Равон йўллар – саодатли манзилларга элтади

Оқшом шукуҳига чўмган Тошкентни кузатганмисиз? Кундузгидан қолишмайдиган файзли кўчалар, кишилар табассуми ва қувончига гувоҳ хиёбону боғлар, рангоранг чироқлар билан бурканган шаҳар киши қалбига ажиб ҳисларни жо этади.

Ана шундай пайтда Урал ака Байсеитов яхши кайфият ила Тошкент метрополитенида иш бошлайди. Бу кишининг зиммасида масъулиятли, шу билан бирга жиддий вазифа бор. Тажрибали, кўпни кўрган, умрининг қарийб 35 йилдан ортиғини шу соҳага бахшида этган қаҳрамонимиз ҳар гал иш жойига кириб келаркан Яратгандан касби корига барака ва хотиржамлик сўраб, остона ҳатлайди.

Урал Байсеитовни иш жойида Ҳожиакбар ака қарши олади. Бош муҳандисга темир йўлларнинг ҳозирги ҳолати, техник жиҳозларнинг созлиги ҳақида маълумот беради. Урал ака ҳамкасбининг сўзларини диққат билан тинглаб, иш либосини кияди-да, дарҳол кунбўйи вагонлар қатнаб, бироз тин олган темир йўлларни текширувдан ўтказиш учун ер ости йўлакларига йўл олади…

…Пойтахтимиз фахри ва кўрки бўлмиш Тошкент метрополитенини қуриш ишлари 1972 йил 25 июлда бошланганди. 1977 йил ноябрь ойларида узунлиги 12 км бўлган 9 бекатли Тошкент метрополитенининг биринчи йўли ишга туширилиши, пойтахт аҳолисини чексиз қувонтирди. Орадан кўп ўтмай 3 бекатли, 4 км узунликдаги Чилонзор йўлининг иккинчи қисми – Амир Темур хиёбони бекатидан “Буюк ипак йўли” бекати иш бошлади. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Урал ака Байсеитов метрополитенга йўл устасининг ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинди. Ёш мутахассис қурилиш ишларида ўз меҳнатини аямади, малакали ҳамкасблари билан бирга меҳнат қилиб, тажриба орттирди. Навбатдаги Алишер Навоий бекатидан “Чорсу” бекатигача бўлган учинчи йўл ишга туширилишида бевосита Урал аканинг салмоқли ҳиссаси бўлди.

Метрополитеннинг ўзига хос катта ва мураккаб хўжалиги бор. Унда электртаъминот, электромеханика, бекатларнинг эстетик кўринишини, иншоотларнинг, туннель қурилмаларининг созлигини таъминлаш хизмати, туннель иншоотлари, сигналлаштириш ва алоқа, ҳаракат хизмати, барча йўлларда поездлар ҳаракатини таъминлаш, ҳаракат таркибини соз ҳолатда сақлаш ва йўловчиларни манзилларига жадвал асосида тез ва хавфсиз етказишни таъминловчи “Чилонзор” ва “Ўзбекистон” электрдеполари ҳамда ҳаракат таркибини таъмирлаш депоси, шунингдек, айнан қаҳрамонимиз бошчилик қиладиган йўл хизмати мавжуд.

Йўл хизмати бўлимининг текшируви асосан, тун ярмида, поездлар қатнови тўхтаганидан кейин бошланади. Ушбу бўлим Тошкент метрополитенининг биринчи йўли қурилишида ташкил этилган бўлиб, унинг ишчи гуруҳлари тун ярмидан то электр поездларнинг ишга тушгунига қадар 80 кмдан зиёд темир йўлларнинг, 150дан зиёд йўлдан йўлга ўтказувчи кўрсаткичлар, поездлар электр қувват олувчи 80 км. дан зиёд контакт рельслар ва рельсости шпалаларнинг созлигини таъмирлашади. Кун давомида бир йўналишдан 400 марта поезд қатнайди. Табиийки, темир йўлларнинг текширувини ортга сурмай, таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бунда эса бўлим ходимларининг хизмати яққол намоён бўлади.

Яна ўқинг:  Ижро интизомига қатъий риоя қилиш – тараққиётнинг муҳим омили

Тажрибали муҳандис темир йўлларни назорат қилиш борасида сўзлар экан иш фаолиятидаги бир воқеани сўзлай кетди:

– Ана шундай текширувлар чоғида “Новза” бекати оралиғидаги темир йўлларда нуқсон аниқланган, – дейди қаҳрамонимиз. – Метрополитен ўз иш фаолиятини бошлашига тахминан бир соат вақт қолганди. Шошилиш зарур. Узунлиги бир неча метрлик рельсларни қийинчилик билан алмаштиришга тўғри келганди ўшанда. Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қатор фармойиш ва қарорлари асосида технологик жиҳозларни янгилаш, темир йўл рельсларини алмаштириш, эскалаторларни янгилаш ҳамда Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент вагонларни қуриш ва таъмирлаш” заводида метрополитеннинг вагонларини модернизациялаш ва унинг тасарруф даврини 15 йилга узайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида метрополитен таркибидаги бўлимлар сингари Йўл хизмати бўлимининг иш фаолиятида бир қатор янгиланишлар ва қулайликлар яратилди. Хориждан келтирилган замонавий дастгоҳлар иш суъратининг ошишига замин бўлмоқда.

 

Ҳозирги кунда Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 39 км бўлиб, 29 та бекат, 2 та электродепо ва ҳаракат таркибини таъмирлаш ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш депоси фаолият кўрсатмоқда.

 

Метрополитеннинг учинчи йўналиши “Юнусобод йўли” қуриб битказилишида ҳам шу соҳада фаолият юритиб келаётган Урал ака Байсеитов каби кўплаб фидойиларнинг меҳнати сингган. Изланувчанлиги, масъулиятлилиги, ўз касбига нисбатан фидойилиги туфайли Урал ака Бейсеитов метрополитеннинг “Юнусобод йўли” қурилишида фаол иштирок этди ҳамда хизматлари ва қурилишда кўрсатган жонбозлиги учун 2001 йилда “Дўстлик” ордени, Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспорти “Фахрий ходими” унвони билан мукофотланди.

Урал ака кўп йилдан буён шу ерда меҳнат қилса-да, ҳар сафар ёруғ ва кенг бекатларни кўрганида кўнгли энтикиб, руҳиятини кўтаринкилик эгаллайди. Умрини наинки юртимизнинг, балки Марказий Осиёнинг фахри бўлмиш Тошкент метрополитенига бахшида этганидан кўнгли фахр-ифтихорга тўлади.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: