминлаш ва қўшимча даромад олиши учун имконият яратишга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам меҳнат гуруҳи ташкил этилиб, ташаббускор ва шижоатли талабалар ёзги таътил кунларини қизғин меҳнат билан ўтказмоқда.

Университетнинг кимё, тарих-ҳуқуқ, техника, жисмоний маданият, табиатшунослик, физика-математика факультетларида таҳсил олаётган ана шундай ёшлардан 40 нафари қурилиш ишларида иштирок этаётир.

Бунёдкор талабаларнинг бир гуруҳи университетнинг ахборот-ресурс марказида амалга оширилаётган таъмирлаш ишларида қатнашмоқда. Бу ерда “Жайҳун универсал” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллиард 612 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Президентимиз раҳнамолигида яратилган имтиёздан фойдаланиб, университетнинг физика-математика факультетига ўқишга кирган эдим, – дейди учинчи курс талабаси Сакен Сердалиев. – Бир йигитга қирқ ҳунар оз деганларидек, бу ерда сувоқчилик, кафель териш, бўёқчи-пардозчи каби касбларни ҳам ўргандим.

Бунёдкор талабалар ишчи кийими ва иссиқ овқат билан таъминланган. Қурувчи ёшларнинг ишдан бўш вақтини кўнгилли ўтказишини таъминлаш мақсадида турли маданий тадбирлар, учрашув ва концерт дастурлари ташкил этилмоқда.

Аминбой ОРТИҚБОЕВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Фарзандингиз сиздан ўрнак олади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: